Мақолалар

ҲАЗРАТ АЛИШЕР НАВОИЙ     

Қишики истасаким,

етмагай малолат анга,
Керакмас аҳли жаҳон

бирла завқу ҳолат анга.

Гар одаме малак ўлсаки,

қилмасун таъриф,
Агар киши десаким,

етмагай хижолат анга.

Ёмонни демаки, излол

этар экин шайтон,
Дегил: фасодда мундин

етар залолат анга.

Чу дерлар инсонни

муштақ ўлди нисёндин,
Ўзину аҳдин унутмоқ

этар далолат анга.

Билурки, рўзи анга Ҳақ берур,

ўзидекнинг
Бўлур чу бандаси,

боис эрур разолат анга.

Демаки, илмда  келмиш

малакдин ул афзун –  
Ки, девдин доғи афзун

эрур жаҳолат анга.

Биров амонатини асрай олмас,

арчи эрур
Худой амонатини асрамоқ

ҳаволат анга.

Чу бўлди нутқ ила мумтоз

барча ҳайвондин,
Ҳам охир ул ҳайвондин

эрур мақолат анга.

Бу зулмларки, ул айлар,

не айлагай ногаҳ,
Анинг ҳисобида Ҳақ

айласа адолат анга.

Навоий оғзида “Ниъмал-вакил” 

эрур зикринг,
Суруғ куни карамингға

буюр ваколат анга.

 

НАВОИЙ ВА ИСЛОМ

 

МАЪРИФАТ ГУЛШАНИ

(Ҳар кун бир байт ўқиймиз...)

 

Ҳазрат Навоий хазиналари

“Фавойидул-кибар”, 8-ғазал)  

 

Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм.

Аллоҳдан ёрдам сўраб, ҳазрати Амир Низомиддин Алишер Навоийнинг «Фвойидул-кибар» («Кексалик фойдалари») девони 8-ғазали шарҳига киришамиз. Бу ғазал Навоий ижодининг гултожи бўлган энг улуғ асарлардан биридир. Унда ҳазрат Навоийнинг тафсир, ҳадис мутолаасига нақадар чанқоғлиги, беназир донишманд, Қуръон ва ҳадис билимдони эканлиги намоён бўлади.

 

I 

Киши истасаким, етмагай

малолат анга,

Керакмас аҳли жаҳон бирла

завқу ҳолат анга.

 

Агар киши ўзига бир малоллик, оғирчилик, сиқилиш етишини истамаса, бас, у жаҳон аҳли билан завқу ҳолатларга тушиши керак эмас; агар у жаҳон аҳли билан дунёнинг кайфу сафоларига берилса, дунёда ҳам, охиратда ҳам унга малоллик етади. Чунончи, Аллоҳ таоло Каҳф сурасининг 28-ояти каримасида ҳазрати пайғамбаримизга хитобан айтади:

 

وَاصْبِرْ نَفْسَكَ مَعَ الَّذِينَ يَدْعُونَ رَبَّهُمْ بِالْغَدَاةِ وَالْعَشِيِّ يُرِيدُونَ وَجْهَهُ

 

Маъноси: “Сиз ўзингизни эртаю кеч Раббининг зоти-ризосини истаган ҳолда Унга дуо-илтижо қилгувилар билан бирга (сидқидилдан) сабрли тутинг” (Каҳф сураси, 28-оят).

Руҳул баён китобида айтилади: «Сиз ўзингизни қўлга олинг, эртаю кеч Унинг зоти-ризосини истаган ҳолда Раббига дуо-илтижо қилгувилар билан бирга бўлинг».

 

Яна Нисо сурасининг 140-оятида айтилади (маъноси): “(Аллоҳ) сизларга Китоб(и)да: «Қачон Аллоҳнинг оятлари инкор этилиб ва масхара қилиниб турганини эшитсангизлар, то улар (бу сўзни қўйиб) бошқа бир сўзга ўтмагунларича (уларга қарши бора олмасангизлар), улар билан бирга ўтирманглар (шу йўсин ўз эътироз ва норозилигингизни билдиринглар). Йўқса у вақтда сизлар ҳам уларга ўхшаган бўлурсизлар», деб (бу оятни) нозил қилди...”.

 

Мирзо Кенжабек

(“Маърифат гулшани”).

 

 

МАЪРИФАТ ГУЛШАНИ

(Ҳар кун бир байт ўқиймиз...)

 

Ҳазрат Навоий хазиналари

(2-байт)

 

II

Гар одаме малак ўлсаки,

қилмасун таъриф,

Агар киши десаким,

етмагай хижолат анга.

