Мақолалар

Буюк даража соҳиблари

Илм Аллоҳ таолонинг бандаларга берган энг улуғ неъматларидан биридир. Бу улуғ неъматни эгаллаш йўлига кирган толиби илмлар ва уни ўргатувчи устозларнинг қадри ҳамма замону маконда, ҳар қандай жамиятда ҳам юқори туради. Қайси жамиятдаки олимлар ва устозларнинг  қадри баланд бўлса, уларга ҳурмат-эҳтиромда бўлинса, ўша жамият гуллаб яшнайди ва тараққий этади. Зеро, олимлар юксак мартаба ва олий шараф эгалари ҳисобланадилар. Аллоҳ таолонинг ўзи уларнинг қадрини кўтариб, мартабаларини олий қилган.

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

 “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси 11 оят).

Албатта даражаларни кўтариш улуғ фазлу марҳаматга далолат қилади ва дунёда олий мартаба, шон-шуҳрат каби маънавий юксакликни ҳамда жаннатдаги олий мартаба каби ҳиссий юксакликни ўз ичига олади.

Демак, Аллоҳ таоло илм эгаларининг даражаларини кўтариб қўйган экан, бизлар ҳам уларни иззак-икром қилишимиз лозим бўлади. Олим ва устозларни ҳурмат қилиш илмни ҳурмат қилишдандир. Устозларни ҳурматини жойига қўйиш билангина инсон манфаатли илмга ва юксак мартабага эришиши мумкин. Устозу олимларга ҳурматсизлик қилиш илмга ҳурматсизлик қилиш бўлади. Бу сабабдан инсон илмдек буюк неъматдан маҳрум бўлиб қолиши ёки унинг манфаатларидан қуруқ қолиши мумкин.

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Каттамизни улуғламаган, кичигимизга раҳм қилмаган, олимимизни ҳаққини билмаган киши биздан эмас”, деб айтганлар.

Амирул-мўминийн Али (р.а) айтдилар: «Сенинг зиммангдаги олимнинг ҳақлари: одамларга умумий салом бериб, унинг ўзига алоҳида салом беришинг, унинг олдига ўтиришинг, унинг ҳузурида қўлинг ва кўзинг билан имо-ишора қилмаслигинг, унга «Фалончи сизнинг гапингизнинг аксини айтган эди», деб айтмаслигинг, унинг олдида бировни ғийбат қилмаслигинг» .

 Али (р.а) яна шундай дедилар: «Унга кўп савол бермаслигинг, жавоб беришда уни машаққатга қўймаслигинг, эриниб турганида уни мажбурламаслигинг, кетиш учун ўрнидан турса, кийимидан тортмаслигинг, унинг сирини фош қилмаслигинг, унинг ҳузурида биронтасини ғийбат қилмаслигинг, буларнинг ҳаммаси олимнинг ҳақларидир. Олим хурмо дарахтига ўхшайди. У сенга мевасидан ташлашини кутиб туришинг керак».

Шаъбий айтадилар: «Зайд ибн Собит (р.а) уловларига миниш учун бордилар ва оёқларини узангига қўйдилар. Ибн Аббос (р.а) дарҳол бориб, узангини ушладилар. Зайд: «Қўйинг, эй Расулуллоҳнинг амакиваччаси, бундай қилманг» - дедилар. Ибн Аббос: «Йўқ, биз уламолар ва улуғларга шундай муомала қиламиз» - деб жавоб бердилар.

 Ҳасан ибн Али ўғлига дедилар: «Эй, ўғлим, агар уламолар билан ўтирсанг, гапиришдан кўра кўпроқ эшитишга интилгин. Чиройли жим туришни ўрганганингдек чиройли қулоқ солишни ҳам ўрган. Гарчи узун бўлса ҳам, ўзи тўхтамагунча бировнинг гапини бўлма».

 Имом Шофеъий айтадилар: «Моликнинг ҳузурида уни иззат-икром қилганимдан китоб саҳифасининг шитиллашини эшитиб қолмасин, деб секин варақлар эдим».

