Мақолалар

Бир луқма нон нафл ибодатдан афзалми?

1-Савол: «Тасаввуф нафл — қўшимча намоз, рўза, зикр ва бошқа ибодатларни тартибга солувчи, ташкиллаштирувчи бир тизимми, таълимотми?»

ЖАВОБ: Йўқ. Тасаввуф нафл ибодатларни тартибга солувчи, ташкиллаштирувчи таълимот эмас. Баъзан мутасаввиф нафл ибодатларни тарк этади. Бизнинг улуғларимиз айтадиларки: «Бирор кишига хизмат қилиш лозим бўлиб қолган бир пайтда, нафл ибодатларни тарк этамиз. Чунки нафл ибодат инсоннинг ўзига фойда етказади. Аммо бошқа бир кишига хизмат қилиш, жамиятга хизмат қилишдир. Бунинг савоби кўпроқ...

Иброҳим алайҳиссалом Каъбани бунёд қилганларида, тўрт бурчагининг ҳар бир бурчагида минг ракаатдан намоз ўқибдилар. Ва айтибдиларки: «Ё Раббим, шундай ибодат қилдим. Сенга маъқулми, мақбулми? Сенга бундан ҳам қиладиган яхшироқ, маъқулроқ ибодат борми?»  – Ҳа, ё Иброҳим, – дебди Аллоҳ. – Бир фақир камбағалга бир луқма нон бериш...

Демакки, ибодатингдан ўзингга фойда, аммо бошқа бир киши учун фойдали бир иш қилганда, у янада қимматлироқ, савоблироқ, нафл ибодатдан афзалроқ бўлади.

ТАСАВВУФ асосида хизмат, ҳурмат, ҳиммат, ғайрат, шафқат, эҳсон ётгани учун сиз сўраганингиздек нафл ибодатларни тартибга соладиган, ташкиллаштирадиган таълимот эмас. Дарвоқе, кечаю кундуз кўп нафл ибодатларни бажарадиган инсонлар борки, мутасаввифлар уларни «ОБИД» дерлар. Аммо обидлик тасаввуфнинг пастроқ мартабасидир. Ундан кейин «ЗОҲИД»лик мартабаси келади. Ундан кейин «ОШИҚИ СОДИҚ» ларнинг мартабаси келади. Аллоҳ севадиган, Аллоҳ ҳам уларни севадиганларнинг мартабаси. Юксак мартаба шудир...

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Read 1910 times

Мақолалар

Top