Мақолалар

Ваҳимага ўрин йўқ

Бу дунё ҳаёти инсонларга синов учун берилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:  “Албатта, Биз сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз” (Бақара сураси, 155-оят). Ушбу ояти кариманинг маъносини  Имом Шаъровий роҳимаҳуллоҳ таъвил қилиб шундай дейдилар: “Биламизки, аслида  кишилар бошига синовларнинг келиши  ёмон эмас, балки уни синовлардан ўта олмаслиги ёмондир. Зеро, ҳар бир синов тажриба ва имтиҳон ҳисобланади. Ҳеч ким имтиҳонларни ёмон демаган, балки у муваффақиятга эришиш йўлидаги машаққатларни кўтара олмаган кишининг наздида ёмондир. Аммо, бор-куч ғайратини ишга солиб, пешқадамлардан бўлган киши наздида  имтиҳон  яхшидир”.

Бугунги кунда кўпгина мамлакатларга тарқалган Корона вирус (COVID-19) касаллиги ҳам инсонларга юборилган Аллоҳ таолонинг синовлардан биридир. Ҳар бир мўъмин-мусулмон бирор синовни қарши олар экан уни Аллоҳдан эканлигини билиб, унга сабр қилади. Ва у бу сабри учун Аллоҳ таолонинг мағфират ва раҳматига сазавор бўлади.   Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай хабар беради: (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) бирон мусибат келганида: “ Бизлар албатта  Аллоҳникимиз ва албатта Унга қайтамиз”, дейишади.  Ана шуларга парвардигорларидан мағфират ва раҳмат бор, ана шулар тўғри йўлни топганлардир” ( Бақара сураси 156-157-оятлар).  Бу оятларнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон” да: “ Оятдаги “Бизлар албатта Аллоҳникимиз ва албатта Унга қайтувчимиз” (Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун) истиржоъ дуосидир.  Мусибат ёки бир бало-офат етганида мусулмон киши сабрли бўлиб, Жаноби Ҳақ Ўзи ўргатган шу дуони айтиши лозим”[1] дейилган.

Синовлар олдида инсон ваҳимага тушмасдан, ўзидаги хотиржамликни зиёда қилиши лозим. Абу Али Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн Сино ҳазратлари шундай деган эканлар: “Ваҳиманинг ўзи ярим касаллик, хотиржамлик ярим соғлик ва сабр эса шифони бошланишидир”. 

Ваҳима ва қўрқув ичра яшайдиган кишиларга айтар сўзимиз шуки,  сиз ваҳима  билан ўзингизни чарчатасиз. Шундай экан, сиз яхшиси ўзингизни ваҳимага солаётган  ишни олдини олишга ҳаракат қилинг. Уни содир бўлишига йўл қўйманг!

Мўмин-мусулмон киши Аллоҳ таолонинг тақдир қилгани юзага чиқишига қаттиқ ишонган ҳолда, касалликдан сақланиш чора тадбирларини кўради. Вабо ва шу каби тез тарқаладиган касалликлар чиққан жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетмайди. Тиббий соҳа вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилади. Ўзида ҳар хил ваҳималарга  ўрин бермайди ва бошқаларни ҳам ваҳимага тушишдан қайтаради.    

Аллоҳ таоло ҳаммамизни турли ваҳималарга берилишдан сақлаб, турли бало-офатлардан Ўз паноҳида асрасин.

 

 Р. Усмонов

ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили,

вилоят бош имом хатиби

 

[1] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “Тафсири ирфон”.“Шарқ” НМАК, 2019.1-жилд.146-бет. 

Read 2552 times

Мақолалар

Top