Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: БОБУР МИРЗО – БУЮК ФАҚИҲ (Биринчи мавзу)

Азиз ва муҳтарам “Muslim.uz” ўзани муҳиблари! УЛУҒ НЕЪМАТ! “МУБАЙЯН” асаридан баҳраманд бўла бошлаймиз. (1) “МУБАЙЯН” асари – ҳам шеърият, ҳам илм хазинасидир!

 

Бу асар беш китобдан иборат:

1) Иймон-эътиқод китоби;

2) Намоз китоби;

3) Закот китоби;

4) Рўза китоби;

5) Ҳаж китоби.

 

Шоҳ ва шоир, аллома ва саркарда Бобурнинг шундай гўзал китоб ёзгани – миллатимизнинг шарафидир.

 

*   *   *

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 629-рақамли тавсияси билан нашр этилган.

*   *   *

 

БОБУР МИРЗО – БУЮК ФАҚИҲ

(Қисқа муқаддима)

 

    بسم الله الرحمن الرحيم

Аллоҳ  таъолога  сўнгсиз  ҳамду  санолар  бўлсин.  Ҳазрати  Расулуллоҳ  соллаллоҳу

алайҳи  ва  саллам жанобимизга  чексиз  салоту  саломлар  бўлсин.

 

Алҳамдулиллаҳ, олимлари подшоҳ, подшоҳлари олим бўлган халқнинг фарзандларимиз.

 

Буюк  тарихчи  олим  Абдулҳай  Лакҳнавий-Ҳасаний  “Нузҳат  ул-хавотир”  (“Хотиралар сайри”)  асарида  ёзади:  “У  зотнинг  исмини    ҳазрати  Хожа  Убайдуллоҳ  Аҳрор  ўзлари Заҳируддин  Муҳаммад  деб  қўйганлар,  лекин  туркий  халқлар  орасида  Бобуршоҳ  деб машҳур бўлган, жуда кўп илмларда денгиздек илм олган. Унинг фиқҳи Ҳанафийда (Ҳанафий мазҳаби асосида) “Мубайян” номли асари бўлиб, унга шайх Зайнуддин (ибн Қутбуддин  ал-Ҳанафий)  ал-Хавофий  “Мубаййин”  деган  шарҳ  ёзган” (“Нузҳат  ул-хавотир” – “Хотиралар  сайри”,  314-бет.)

 

Шунга кўра, асар номи “Мубайян”   эканлиги аниқдир.

 

XVI аср тазкираларидан бўлмиш Ҳасанхожа Нисорийнинг «Музаккири аҳбоб» (“Севимли  зотлар  ёдномаси”)  асарида  айтилади:  “Бобур  подшоҳнинг  фазилатлари  бисёр  ва  камолотлари  бешумордир.  Аруз  хусусида  ёзган  рисоласи  (“Рисолаи  аруз”)  бир  денгиздирки, ичи жавоҳиру дурлар билан тўладир. Фиқҳ масалаларини яна бир рисолада мубайян қилганки, ёзувчиси донишмандлигидан нишонадир. Туркий ва форсийда яхши шеърлари бордир. Ўшал фиқҳ рисоласининг номи ҳам «Мубайян»дир» (Форс  тилидан  Исмоил  Бекжон  таржимаси. Тошкент,  Абдулла  Қодирий  номидаги  Халқ  мероси  нашриёти,  1993.  51-53-бетлар).

 

Шоҳ Бобур «Мубайян» китоби орқали буюк фақиҳ зот эканини намоён этади, асарни ўз валиаҳд ўғиллари Носируддин Ҳумоюн ва Комрон Мирзоларга дастуруламал сифатида мўлжаллаб, уларнинг сиймоси орқали бутун халқ оммасига беш фарз фиқҳий масалаларини таълим қилади.

 

Дарҳақиқат, асарда муқаддас ислом динининг беш рукни: иймон-эътиқод, намоз, рўза, закот  ва  ҳаж  масалалари  гўзал  шеърий  тилда  баён  этилган.

 

 Таҳқиқ  натижасида  шунга шоҳид бўлдикки, “Мубайян” асарининг асосий таянган манбаълари муборак “Мухтасарул-Виқоя” ҳамда  «Ҳидоя»и  шариф  китобларидир. 

 

Асардаги  дуо  матнлари  эса  асосан  кутуби  ситтада, яъни  олти  улуғ  муҳаддиснинг  китобларида  келган  ҳадислардан  ҳамда  Имом  Ғаззолийнинг «Иҳёу  улумид-дин»  асаридан  танлаб  олинган.

 

Қомусий аллома, мумтоз шоир, маърифатли фақиҳ Заҳируддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб  “Мубайян” асари Темурийлар даври ижтимоий, оилавий, хусусий ҳаётидаги  илмий,  маърифий,  диний  маданиятнинг  назмий  ифодасидир.  

 

Мирзо КЕНЖАБЕК

Read 2701 times

Мақолалар

Top