Имом Абу Бакр Ожуррий (р.ҳ) айтадилар: «Агар талаба уламолар билан ҳамсуҳбат бўлишни яхши кўрса, уларнинг олдиларида одоб сақлаб ўтирсин ва камтарин бўлсин. Овозини уларнинг овозларидан пастлатиб гапирсин. Сўраса, камтаринлик билан сўрасин. Аксар саволи ибодатни ўрганишга қаратилган бўлсин. Сўраган нарсасини билишга муҳтож эканлигини уларга билдирсин. Агар улардан бирор илмни ўрганса, «Сизлардан кўп яхшилик ўргандим» деб айтиб, сўнгра ташаккур билдирсин. Агар улар ғазаблансалар ҳам улардан ғазабланмасин. Балки уларни ғазаблантирган сабабни қидирсин. Сўнгра дарҳол шу нарсадан тийилиб уларга узр билдирсин. Уларни хафа қиладиган савол бермасин. Барча ишида мулойим бўлсин. «Мен сизлардан кўра билимдонроқман» қабилида улар билан мунозара қилмасин. Балки баҳслашишдан мақсади, уларга чиройли муомала қилиш билан бирга улардан фойдаланиш бўлсин».

 Имом Нававий айтадилар: «Талаба илмга ҳам, муаллимга ҳам камтарин бўлсин. Зеро муаллимига камтарин бўлса, илмга эришади. Биз барчага камтарин бўлишга буюрилганмиз. Устозга камтаринлик қилиш эса биринчи ўринда лозимдир. Талаба муаллимга бўйсунсин. Ишларида у билан маслаҳатлашсин. Сўнгра хаста одам билимдон, холис табиб кўрсатмаларига амал қилганидек муаллимнинг панд-насиҳатларига риоя қилсин».

 Имом Нававий яна айтадилар: «Агар нафсига зид бўлса ҳам муаллимини рози қилиши, унинг ҳузурида бировни ғийбат қимаслиги, унинг сирини фош қилмаслиги, уни ғийбат қилишса, тўхтатиши, агар кучи етмаса шу мажлисдан туриб кетиши, унинг рухсатисиз олдига кирмаслиги, унинг ҳузурига ҳурмат-эҳтиром билан, қалбини бекорчи нарсалардан фориғ қилиб, покиза бўлиб кириши, мажлисдаги одамларнинг елкасини хатлаб олдинга ўтмасдан, бўш жой топиб ўтириши фақат муаллимнинг ўзи ёки мажлисдагилар юқорига таклиф қилсалар олдинга ўтиши шогирднинг одобларидандир. Талаба шунингдек ўзининг тенгдошлари ва мажлис иштирокчиларига ҳам одоб билан муомала қилсин. Чунки уларга нисбатан одоб сақлаши устозига нисбатан одоблилиги ва унинг мажлисини ҳурмат қилишининг белгисидир».

 Имом Нававий сўзларида давом этиб шундай дейдилар: «Агар муаллим унга қўрслик қилса ҳам, у биринчи бўлиб узр сўрасин. Айб ўзида эканини изҳор қилсин. Бу иши унга динида ҳам дунёсида ҳам фойда беради. Ҳамда муаллимнинг қалбида унга нисбатан яхши таассурот қолдиради. Ахир айтганлар-ку: «Ким таълим олиш хорлигига сабр қилмаса, умри жаҳолат сўқирлигида ўтади. Ким илм машаққатига сабр қилса, унинг оқибати дунё ва охиратда азизлик бўлади.»

Ўтмишда олимлар ва устозларга ҳурмат-эҳтиромда бўлган шахслар келажакда баланд даражаларга эга бўлган ва ҳаёти ҳам яхшиликда ўтган.

Демак, инсон бирор касбу кор, илму ҳунар ўрганувчи ёки билган илму ҳунар, касбу корини бошқаларга ўргатувчи устоз бўлса элу юртга манфаати етади, Аллоҳнинг наздида ҳам, бандаларнинг олдида ҳам юқори ўринларда бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни олиму устозларни ҳурмат қиладиган ва уларнинг илмларидан манфаат оладиган бандалардан қилсин!

 

Хожа Бухорий ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси

Қосимов Аббос

Read 5556 times

Мақолалар

Top