Мақолалар

Инсофи борнинг баракаси бор!

15 март куни оммавий бало – “КоронаВирус” инфекцияси аниқланган Ўзбекистондаги биринчи бемор ҳақида расмий маълумотлар оммага эълон қилинди. Биз бу бало қаердан ва нима учун тарқаганини баҳс қилмаймиз. Уни Аллоҳ таоло туширгани яхши биламиз. Шу боис, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари ўргатган кўрсатмаларга риоя этамиз. Аллоҳ томон қочамиз!

Бу каби касаллик ёки бало ва офатларнинг инсоният бошига ёғилиши, бунинг сабаблари, олдини олиш, даволаш чора-тадбирлари ҳақида алоҳида тўхталамиз. Ҳозир эса бир масала: Ваҳимага тушиш, агар керакли нарсаларни олиб қўймасам, тугаб қолади, деган хавотирлар ўринлими? Бозор ёки турли савдо-сотиқ жойларида нарх-навони ошириш, ваҳима сабаб кўзига кўринган, қўлига ушлаган нарсани арзон-қимматлигига қарамай заҳира қилиб қўйиш тўғрими?

Ваҳимага тушиш, хавотирлар ўринлими?

Дунёда касалликларнинг тури кўп. Коронавирус орқали юз берадиган касаллик шуларнинг бири, холос. Саратон, сил, жигар циррози, қандли диабет, юрак касалликлари, автоҳалокат ваҳоказолардан дунёда ҳар куни ўн минглаб одамлар вафот этади. Лекин биз фақат коронавирус ҳақида бош қотиряпмиз. Унутманг, сизнинг коронавирусга чалиниб ўлиш эҳтимолингиздан кўра уйқуга ётиб, қайта уйғонмаслик эҳтимолингиз анча юқоридир.

Мўмин кишига неки мусибат, бало, офат ва касаллик келмасин, аввало уни Аллоҳдан, Яратганнинг тақдиридан деб қабул қилиши лозим. Шунда ҳар қандай саволларга ва маъсиятга етакловчи фикрларга тўсиқ қўйилади. Негаки, мусибат ва касалликлар мўмин учун раҳмат, гуноҳларига каффорат ва даражаси кўтарилишига сабабдир.

Яхши гумонда турамиз. Ўзига таваккулни маҳкам қиламиз. Вирус “даҳшати”дан, “миш-миш”идан изтиробга тушмаймиз.

Нарх-навони ошириш ёки шунга уриниш тўғрими?

Сир эмаски, интернет ва ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекциясининг аниқланиши оқибатида одамлар озиқ-овқат ва бошқа зарурий ашёларни ҳарид қилишга тушиб кетгани, бундай вазиятдан унумли фойдаланишни кўзлаган “уддабурон тадбиркорлар” томонидан нарх-навонинг сунъий равишда ошириш ҳолллари юзага келаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда. Хўш, бундай вақтда мусулмон киши қандай йўл тутиши керак?

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб  (Лавҳул маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Ҳуд сураси, 6-оят).

Тонг отиши билан қушлар чуғурлашиб инларидан чиқади. Ейишга ҳеч вақоси йўқ бўлса-да, хотиржамлик билан уча бошлайди. Чунки улар ризқ Аллоҳдан эканини билади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Агар сиз Аллоҳга чинакам таваккал қилолганингизда эди, эрталаб инидан оч қорин билан чиқиб кетиб, кечки пайт тўқ қорин билан қайтиб келган қуш каби ризқлантирилар эдингиз” (Имом Термизий ривояти).

Бир аъробийга: “Бир дона нон бир динор бўлибди”, дейилди. У шундай жавоб қилди: “Аллоҳга қасамки, агар бир дона буғдой бошоғи бир динор бўлса ҳам, бу мени ташвишга солмайди. Мен Аллоҳ буюрганидай Унга қуллик қиламан. У эса ваъда қилганидек менга ризқ беради”.

Бир неча киши Салама ибн Динор роҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурига келиб шундай дейишди:

– Эй Абу Ҳозим, нархларни кўтарилиб кетганини кўрмаяпсизми?! У киши:

– Бу сизни нега ғамга солади? Арзончиликда бизга ризқ берган зот қимматчиликда ҳам ризқ беради, дея жавоб бердилар.

Шу ўринда айрим “уддабурон тадбиркорлар”га!

Ислом дини инсонлар ўртасидаги муносабаталарда адолатли, инсофли, ҳалол бўлишни талаб этади. Булар орасида савдо-сотиқ ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ савдони ҳалол, рибони ҳаром қилди” дея марҳамат қилган.

Савдо илмини чуқур эгаллаган, ўз даврининг катта тижоратчиси бўлган Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: “Динда фақиҳ бўлмаган, савдо қонун-коидаларини билмаган киши бозорда савдо қилмасин” (Имом Термизий ривояти).

Халқимизда: “Инсофи борнинг баракаси бор”, деган нақл бор. Харидор молни рози-ризолик билан олса, ҳам савдогарни дуо қилади, ҳам унинг доимий харидорига айланади.

Аммо айрим “ишбилармонлар” ҳам борки, халқнинг, жамиятнинг бошига синов келиб турган вақтда ҳам фақат ўз манфаатини кўзлайди. Аллоҳ таоло бизни бундан огоҳлантириб: “Эй мўминлар! Бир-бирингизнинг молингизни ноҳақ йўллар билан еманг. Ўзганинг молини фақат рози бўлиб савдо қилиш билан олгач, ейишингиз мумкин” (Нисо сураси, 29-оят), деган.

Уламоларимиз шариатга хилоф бўлган – фирибгарлик, қаллоблик, тарозидан уриш, судхўрлик, зўравонлик, қароқчилик, монополия қилиб олиш, нархни сунъий равишда ошириш каби барча иллатлар киради, деганлар.

Хулоса ўрнида:

Ҳурматли “ишбилармон ва уддабурон тадбиркорлар”! Юрт ва миллат бошига синов келган вақтда бир-биримизга ёрдам кўрсатмасак, қўллаб-қувватламасак, бундай вақтларда ҳиммат ва саховатимизни кўрсатиш ўрнига нарх-навони ошириб, “келганда олиб қол” қабилида иш тутсак, бизни мўминлигимиз қайга кетди???

Азиз юртдошлар, мўмин биродарлар! Бу коинотда қайси бир мавжудот борки, Аллоҳ унинг ризқини унутиб қўйган бўлса... Ҳазрати инсон эса ана шу мавжудотларнинг энг улуғи экан, қандай қилиб унинг ризқи Яратган назаридан тушиб қолиши мумкин. Ахир буни Роббимиз зиммасига олган бўлса-ю, биз эса ваҳима солиш билан овора бўлсак.

Бу кунларда кўпроқ дуо қилиб, касалликни енгиш чораларини амалга оширган ҳолда натижани Аллоҳдан кутайлик! Албатта, У зот ёрдам берувчиларнинг энг яхшисидир!

Раҳматуллоҳ ЖАЛИЛОВ,
Қўштепа тумани “Исмоил Бухорий” масжиди имом-хатиби

Read 2185 times

Мақолалар

Top