Мақолалар

Қабр зиёратига доир муҳим маълумотлар

Ҳанафий мазҳабида қабрлар зиёрати мандуб амаллардандир. Аввало ниятни тўғриламоқ, ихлос билан, холис Аллоҳ учун ўтганларнинг яхши амалларини хотирлаб зиёрат қилмоқ лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломнинг илк даврларида қабрларни зиёрат қилишни таъқиқлаган эдилар.

Чунки унда баъзи жоҳилия даврининг одатлари сақланиб қолган бўлиб, айрим қабилалар мақтаниш ва ғурурланиш учун ўликларининг қаҳрамонликларини санаб, бақир-чақир қилар, ошкора йиғи-сиғига зўр берар эдилар. Ислом одоб ва аҳлоқи инсонлар қалбига ўрнашгач, қабрлар зиёратига изн берилди. Қабрларни зиёратига даъват қиладиган энг машҳур даражада саҳиҳ бўлган ҳадиси шарифлар мавжуддир. Уларда қабр зиёратининг хосияти ҳақида бундай дейилади:

Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди, уларни зиёрат қилаверинглар! Чунки, у охиратни эслатади, сизларга ўлимни эсга солади. Чунки, у қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради. Cизларга унда ибрат бор. У дунёда парҳезкор қилиб қўяди” (Муслим, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа, Ҳоким, Табароний ривоятлари).

Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат изн бердилар, балки бу ишга амр қилдилар, тарғиб этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қабр зиёрати охиратни эслатади, дунёда зоҳид қилади”, деганлар. Яъни, охиратни эслатиб, дунёга ҳирс қўйишдан сақлайди. Инсон зиёратга бориб, ўзини ўнглайди, дунёнинг бир ўткинчи эканлигини эслайди, одамзотдан ўзи қилган яхшиликлари қолишини англайди. Тўпланган мол-дунёлар инсонга вафо қилмаслиги, бу дунёдан улардан бирор нарса олиб кета олмаслиги, фақатгина инсоннинг хайрли амаллари қолиши зиёрат асносида кўнгилдан ўтади. Қабрларни зиёрат қилиш ўлимни эсламоқ, дунё муҳаббатини кетказмоқ, манманлик ва мақтаниш, ғурурланишни тарк этмоқ учун машруъ қилинган (яъни шариъатда рухсат қилинган)дир.

Уламолар эркакларнинг қабрларни зиёрат қилишлари мумкинлиги борасида барчалари иттифоқ бўлишган. Лекин аёлларнинг зиёратини эса жумҳур уламолар макруҳ санашган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни лаънатласин”, дедилар” (Термизий ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда аёл кишиларнинг қабрлар зиёратига бориши яхши эмаслиги қаттиқ таъкидланмоқда.

Жумҳур “уламолар: “Ҳадисда айтилган лаънат қабрлар зиёратига бориб, дод солиб йиғлаган, сабрсизлик қилган ва ношаръий хатти-ҳаракатлар қилган аёлларга хосдир”, дейдилар”.

Ҳанафий мазҳаби уламолари эса макруҳ эмас, дейишган ва бунга юқорида биринчи келтирилган ҳадисни далил қилиб келтирадилар.

Эркаклар учун қабр зиёрати мустаҳаб, савобли амалдир. «Риёзу-с-солиҳийн» нинг туркий шарҳида эса аёллар учун ҳам қабр зиёратининг зарари йўқ, деганлар. Фақат бунда фитнадан холи бўлиш, ислом ахлоқи ва интизомига, зиёрат одобига риоя қилиш шартдир.

«Аёлларга оид фиқҳий масалалар» китобида эса: «Охиратни эсламоқ учун қабрни зиёрат қилмоқ эркак ва аёлга мандубдир (раводир, савоблидир)» дейилган. (289-саҳифа).

Аҳмад Изуддин ал-Байянунийнинг «Таҳорат ва намоз ҳукмлари» китобининг «Қабрларни зиёрат этиш ва улар ҳаққига дуо қилиш» бобида бундай дейилади:

«Қабрларни зиёрат қилиш эркаклар учун жоиз бўлганидек, агар фитна хавфи бўлмаса, охиратни эслаб, ўлимдан ибрат олиш учун аёллар ҳам зиёратга борсалар жоиз. Агар зиёрат сафар масофасида бўлса, унда, албатта, маҳрам бўлиши шартдир» (147-саҳифа).

Ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий манбаларда эса аёлларнинг қабрларни зиёрат қилиши жоиз, дейилган. Зотан, аёллар ҳам ўз ота-оналари ҳамда қариндошлари қабрларини зиёрат қилишга ҳақлидирлар. Бунга бир неча далиллар мавжуд. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Қабрларни зиёрат қилганимда нима дейман?”, деб сўраганлар. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ассалом, ъала аҳл ад-диёр мин ал-мўъминин ва-л-муслимин!”, деб саломлашасан”, деганлар. Буни муҳаддислардан Имом Муслим ва Имом ан-Насоий раҳимаҳумуллоҳ ривоят қилганлар.

Ким бўлишидан қаттий зиёратда ниятни тўғриламоқ лозим. Умар (р.а.) дан ривоят қилинади. Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар:

“Албатта, барча амаллар ниятга қараб эътибор қилинади. Ҳар бир киши ўз ниятига етгусидир. Бас, кимки (Маккадан Мадинага) Аллоҳ таоло ва унинг Пайғамбари учун ҳижрат қилса, унга Аллоҳ ва Расули учун ҳижрат қилганлик савоби ёзилур. Ҳар ким дунё учун ҳижрат қилса – дунёга, аёл учун ҳижрат қилса аёлга етгусидир. Бас, нимани ният қилиб ҳижрат қилса, ўшани эътиборга олинади”.

Ният қилиш луғатда “қасд қилиш ва ирода” маъноларини англатади. Демак, қабр зиёрат қилаётганларнинг ниятига эътибор қилинади. Агар зиёратчининг нияти ўтганларни хотирлаш, уларга савоб йўллаш қолаверса, ўлимни эслаш, ундан ибратланиш бўлса, бу жуда савобли иш бўлади.

Қабр зиёрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, “қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради”. Халқимизда:“Кўнглинг чўкса, бозорга бор! Кўнглинг кўтарилса, мозорга бор!”, деган нақл бор. Инсон ҳаётда ўзи билмаган ҳолда манманликка, кибру ҳавога берилиб қолиши мумкин. Инсон ўз айбу нуқсонларини гоҳида кўрмай қолади. Шунинг учун ундай одамларга қабр зиёрати жуда фойдали. Айниқса, бой-бадавлат инсонлар, мансаб курсисига ўтирганлар қабрларни кўпроқ зиёрат қилиб туриши керак. Қабрлар зиёрати пайшанба, жума, шанба, душанба кунларида бўлса яхши. Зиёрат тик турган ҳолатда бўлади.

 

Миржон ЭГАМБЕРДИЕВ

 

Read 2498 times

Мақолалар

Top