Мақолалар

Қуръони каримнинг ярмига тенг сура

«Қачонки, Ер ўзининг (энг даҳшатли) зилзиласи билан қимирлаганда. Ер (ўз қаридаги конлару мурдалардан иборат) “юк”ларини (юзага) чиқариб ташлаганида ва (қайта тирилишни инкор қилувчи) инсон (даҳшатга тушиб): “Унга не бўлди экан?” – деб қолганида – ана ўша кунда Ер ўз хабарларини сўзлар. (Сўзлашга) Раббингиз ваҳий (рухсат) қилганини айтур. Ўша куни одамлар уларга (номаи) аъмолларини кўрсатилиши учун тўдатўда бўлиб чиқиб келурлар. Бас, кимки дунёда зарра миқдорда яхшилик қилган бўлса, (Қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорда ёмонлик қилган бўлса, уни ҳам кўрар” (Залзала сураси, 1–8-оятлар).

“Қачонки, Ер ўзининг (энг даҳшатли) зилзиласи билан қимирлаганда”. Яъни, бутунлигича ҳаракатга келганида. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: “Биринчи бор сур чалинганда ер қимирлайди”, деб айтган. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ ҳам шу фикрни айтган. Бунга Аллоҳ таолонинг: “У кунда ларзага келувчи (сур) ларзага келади. Ортидан эргашувчи (иккинчи бор сур овози) эргашур” (Нозиот сураси, 6-7), оятлари далилШундан сўнг ер иккинчи бор қимирлайди. Шунда у ўзидаги ўликларни, яъни “юк”ларини чиқариб ташлайди».

“Ер (ўз қаъридаги конлару мурдалардан иборат) “юк”ларини (юзага) чиқариб ташлаганида…” Абу Убайда ва Ахфаш: “Маййит ер остида бўлгани учун унга юк ҳисобланади”, дейишади. Ибн Аббос ва Мужоҳид айтишади: «Иккинчи бор сур чалинганида ер ўз “юк”ларини, яъни ўликларини чиқариб ташлайди. Шунинг учун Парвардигор жин ва инсонларни “сақалан”, яъни: “Эй инсу жинлар!” (Ар-Раҳмон сураси, 31-оят), деб атади». Уламолардан баъзилари бундай дейишган: «Қадимда араблар бирон-бир қонхўр, золимни кўришса, уни: “Ер юзидаги “сақал”, яъни машаққат (оғир юк)”, деб аташарди. У ўлгач эса, ер ўзидаги юкни олиб ташлади”, дейишарди». Бир ўринда ер “юк”ларидан мурод хазиналардир, дейилган. Бу борада ҳадис ҳам ворид бўлган: “Ер ўзининг олтин ва кумушдан бўлган хазиналарини уюм-уюм этиб чиқариб ташлайди”.

“Ва (қайта тирилишни инкор қилувчи) инсон (даҳшатга тушиб): “Унга не бўлди экан?” – деб қолганида…” Оятдаги “инсон”дан кофир назарда тутилмоқда. Имом Заҳҳок ривоятида Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: “Бу “инсон” Асвад ибн Абдул Асаддир”, деб айтган. Яна айтиладики: «Оятдаги “инсон”дан мурод қиёмат кунида, биринчи сур чалингандаги ҳолатга гувоҳ бўлувчи ҳар бир мўмин ва кофирдир. Ушбу ҳодисалар қиёмат аломатлари бўлиб, рўёбга чиқмагунича одамлар уларни аввалдан била олмайди. Шунинг учун бир-бирларидан: “Унга (ерга) не бўлди экан?” деб сўрашади.

«Оятдаги “инсон”дан хоссатан кофир назарда тутилмоқда», деган фикрга кўра, “зилзила” бу “қиёматдир”. Сабаби мўмин қиёматни эътироф этади ва у ҳақда сўрамайди. Кофир эса инкор этади. Шунинг учун у ҳақда сўрайди.

“Унга не бўлди экан?” Яъни: “Нега ер зилзила билан қимирлади?” Бир ўринда бундай дейилади: «Инсон: “Ерга нима бўлдики, у “юк”ларини чиқариб ташлади?” (яъни, нима учун қимирлади?) деб ажабланиб сўрайди». Яна бир фикрга кўра бундай: «Биринчи сур чалингандан кейин Аллоҳ таоло ўликларни тирилтиради. Сўнг ер ҳаракатга келади ва ўликларни чиқариб ташлайди. Зилзила юз бериб, ўликлар тирилиб, инсонлар ернинг ёрилиши гувоҳи бўлишади. Кейин қўрқувдан: “Унга не бўлди экан?” деб айтишади».

“Ана ўша кунда Ер ўз хабарларини сўзлар”. Яъни, ўша кунда ер ўз устида қилиб ўтилган яхши ва ёмон амалларни айтиб беради. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ана ўша кунда Ер ўз хабарларини сўзлар” оятини ўқиб: “Унинг хабарлари нима эканини биласизларми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва расули билувчироқ”, деб айтишди. Набий алайҳиссалом: “Ҳар бир қул ва чўри ер юзида нима амал қилганига гувоҳлик бериши ернинг хабарларидир. У: “Фалон куни фалон амалларни қилди”, деб айтади. Мана шу унинг хабарларидир”, деб марҳамат қилдилар» (Имом Термизий ривояти).

