Мақолалар

Кўринмас душман: Дангасалик шайтондандир (3-мақола)

Шайтон нафақат мусулмонларга балки бутун инсониятга ашаддий душмандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта шайтон инсонга очиқ-ойдин душмандир”, дейди. Юсуф 5-оят.

Зотан, шайтоннинг мақсади инсонларни ҳақ йўлдан адаштириш, дунё ишларини зийнатлаб кўрсатиб, охиратни униттиришдир. Шайтон бу ишида фақатгина мухлис бўлган кишиларнигина йўлдан оздиришда ноумид бўлади. Аллоҳ таоло бу борада унинг айтганини қуйидагича баён қилган: “У: “Эй Роббим, мени залолатга кетказганинг сабабидан, албатта, мен уларга ер юзида (гуноҳларни) зийнатлаб кўрсатаман ва албатта, уларнинг ҳаммасини иғво қиламан”. Магар, улардан танланган (мухлис) бандаларингни (адаштира олмасман), деди”. Ҳижр 39-40 оятлар.

Демак, шайтоннинг мақсади: инсонларни барча яхши амлларни бажаришдан ва тўғри йўлдан юришидан тўсиш, қайтаришдир. У бу йўлда турли ҳил усуллардан фойдаланади. Масалан: васваса қилади, ҳаром ишни зийнатлаб кўрсатади, аста секинлик билан ҳаром иш қилишни оддийлаштириб, бу йўлда пешво бўлишга ундайди, қилаётган ишини жиддий қабул қилмасликка ўргатади, ваъдаларни беради, тавба қилишни кечроққа суришга буюради ва Аллоҳнинг раҳимдил эканлигини тез-тез эслатиб туради. Бу борада Қуръони каримда шундай дейилган: “У, (шайтон) уларга ваъда берур ва хомхаёлларга солур. Шайтон уларга ғурурдан бошқа нарсани ваъда қилмас”. Нисо 120-оят.

Шайтонда икки ҳил йўлдан оздириш йўли бор:

  1. Кишининг қалбига кириб, у билан савдолашади. Агар унда заифлик ва сусткашликни топса, дарров унинг ўша заифлик жойидан ушлаб, барча хохишларини пучга чиқариб, уни дангасаликка, ғайратсизликка бошлайди ва бу ишларни қилмагани учун унга сабаблар ва умидлар эшигини очиб беради. Натижада инсон хайрли ишларни қилмай қўйишликка одатланади.
  2. Кишининг қалбига кириб, унда яхши амалларни қилишга харислик, жидду-жаҳд ва қобилятни топса, юқоридаги услубни қўллашликдан умидсизликка тушадида, энди унга барча яхши ишларини кўпроқ қилишга қизиқтиради. Доимо қилаётган ишлари у учун камлик қилишини билдириб туриб, сенинг қобилятинг бундан ҳам кўп иш қилишга етарли дея шошилтиради. Шунинг учун сен бошқаларга қараганда ҳаракатингни кўпайтиришинг керак масалан: ҳамма ухласа ҳам ухламаслигинг, ҳамма ифторлик қилса ҳам ифтор қилмаслигинг, ҳамма бўшашса ҳам бўшашмаслигинг, агар улар юз-қўлларини уч марта ювсалар, сен етти марта ювишинг, агар улар намозга таҳорат қилсалар, сен ғусл қилишинг каби динда ғулувга кетиб, ҳаддидан ошиб, йўқ бўлган ишлар билан машғул қилиб, тўғри йўлдан чиқаради.

Ҳақиқатда аксар инсонлар ушбу шайтоний қармоққа тушиб қоладилар. Бу қармоқдан қутилиб қолиш ёки қутилиб чиқиш учун фақатгина пухта илм ва иймон, у билан курашиш учун қувват ҳамда ўртамиёналикни ушлаш керак бўлади. Аллоҳнинг ўзи бу ишда бизга ёрдамчи бўлсин.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадислари билан яна бир дангасалаикнинг белгисига ишора қилганлар: “Аллоҳ таоло акса урувчини яхши кўради, эсновчини эса ёон кўради. Агар бир киши акса урса ва ҳамд айтса, уни эшитган ҳар бир мусулмон акса урганга соғлиқ тилаши лозим бўлади. Эснаш шайтондандир. Уни иложи борича қайтаришлик керак. Агар эснавчи “Ҳаааҳ” деб овоз чиқарса, шайтон унинг устидан кулади”, дедилар.

Бошқа бир ҳадисда: “Эснашлик шайтондандир. Бас агар бирортангиз эснаса, қодир бўлгунича (эснашни) қайтарсин”, деганлар.

Ушбу ҳадислардан келиб чиқиб, акса уришлик кишини фаол, ҳаракатчан, ғайратли ҳамда эпчилилигига ишора қилса, бунинг акси бўлган эснаш эса, дангаса ёки бекорчилигига далолат қилади. Анашу дангаса, секин ҳаракат қилувчи ва бекорчи киши шайтоннинг дўстига айланиб, унга шаҳвоний ишлар чиройли кўринадиган бўлиб қолади.

Бироқ, эснашни инсон яратган эканда, деган фикрдан узоқ бўлиш лозим. Эснашлик шайтондандир дейилишидан мақсад, кўпинча эснашлик дангаса ва ғайратсиз кишидан содир бўлади ва анашу дангаса киши шайтоннинг дўсти бўлади деган маъно чиқади.

Алло таоло барчамизни очиқ-ойдин душманимиз бўлган шайтоннинг найрангу хийлаларидан ўзи асрасин ва шайтонга қарши курашишда бизга Ўзи ёрдамчимиз бўлсин.

“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби,

ТИИ ўқитувчиси Абдураҳманов Яҳё Убайдуллоҳ ўғли

 

Read 3088 times

Мақолалар

Top