Мақолалар

ДУШАНБА КУНИ...

Кўпчилик душанба кунини оғир кун сифатида эътироф этади. Ҳақиқатдан ҳам шундайми? Йўқ. Ҳолбуки, ушбу кунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлари билан боғлиқ бўлган буюк воқеалар бор. Жумладан, Саййидимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) душанба куни таваллуд топганлар. Сарвари коинотга ваҳий тушиши, яъни нубувватнинг боғланиши ҳам душанба кунига тўғри келади.

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) душанба ва пайшанба кунлари рўза тутишга эҳтимом берардилар» (Имом Термизий ривояти).

Абу Қатода (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) душанба куни рўзаси ҳақида сўралганларида: «Бу мен туғилган кун, мен пайғамбар қилиб юборилган ва менга Қуръон нозил қилинган кун», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Амаллар ҳар душанба, пайшанба кунлари (Аллоҳга) кўрсатилади. Менинг амалим рўзадор бўлган ҳолимда кўрсатилишини истайман» (Имом Термизий ривояти).

Шунингдек, Расулимиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг  Маккадан Мадинага хижратлари ҳам айни шу кунда бўлган. Бу каби яхши воқеалар душанба кунида содир бўлсаю, биз бу улуғ кунни “оғир кун” дейишимиз хатодир. Дарҳақиқат, шундай экан, бу кунни ҳам ҳурматлаш ва хайрли амалларни айнан душанба кунидан бошлаш мақсадга мувофиқдир.

 

Ҳ. ХОЛБОЕВ,

Бекобод тумани

“Улуғбек”жоме масжиди имом-хатиби

Read 8273 times

Мақолалар

Top