“(Сўзлашга) Раббингиз ваҳий (рухсат) қилганини айтур”. Яъни, ер Аллоҳ таоло унга ваҳий қилган нарсани (бир ўринда: буюргани, бошқасида: бўйсундиргани, деб келади) хабар қилади. Айтилади: “Шу кунда зилзила рўй беради ва ер ўзидаги юкларни ташқарига чиқариб ташлайди. У ўзининг хабарларни, яъни унда содир этилган тоат ва гуноҳлар, шунингдек, яхшилигу ёмонликни сўзлайди”. Ушбу маълумот Суфён Саврий ва бошқалардан ҳам нақл қилинган.

“Ўша куни одамлар тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар”, яъни, гуруҳ-гуруҳ бўлиб. Айтиладики: “Бир гуруҳ кишилар жаннатга кириш учун ўнг томонни эгаллайди. Бошқа гуруҳ эса жаҳаннамга кириш учун чап томонни эгалайди. Бунга Алллоҳ таолонинг ушбу сўзи далил: “Қиёмат қоим бўладиган кун – ана ўша кунда (мўминлар билан кофирлар) бир-бирларидан ажралурлар” (Рум сураси, 14-оят).

“(Номаи) аъмолларини кўрсатилиши учун”, яъни дунёда қилиб ўтган амалларнинг савобини. Бир ўринда: “Ҳисоб-китобларидан фориғ бўлганларидан кейин тўда-тўда бўлиб қайтадилар”, дейилади. Набий алайҳиссалом: «Қиёмат кунида ўз насфини маломат қилмайдиган киши қолмайди. Агар яхши одам бўлса: “Нима учун яхшиликларни кўпроқ қилмадим”, дейди. Акси бўлса: “Нима учун гуноҳлардан тийилмадим”, дейди»Ибн Аббос айтади: «“Тўда-тўда бўлиб”, яъни инсонлар амалларига кўра икки фирқага бўлинишади. Биринчи тоифа мўминлар, иккинчи тоифа мўминлардан бошқа ҳамма».

“Бас, кимки дунёда зарра миқдорда яхшилик қилган бўлса, (Қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорда ёмонлик қилган бўлса, уни ҳам кўрар”. Ушбу оят уч масалани ўз ичига олади. Биринчиси: «Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи: “Бас, кимки дунёда зарра миқдорда яхшилик қилган бўлса, уни кўрар”. Ибн Аббос айтади: “Кофирлардан бирортаси яхшилик қилса ва унга дунёда бирон яхшилик берилса, охиратда унга савоб қолмайди. Аммо зарра миқдорда ёмонлик қилса-ю, дунёда жазосини олмаса, охиратда жазосини олади. Ширк келтирганлик жазосини ҳам охиратда олади. Энди мўминлардан қай бири дунёда зарра миқдорда ёмонлик қилса ва ўшанга яраша жазо олса, охиратда жазоланмасдан, ундан кечиб юборилиши мумкин. Аксинча, дунёда зарра миқдорда яхшилик қилса, ундан қабул қилинади. Охиратда яхшилиги кўпайтирилиб берилади”. Аллоҳ таоло одам боласининг кичик ва катта, ҳеч бир амалидан ғофил қолмайди. “Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорида (ҳам) зулм қилмайди” (Нисо сураси, 40-оят).

Муҳаммад ибн Каъб Қурозий бундай дейди: “Қайси кофир зарра миқдорида яхшилик қилса, ўшанинг савобини дунёда – ўзи, моли, аҳли ва боласида кўради ва Аллоҳ таоло ҳузурида яхшилиги қолмайди. Қайси мўмин зарра миқдорда ёмонлик қилса, унинг уқубатини дунёда ўзи, моли, боласи ва аҳлида кўради. Ҳатто биронта гуноҳи қолмай дунёдан ўтади. Бунга қуйидаги ҳадиси шариф далил: “Набий алайҳиссаломга ушбу икки оят нозил бўлганида, Абу Бакр таом еяётган эди. Шу вақт у ейишдан тўхтаб қолди ва: “Ё Расулуллоҳ, биз қилиб ўтган барча катта-кичик гуноҳларимизни кўрамизми?” деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Сизлар ёқтирмаган мисқол заррасидек ёмонлик ҳам, сизлар яхши кўрадиган мисқол заррасидек яхшилик ҳам охиратга захира қилинади ва қиёмат кунида берилади”, деб огоҳлантирдилар.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу айтади: «Бир одам Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, менга жомеъ (лафзи қисқа, аммо савоби улуғ) сурани ўргатинг!” деди. У зот алайҳиссалом: “Иза зулзилатил арзу…” (сураси)ни ўргатдилар». Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким “Иза зулзилатил…” (сураси)ни ўқиса, унга Қуръоннинг ярми (ўқилгани) савоби берилади», деб марҳамат қилдилар (Имом Термизий ривояти).

Имом Қуртубий тафсири асосисда

Исмоил НУРИМОН тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 9-сонидан

Read 7773 times

Мақолалар

Top