Мақолалар

Бугун бутун дунё шиори “Уйда  қолинг! ”

 

Дунёнинг икки юзга яқин давлатларини қамраб олган бу коронавирус касаллиги бизнинг ҳам юртимиздан четлаб ўтмади. Юртимизда бу касаллик аниқланган илк кунлариданоқ , касаллик омма халқ орасида тарқалишлигини олдини олиш чоралари кўрилди.  Давлат миқёсида ушбу касаллик билан касалланганлар  учун алоҳида шифохоналар қуриш,  тиббиёт ходимларини ҳизматларини қўллаб қувватлаш каби қатор ишлар  амалга ошириляпти . Бу касаллик шу даражада  чегара билмас ва тез суратда кўпаювчи дард эканки, ҳатто илм фан тараққий этган  давримизда  ҳам касаллик олдида инсон ожиз эканлиги намоён бўлмоқда.  Мутахассислар бу касалликдан қутилиш йўлларидан бири инсонларга аралашмасдан ёлғизда бўлиш эканлигини такидлашмоқда. Шунинг учун ҳам бугун “Уйда  қолинг! ” шиори бутун дунё шиорига айланди.  Бу шиор ҳудди Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзларидан олинган каби эшитилади.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини эшитдим: “Агар бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз, у ерга борманглар. Агар ўзингиз турган жойга вабо келса, у ердан қочиб чиқиб кетманглар!”.   (Имом Бухорий ва Имом Муслим) ривоят қилган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқоридаги ҳадиси шарифларини теран англаган Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ҳам Шомга волий бўлганларида инсонларга хутба қилиб : "Эй инсонлар, вабо ҳудди алангаланиб турган олов кабидир ва сизлар эса, унинг ўтинисизлар шундай экан, тарқалинглар, тоғларнинг тепаларига чиқиб кетинглар вабодан сақланасизлар. Вабо олови эса ўзидан ўзи ўчади" дедилар. Инсонлар эшитишлари билан ижобат қилдилар ва ҳаммалари омон қолдилар, Аллоҳ таоло бу балони улардан аритди.                 Кўриниб турибдики, инсон уйида қолиб заруратсиз ташқарига чиқмаслиги бу шариатимизнинг ҳам талаби экан. Шариат талабини бажармаслик эса хато ва гуноҳдир. Минг афсуски баъзи фуқароларимиз  ўзини ҳамда ўзгаларни ҳам хатарга қўйиб бу талабларга совуққонлик билан қарамоқдалар. Ҳолбуки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!” деб хитоб қилган. (“Бақара” сураси, 195-оят).

Кӯриниб турибдики, айни пайтда шариатимиз талаби ҳам давлатимиз талаби ҳам уйда ўтириш ва заруратсиз ташқарига чиқмасликдир. Бу талабларни бажариш ибодатдир . Сабаби бу талабда Аллоҳ таоло ва унинг Росули ҳамда ишбоши яъни, раҳбарларга  бўйсуниш бор. Аллоҳ таоло ўзининг каломида марҳамат қилади:  «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг.». (Нисо / 59).

Пандемия шаклини олган бу ёв билан курашиш учун фақат ва фақат уйда қолиш экани ҳозир барчага маълум. Аммо, бу оддий ҳақиқатни тушунмаётган ёки тушунишни истамаётган инсонлар ҳам борлиги афсусланарли ҳолдир. Машиналар оқимини камайтириш мақсадида қӯлланаётган чораларни бузиш ҳолатлари, ниқобсиз жамоат жойларида юришлик ва уйдан зерикканидан бемақсад кӯчада юрганларга айтар сӯзимиз: "Вабо тарқаган пайтда уйда ӯтиришлик айни шариатимиз талаби. Уйда ӯтириш билан биз нафақат ӯзимизни балки, оила аъзоларимииз, яқинларимизни хавфдан ҳимоя қилган бӯламиз. Акс ҳолда жамиятга зарар қилувчи инсонга айланамиз. Ақл билан иш юритиш имкониятидамиз. Уйда ўтириш мобайнида  Аллоҳ таолога дуо ва илтижолар қилиш , фарзанд ва набираларимизнинг таълим –тарбияларига эътибор бериш, вақтдан фойдаланган ҳолда кўп китоб мутолаа қилишимиз мақсадга мувофиқдир".

Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таолодан бу балони биздан аритишини, касаллик билан фаол курашаётган мутасаддилар ҳамда тиббиёт ходимларига куч-қувват, сиҳат-саломатлик беришини, халқимизга эса офият сӯраймиз. 

 Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги
“Бўта бува” жоме масжиди имом хатиби

 

Read 2975 times

Мақолалар

Top