Мақолалар

АЛИШЕР НАВОИЙ

 Алишер Навоий (1441-1501) – буюк шоир ва мутафаккир, давлат арбоби. Тўлиқ исми Низомиддин Мир Алишер. 

Алишер Навоийнинг ота томондан бобоси Амир Темурнинг Умар Шайх исмли ўғли билан кўкалдош (эмикдош) бўлиб, кейинчалик Умар Шайх ва Шоҳрухнинг хизматида бўлган. Отаси Ғиёсиддин Баҳодир эса Абулқосим Бобурнинг яқинларидан, мамлакатни идора этишда иштирок этган. Онаси Кобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизи.

Алишер болалик чоғлари кўп китоб ўқиди. Эски мактаб, мадрасада Қуръон суралари ёд олинар, қироат усуллари ўргатилар зди. Демак, Алишер болалик чоғлариданоқ Қуръони каримни ёд олди. Унинг қувваи ҳофизаси жуда кучли эди. Шоир болалигида Қуръондан ташқари Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут тайр» достонини ҳам ёд олган. Навоий йигитлик чоғлари 50 минг байт ғазални ёд билган.

Алишер Навоий 10—12 ёшларидан шеър ёза бошлаган. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, ёш Алишер Навоийнинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий, унинг:

 

Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш,

Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш

 

матлаъли ғазалини тинглаб: «Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим…» деган. 

Алишер Навоий 15 ёшида шоир сифатида кенг танилган. Шеърларини туркий (Навоий тахаллуси билан) ва форсий (Фоний тахаллуси билан) тилларида ёзган.

Навоий ёшлигидан Хуросоннинг бўлажак ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро (1469-1506) билан дўст бўлган. Ҳаёти давомида Навоий мусулмон Шарқининг турли мамлакатларида бўлади, ўз даврининг таниқли шахслари билан кўришади. Ўзининг шеърий маҳоратини оширади. 1464-1465 йиллар Навоий ижодининг шинавандалари унинг илк шеърий тўпламини (девонлари) тайёрлашади. 

1469 йил дўсти темурий Ҳусайн Бойқаро Ҳиротни эгаллайди ва Хуросон ҳукмдори бўлади. Шу вақтдан эътиборан, Навоий ҳаётининг янги босқичи бошланади. У мамлакатнинг сиёсий ҳаётида фаол иштирок этади. Шу йили Хуросон ҳукмдори Навоийни давлат муҳрдори этиб тайинлайди, 1472 йил вазир бўлади. Эгаллаган мансаби орқали у мамлакатнинг маданий ва илмий тараққиётида катта ёрдам кўрсатади. Катта мулк эгасига айланади.

Хондамирнинг қайд қилишича, 1480-йиллар давомида Алишер Навоий ўз маблағлари ҳисобидан Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида бир неча мадраса, 40 та работ, 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 га яқин ҳовуз қурган ёки таъмирлаттирган. Улар орасида Ҳиротдаги «Ихлосия», «Низомия» мадрасалари, «Халосия» хонақоҳи, «Шифоия» тибгоҳи, Қуръон тиловат қилувчиларга мўлжалланган «Дорул-ҳуффоз» биноси, Марвдаги «Хусравия» мадрасаси, Машҳаддаги «Дорул-ҳуффоз» хайрия биноси ва бошқа ноёб меъморлик ёдгорликлари бор.

Сарой амалдорларига Навоийнинг бу каби фаолияти ёқмайди ва турли фитналар орқали Ҳусайн Бойқаро билан муносабатларини бузишади. Шундай қилиб, Навоий эгаллаб турган мансабидан озод этилиб, 1487 йил Астробод шаҳрига ҳукмдор сифатида юборилади. Бу ерда у икки йил хизмат қилади. Мазкур муддат ниҳоясига етгачгина, Ҳусайн Бойқаро унга Ҳиротга қайтиб, ҳокимиятда мансабга эга бўлишига руҳсат беради. Лекин Навоий бу таклифни рад этади. Рад жавобига қарамай, Бойқаро султоннинг яқин кишиси лавозимини (“мукарраби хазрати султани”) таклиф этади. Бундай лавозимда Навоий барча давлат ишлари билан боғлиқ ишларда қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эди.

Шу вақтдан Навоий ҳаётининг янги босқичи бошланади ва у кўпроқ ижод билан шуғулланади. У яратган асарларининг катта қисми айнан шу даврга тегишли. Навоий темурийларнинг сўнгги ҳукмронлик йилларида (1370-1506) яшаб ижод қилган. Шунинг учун унинг асарларида жамоат руҳи, даврга хос муҳим муаммолар устундир. 1490-1501 йиллар Навоий энг нафис, ижтимоий-фалсафий ва илмий асарларини яратган.

Алишер Навоийнинг ижоди улкан. Олти достонининг ҳажми 60 000 га яқин мисрани ташкил этади. 1483-1485 йиллар Навоий ўз ичига беш достонни олган “Ҳамса” асарини яратган: “Ҳайрат ул-Аброр” (“Яхши кишилариинг ҳайратланиши”), “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр” (“Етти сайёра”), “Садди Искандарий” (“Искандар девори”).

