Мақолалар

“Аллоҳ таоло ҳар юз йилнинг бошида бир мужаддид  юборади”

Дунё мусулмонлари соф эътиқодини сақлаб қолиш учун умри ва илмини сарф қилган буюк ватандошимиз Имом Мотуридий ҳақида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам башорат берган десак муболаға бўлмайди. Набий алайҳиссаллом марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло ҳар юз йилнинг бошида сизларнинг динингизни янгилаб берадиган бир мужаддид (динни янгиловчи) юборади”. Ҳадисда келтирилган “Янгилаш”дан мурод дин аҳкомлари ва асосларини ўзгартириш дегани эмас, балки унга сизиб кирган турли бидъат-хурофотлар, нотўғри таъвил ва ботил тўқималардан тозалаш назарда тутилган.

Тарихчилар: “Ўтмишдаги ислом уламоларининг қай бири мана шу ҳадисга мувофиқ келади?” деган саволга жавоб излашади. Унга кўра, уламолар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этган биринчи юз йил бошида туғилган Умар ибн Абдулазиз ушбу ҳадисга мувофиқ келади деб ижмо қилганлар.  

Умар ибн Абдулазиз ҳижрий 62 – 101 (мил. 680 - 719) йиллар оралиғида яшаб ўтган. Умар ибн Абдулазиз ўз замонасининг энг илмли кишиларидан бири бўлиб, ҳижрий 99 ва 101 йиллари оралиғида бутун ислом оламига подшоҳ бўлди. Ана шу қисқа икки йиллик ҳукмронлиги даврида ундан олдин Бани Умайя ҳукмдорлари жорий қилган турли бидъат ва хурофотларни супуриб ташлади.

Кейинги юз йилга эса тўрт мазҳаббоши тўғри келишини этироф этишади. Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом Бухорий, Имом Термизий, Муҳаммад ибн Нун, Ҳасан ибн Ҳаммод Сажжода ва Аҳмад ибн Наср каби забардаст олимлар ҳам шу ҳадисга мувофиқ келади.

“Бу ҳадисда ҳар юз йилда битта олим келиши ҳақида айтилган. Мақолада бир даврдаги бир нечта олимларни санаб ўтдингиз?” деган савол туғилиши мумкин. Бунга жавоб шуки, ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам “مَنْ يُجَدِّدُ ” калимасида مَنْ  исми мавсуласини ишлатди. Бу калима ҳам бирлик ва кўплик маъносида ишлатилади. Шу боис бу ҳадисда фақатгина бир киши назарда тутилган, дейишимиз нотўғри бўлади. Балки мужаддид олимлар ҳар юз йилда келадиган олимлар битта ёки бир нечта бўлиши ҳам мумкин

Аҳмад ибн Ҳанбал рахматуллоҳи алайҳ ҳижрий 164-241 (мил. 780-857) йилларда яшаб ўтган. У киши Мўътазила фирқаси “Қуръон махлуқ” деган ботил эътиқодларига қарши қоядек туриб берганлари ҳар қандай таҳсинга лойиқ. Мўътазилийлар бутун ислом умматининг эътиқодини бузиш йўлида ҳаракат қилиб, ҳатто Аббосийлар сулоласининг 7- 8-9-ҳукмдорлари онгига ботил эътиқодларини сингдиришди. Кейин шу ҳукмдорлар ёрдамида ўша даврдаги уммат уламоларини ғалвирдан ўтказдилар. Уламолар орасида “Қуръон махлуқ эмас” деган соф эътиқодда маҳкам турганларини зиндонга солишди, ҳатто қатл қилишди. Мана шундай турли азоб ва қийноқларга собит турган забардаст олим Аҳмад ибн Ҳанбал Мўътазилия фирқасининг эътиқоди нотўғри эканлигини исботлаб бердилар. Подшоҳ уни бир неча йил зиндонга солиб қийнаганлиги учун узр сўради ва кўп ҳадялар бериб, эҳтиром кўрсатди. Имом Аҳмад рахматуллоҳи алайҳни ҳам тарихчилар иккинчи юз йилликдаги “Мужаддидул Умма”  ҳисобланади.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Хузайма Ал-Искандароний: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбал вафот этгандан кейин туш кўрдим. У зот менинг олдимга Олтиндан бўлган тож ва оёғига олтин ковуш кийиб келди. Мен у зотга Роббингиз сизга қандай муносабатда бўлди? Дедим. У зот: “Роббим менга мана шу олтин тож ва ковушни кийдириб – бу сенга Қуръонни менинг каломим эканлигини ҳимоя қилганинг учун” деди” деб айтган экан.

Учинчи юз йилликда Имом Мотуридий, Имом Абул Ҳасан Ал-Ашъарий ва Имом Абу Жаъфар Ат-Таҳовий каби зотлар “Навбатдаги динни янгиловчи” (Мужаддидул умма) кишилар бўлди, десак адашмаймиз. Чунки шу даврда аҳли сунна эътиқодини бузишга залолатга кетган уч фирқа тиш-тирноғи билан ҳаракат қилаётган эди. Улар Мўътазилий, Рофизий ва Қарматийлар фирқалари эди. Рофизийлар ҳижрий 250 – 450 (мил.864 – 1058) йиллар оралиғида тез-тез аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги халқ устига ҳужум қилиб, турли қон тўкишларни амалга оширган.

