Мақолалар

МУНОСАБАТ: ХОЛИС БЎЛИНГ ЁХУД НОХОЛИСЛИК КАСБИНГИЗМИ?!

Бугунги кунда ахборот тезлиги шунча ривожланди-ки, бир пайтнинг ўзида бир воқеликка оид турли ёндашувларни мутолаа қилиш мумкин. Натижада, инсон онги бир-бирини инкор этувчи маълумотлар билан тўлмоқда.

Айрим интернет сайтлари ва муаллифлар бундай носоғломликка ўз “ҳисса”сини қўшмоқда. Шундай сайтлар бир хабар эълон қилади-ю, кетидан “ундай эмас, бундай экан” ёки “фалон хабар тасдиқланмади” ё “ану хато учун пистончи ишдан олинди” деган гаплар ила айбини ёпмоқчи бўлади. Аслида, бутун халқни нотўғри хабар билан алдагани учун мард бўлиб, узр сўрашга эса кибри йўл бермайди. Бундай нодонлик динимизда ҳам, дунёимизда ҳам уйда ҳам кўчада ҳам эр кишининг иши ҳисобланмайди.

Алишер Навоий ҳазратлари:

“Оғзига келганни демоқ - нодоннинг иши,

олдига қўйганни емоқ - ҳайвоннинг иши”

деганларида айни ҳақиқатни айтган эдилар.

Куни кеча “Имомларда сўз эркинлиги борми?” номли мақола ижтимоий тармоқларда тарқалди. Уни ўқиб чиқиб, муаллифда билим ва малака етишмаслиги, журналистик таҳлил ва суриштирув йўқ экани ҳамда имом-хатибларнинг фаоллиги борасида унинг мавжуд воқеликка назар солмасдан, бир ёқлама ёндашганини кўриш мумкин.

Муаллиф маълумотни жамоатчиликка етказишдан олдин вазиятни тўғри баҳолаб, таҳлил этади, маълумотларнинг ҳаққонийлигини текширади ва ахборотни саралайди ва уни тўғри услубда тақдим этади. Енгил-елпи ҳаракат ва тезда машҳурликка интилиш устоз кўрмаган шогирднинг ишидир. Доно халқимизда “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар” деган пурмаъно гап ана шундайларга тегишли, десак хато бўлмайди.

Шу ўринда таъкидлаш зурурки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси – расмий фаолият олиб бораётган исломий диний ташкилотларнинг ягона марказий бошқарув органи бўлиб, мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондириш, исломий расм-русумларни ҳанафий мазҳаби асосида ўтказишга бошчилик қилиш ва эътиқодий бирлигини таъминлаш бўйича ўз фаолиятини олиб боради. Шунингдек, республикадаги масжидлар ва мадрасалар фаолиятига бошчилик қилади ҳамда улар мўмин-мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондириш ва аҳиллигини таъминлаш ишларини амалга оширади.

Шу нуқтаи назардан аҳолининг эътиқодий бирдамлиги ва ўзаро ҳамжиҳатлигини таъминлаш, исломий саводхонлигини тизимли равишда ошириб бориш мақсадида ҳар жума куни масжидларда жума тезислари асосида мавъизалар ўқилиб, мўмин-мусулмонларнинг диний-маърифий онгини шакллантириб бориш амалиёти жорий этилган.

Жума тезислари матни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фатво бўлими уламолари томонидан тайёрланиб, тавсиявий шаклда масжидларга етказилади. Имом-хатиблар ўз салоҳиятлари даражасида ушбу мавзуни Қуръони карим оятлари тафсири, ҳадиси шарифлар шарҳи, уламолар насиҳатлари ва ҳаётий мисоллар асосида таъсирли қилиб жамоатга етказадилар. Зарур ҳолатларда тезисларга иловалар тайёрланиб, қўшилиши ҳам мумкин. Буни имом домлаларимиз яхши биладилар.

Тезислар бир хил бўлиши имом домлаларнинг сўз эркинлигига зид келади, дейиш мутлақо тўғри эмас. Чунки тезис ўз номи билан тезис! Яъни, у маъруза матни эмаски, ундан ташқарига чиқиш мумкин бўлмаса. Тезис маърузачи маъруза давомида фойдаланиб турадиган, фикрларини тартибга келтириб оладиган режалар мажмуи.

Жума маърузаларида тезисдан фойдаланиш ҳозирги кунда кўплаб мусулмон  мамлакатлари Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирлиги, Миср Араб Республикаси ва бошқа бир қатор мамлакатларда жорий этилган.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза – бугунги кунда имом-хатиблар ОАВ, телевидения, радио, бошма нашрларда тинимсиз чиқиш қилмоқдалар. Уч юздан ортиқ имом-хатиблар ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали мунтазам чиқишлар қилмоқдалар, онлайн суҳбатлар олиб бораяптилар. Буларни билмасдан ёки билиб туриб уларга туҳмат қилиб “Имомларда сўз эркинлиги борми”, деб жар солиш қайси мезонга тўғри келади?!

 

Ахборот тарқатиш одоби, мезонлари азал-азалдан мавжуд. Журналистикада ҳаққонийлик тушунчаси ҳеч бир замонда, ҳеч бир мамлакатда ва ҳолатда ўзгармайди. Журналист юксак савияда ижод қилиши мумкин, лекин ҳаққонийликка хилоф йўл тутса, унинг барча саъй-ҳаракати чиппакка чиқиши муқаррар.

 

             Хулоса ўзингиздан ...

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 

Read 2588 times

Мақолалар

Top