Мақолалар

Икки дунёда нажот топувчи бандалар сифати

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Мўмин­лар нажот топдилар” (Муъминун, 1).

Бу оят, шубҳасиз, мўминларнинг икки дунёда ҳам нажот топишига далолат қилади. Чунки оятдаги «нажот топдилар» ибораси ўтган замон феълида бўлиб, у келаси замондаги «нажот топадилар» маъносидан кучлидир. Шу боис таъкид билан айтилган «нажот топдилар» ояти мўмин банда бор-ки, унинг, албатта, нажот топиши ҳақлигини билдиради. Нажот топадиган мўминларнинг сифатлари қуйидаги оятларда баён қилинган.

– «Улар намозларида  ўзларини камтар тутувчи­дирлар» (Муъминун, 2).

«намозларида  ўзларини камтар тутувчилар»дан мурод намозни хушуъ, ҳузуъ билан адо этувчи мўминлардир. Ҳар бир мўмин-мусулмон ибодатини Аллоҳнинг кўриб турганини билиб, қабул бўлишига умид қилиб адо этиши зарур. Аллоҳ таоло хушуъ ва ҳузуъ билан қилинган ибодатларни қабул қилади.  

–  «Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар» (Муъминун, 3).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг беҳуда нарсаларни тарк этиши хулқининг гўзаллигидандир”, дедилар (Имом Термизий, Ибн Можа ривояти).

–  «Улар закотни адо этувчидирлар» (Муъминун, 4).

Молиявий ибодат бўлган закот динимизнинг устунларидан бири бўлиб, у Қуръони каримнинг йигирма етти ўрнида намоз билан баробар зикр қилинган.  

– «Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар» (Муъминун,5).

Дунё аҳолиси ҳаётига жиддий хавф солаётган ОИТС касаллигини келтириб чиқарувчи асосий хатар – зинодир. Бу бедаво дардга чалинган беморлар сонининг йил сайин ортиб боришига, асосан,  зинодан сақланмаслик сабаб бўлмоқда.

– «Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган)аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар» (Муъминун,8).

Омонатга риоя, унга хиёнат қилмаслик, ваъдага вафо қилиш ҳам мўминларнинг сифатларидан, имонининг белгиларидандир.

Оятда келган мўминларнинг яна бошқа сифатларидан бири «Улар намозларини асрагувчи (вақтида адо этувчи)дирлар» (Муъминун,9). Зеро, «...намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир» (Нисо, 103).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Аллоҳга қайси амал маҳбуброқ?” деб сўрадим. “Ўз вақтида ўқилган намоз”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин одамлар: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари қандай эди?” деб сўраганларида, Ойша онамиз розияллоҳу анҳо Муъминун сурасининг дастлабки тўққиз оятини ўқиб, “Хулқлари худди шу оятларда айтилгандек эди”, деганлар».

Муъминун сурасида васф этилган сифатлардан хулқланишга ҳаракат қилайлик. Шунда Аллоҳнинг нажот топувчи бандаларидан бўламиз.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 2404 times

Мақолалар

Top