 

Навоийнинг “Ҳамса”си мазкур жанрда яратилган туркий тилдаги биринчи асар ҳисобланади. У – туркий тилида ҳам бу каби йирик кўламдаги асар яратилиши мумкинлигини исботлаб берди.

Алишер Навоийнинг ўзбек тилида яратган шеърий мероси асосан «Хазойин ул-маоний» девонига жамланган. Асар 4 қисмдан иборат. Девоннинг биринчи қисмига «Ғаройиб ус-сиғар» («Болалик ғаройиботлари»), иккинчи қисмига «Наводир уш-шабоб» («Йигитлик нодиротлари»), учинчи қисмига «Бадоеъ ул-васат» («Ўрта ёш бадиалари») ва ниҳоят, тўртинчи қисмига «Фавойид ул-кибар» («Кексалик фойдалари») деган номлар берилди. «Хазойин ул-маоний» инсон боласининг мураккаб ва юксак тафаккури ҳамда беҳисоб ҳис-туйғулари билан боғлиқ мингларча шеър ва ўнларча шеър турларини ўз ичига олган мажмуа бўлиб, Шарқ адабиёти тарихида ноёб ҳодисадир.

Навоий форсий тилида ёзилган ўз шеърларини “Девони Фоний” номи остида жамлаган. Шунингдек, Навоий форс тилидаги қасидаларини жамлаб, “Ситтаи зарурия” (“Олти зарурият”) ва “Фусули арбаа” (“Йилнинг тўрт фасли”) номли икки тўплам яратади.

 

Давлатшоҳ Самарқандий Алишер Навоийни “Мир Низомиддин”, яъни “диннинг низоми – қонуни” деб бежиз улуғламаган. Ҳазрат Навоийнинг деярли барча асарларида, хусусан, “Хамса” достонларининг муқаддималарида Аллоҳга ҳамд, Пайғамбарга наът, муножот ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мадҳининг мавжудлигиёқ бу фикрни тасдиқлайди. “Арбаъин” (“Қирқ ҳадис”) – ҳадисларнинг шеърий таржимаси бўлиб, анъанавий ҳамд ва наът билан бошланади. Асар муқаддимаси – “Сабаби таълифи манзума”да Навоий устози Абдураҳмон Жомий саҳиҳ ҳадислардан 40 тасини танлаб олиб, форсий тилда “Арбаъин” яратганини, лекин туркий китобхон бу чашмадан бебаҳра эканлигини айтиб, Жомийнинг рухсати билан шу 40 ҳадисни туркий тилга таржима қилганлигини ёзади.

Алишер Навоийнинг “Назму-л-жавоҳир” асари насрий усулда ёзилган муқаддима ва Ҳазрати Алининг икки юз эллик беш рақам остида тартибланган араб тилидаги ўгитларининг туркий тилда рубоий шаклида берилган талқинидан иборат.

“Муножот” – Оллоҳга илтижо тарзида яратилган насрий асар бўлиб, “Ҳамд”, “Наът” ва “Муножот” деб аталган уч қисмни ўз ичига олади. “Ҳамд”да Аллоҳнинг буюклиги, абадийлиги ҳақида сўз борса, “Наът”да Пайғамбаримиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам таърифлари кетирилади. Асарнинг “Муножот” қисми бевосита шоирнинг Аллоҳдан нажот сўраб қилган илтижоларига бағишланган. 

Алишер Навоийнинг “Насойиму-л-муҳаббат” (тўлиқ номи “Насойиму-л-муҳаббат мин шамойилу-л-футувват” – “Мардлик хушбўйликларини таратувчи муҳаббат шабадалари”) асари 1495-96 йилларда яратилган бўлиб, Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс мин ҳазароту-л-қудс” (“Дўстлик таровати”) асарининг ижодий таржимасидир. Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс” асарида 616 та шайх ҳақида маълумот келтирилган. Ҳазрат Навоий бу маълумотларни қайта ишлаб, тўлдириб, шайхлар сонини 770 тага етказади, улардан 35 тасини авлиё аёллар ташкил этади.

Бундан ташқари, у тарихий мавзуларда рисолалар яратган: “Тарихи мулуки Аъжам” (“Эрон шоҳлари тарихи”), “Тарихи анбия ва ҳукама” (“Пайғамбарлар ва донолар тарихи”). Бадиий мактубларини “Муншаат” тўпламига жамлаган. Алишер Навоийнинг сўнгги асари “Маҳбуб ул-қулуб” (1500). Унда шоирнинг сўнгги ижтимоий ва сиёсий қарашлари ёритилган.

 

Алишер Навоий бутун ҳаёти давомида адабий асарларни сиёсат билан бирлаштирган. Юқори мансабга эга шахс бўла туриб, у мамлакат ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий такомиллашишига катта ҳисса қўшган; илм, фан, санъат ривожига ҳомийлик қилган; тинчлик ва тотувлик ҳукмрон суришига доим ҳаракат қилган.

Манба: Fitrat.uz

 

Read 9913 times

Мақолалар

Top