Қарматийлар эса ҳижрий 258-345 (мил.872-956) йилларда бутун Ҳижозни, яъни Макка, Мадина ва Тоиф шаҳарларини босиб олиб, одамларни қиличдан ўтказди. Ҳатто ҳижрий 317 йили ҳаж мавсумида Маккага ҳужум қилиб, ҳожиларни ўлдириб жасадини Замзам қудиғига кўмиб ташлади. Каъбани вайрон қилиб, тиллодан ясалган эшиги ва тарновларини қўпориб олишди. Каъбанинг ёпинғичини ечиб, бўлиб олишди. Бу жиноятчиларнинг бири Хажарул Асвадни ўрнидан суғириб олади, бошқасини гурзи билан уриб, синдириб ташладида: “Қани (Абрахага келган) Абобил қушлари ва қани сапол тошлар” дея жар солди.

Ана шундай манфур Қарматийлар бу жирканч ишларни қилиб хожиларга қарата: “Эҳ Ахмоқлар! Сизларнинг бу қоратош (Каъба) ни айланиб, тавоф қилишларингиз, жоҳилиятдаги мушрикларнинг бутларни айланиб тавоф қилишидан нима фарқи бор. У ҳам жонсиз тош, сизлар тавоф қилаётган Каъба ҳам жонсиз тошку”, деб қичқирар эди. Ҳатто бир неча йил чекка ҳудудлардан одамлар ҳаж ибодатини бажариш учун Маккага кела олмай қолди. Чунки Қарматийлар кетма-кет бир неча маротаба ҳаж ибодатига келаётган ҳожиларнинг карвонига ҳужум қилиб, уларнинг озиқ-овқатлари ва ичимлик сувларини тортиб олиб, ўзларини бепаён саҳрода ёрдамсиз қолдирар эди. Бу ҳожилар озиқ-овқатсиз, сувсиз, чўлда очлик ва ташналикдан барчалари вафот этиб кетар эди.

Уларнинг мақсади барча соф эътиқоддаги мусулмонларни залолатга бошлаб, ўзларининг жирканч ғояларини амалга оширишдан иборат бўлган. Ўша даврда бизнинг диёрларимизда Исмоил ибн Аҳмад Ас-Сомоний подшоҳ бўлиб, халқ Рофизийлар зулмидан қаттиқ озор чекаётган давр эди. Шундай оғир вазиятда Аллоҳ таоло Мовароуннаҳрдан Имом Мотуридийни, Боғдоддан Абул Ҳасан Ал-Ашъарийни ва Мисрдан Абу Жаъфар Ат-Таҳовийларни “Мужаддидул умма” қилиб чиқарди. Бу олимлар бир-бирини кўрмаган ҳолда “Аҳли сунна вал жамоа” ақида йўлини тузиб берди. Бу йўл ҳозирга қадар ислом умматини соф эътиқод устида сақлаб қолишга хизмат қилиб келмоқда.

Имом Мотуридий ҳаёти ва ижодига назар солсак, ҳижрий учунчи асрда ҳам дин душманлари ислом таълимотини бузишга ҳаракат қилган. Улар Қуръон оятлари ва мусулмонларнинг соф этиқодини ўзгартиришга уринишди. Лекин уларнинг бу иши самара бермаган. Аллоҳ таоло Каломини қиёматга қадар ўзи ҳимоя қилишини марҳамат қилади: “Албатта, Зикрни (Қуръонни) биз нозил қилдик ва уни биз Муҳофаза қилурмиз” (“Хижр” сураси, 9-оят).

Бузғунчилар бу ҳаракати фойда бермаганидан сўнг Қуръонни нотўғри таъвил қилиш ва ислом таълимотининг иккинчи асоси ҳисобланган ҳадиси шарифларни бузишга киради. Минг афсуски, бу йўлда бироз бўлса-да натижага эришган. Қуръондаги муташобеҳ оятларни ўз мақсадлари йўлига бурди ва турли мавзуда ҳадислар тўқиб чиқаришди. Шу билан содда мусулмон  халқни тўғри йўлдан адаштиришга уринишди. Ана шундай қийин вазиятдан ислом умматини безарар олиб чиқишда Имом Мотуридий ҳазратлари жуда катта хизмат қилди.

Номоз ўқимайдиган мусулмонни ҳеч иккиланмасдан кофир, деб қони, жони ва молини ўзларига ҳалол санайдиган турли фирқаларга қақшатгич раддия берди. Яъни: “Агар бир киши “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадан Расулуллоҳ” деса, энди номоз ўқийдими, ўқимайдими у одам “Мусулмондир”, дедилар. Бу сўзга қуйидаги ҳадисни далил келтирадилар. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ла илаҳа иллаллоҳ деса, жаннатга киради”, деганлар. Ана шу буюк хизматлари учун Имом Мотуридий ҳазратлари мусулмонлар томонидан “Имамул ҳуда”, “Мусаҳҳиҳу ақоиди аҳли сунна” каби унвонлар билан шарафланган.

Шайх Абдуллоҳ Мустафо Муроғий ҳазратлари Имом Мотуридий ҳақларида гапириб: “Абу Мансур Мотуридий ҳужжат ва далили кучли, хусуматчини мот қиладиган, мусулмонлар эътиқодини ҳимоя қилиб, адашган мулҳидларнинг шубҳаларига раддия берган олим эди”, деган эди.

Имом Мотуридий ҳазратларининг соф эътиқодий таълимотларини маҳкам ушлаб, ёш авлодга тўғри етказсак, халқимиз ҳеч қачон тўғри йўлдан адашмайди.

 

А.ТОШПУЛАТОВ,

 Тошкент ислом институти

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”

кафедраси мудири

Read 3491 times

Мақолалар

Top