 

“Агар одам фаришталик мақомига етган бўлса ҳам, ўзини таъриф этмасин, мақтаниб, кибру ҳаво қилмасин. Агар киши ҳаёти давомида ёки ўлар чоғида ёхуд қиёмат кунида ўзига бир хижолат етмасин деса, тўғри йўл шудир”.

 

Чунончи, Аллоҳ Қуръонда айтади (маъноси): «Аллоҳ худбин-такаббурларни ва мақтанчоқ кимсаларни севмас» (Нисо сураси, 36-оят).

 

Шайтон ибодатлари билан фаришталик мақомига етган эди, лекин кибри туфайли лаънатга гирифтор бўлди. Аллоҳ буюрган маҳалда Одам алайҳиссаломга сажда қилмади.

 

Аъроф сураси, 12-13-оятлар (маъноси): (Аллоҳ иблисга:) 12. «Сенга амр қилганимда сажда қилишдан сени нима манъ этди?» – деди. (Иблис:) «Мен ундан яхшироқман, мени оловдан яратдинг, уни эса лойдан яратдинг», деди. 13. (Аллоҳ:) «Ундоқ бўлса, туш у ердан! У ерда (жаннатда) такаббурлик қилиш (бош кўтариш) сенинг ҳаддинг эмасдир. Чиқ (у ердан)! Албатта, сен хор бўлгувчилардансан!» – деди.

 

Шайтон Аллоҳнинг амрига жавобан ҳавойи нафсига кўра ақл юритгани учун ва Аллоҳга итоат этмай, ўз фикрига қараб ҳаракат қилгани ва кибрлангани учун лаънатга ва хорликка гирифтор бўлди (“Файзул-Фурқон”).

Кейинги байт мазмунан бу байтни изоҳлаб келади.

 

Мирзо Кенжабек

(“Маърифат гулшани”).

 

МАЪРИФАТ ГУЛШАНИ

(Ҳар кун бир байт ўқиймиз...)

 

Ҳазрат Навоий хазиналари

(3-байт)

 

III

Ёмонни, демаки, излол

этар экин шайтон,

Дегил: фасодда мундин

етар залолат анга.

 

Ёмон кишини шайтон адаштириб залолатга солар экан, гумроҳ қилар экан дема, аксинча, баъзан бузғунчиликда ёмон кимсадан шайтонга залолат етади, баъзи инсонлар ўзи адашиб гумроҳ бўлган шайтонни янада адаштириб, янада гумроҳ қилиб қўяди. Яъни, ҳавойи нафсига эргашиб, фасод чиқаришда инсон баъзан шайтондан ўтади.

 

Инсоннинг фасодда баъзан шайтондан бадтар эканлиги тарихдан маълум. Бу оғир ҳукмга Қуръон далилдир. Чунончи, Аллоҳ айтади: «Сўнг у (Фиръавн) (халқини ва сеҳргарларини) тўплади ва (уларга бундай) ҳайқирди: «Мен сизларнинг энг олий раббингизман!» - деди» (Нозиъот» сураси, 24-оят).

 

Фиръавн бу сўзидан қирқ йил олдин ҳам аъёнларига: «Мен сизлар учун ўзимдан бошқа илоҳ борлигини билмайман» деган эди (Қасас сураси, 38-оят).

 

Яна Шуаро сураси, 28-оятида ҳам унинг шундай иддаоси баён қилинган. Шайтон шайтон бўла туриб, худолик даъвосини қилгани йўқ, инсон инсон бўла туриб худолик даъвосини қилди. Иблис бундан узоқ турди, ҳатто иймон аҳлига қарши жангга кирган куфр тоифасига қараб: «Мен сизлардан безорман … ва мен Аллоҳдан қўрқаман, чунки Аллоҳ жазоси ўта шиддатли зотдир», деди (Анфол сураси, 48-оят).

 

Шайтон аниқ ўзига тегишли бўлмаган бир мартабани даъво қилмади. Баъзи нақлларда шайтон Фиръавннинг сўзини эшитиб, неча фарсаҳ узоққа қочиб кетганлиги айтилади. Ҳа, инсон фасодда шайтондан ўтди, уни гумроҳ қилиб қўядиган даражага етди.

 

Аммо бу сўз шайтон ҳақида бирор ижобий фикр билдириш учун эмас, балки инсонларни фасоддан огоҳ этиш учундир. «Руҳул-баён»да айтиладики: «Иблис худоликни даъво қилмаган бўлишига қарамай, лаънатланди, Фиръавн ва унга ўхшаганлар эса  худоликни даъво қилган бўлишига қарамай, на тайин жиҳатидан, на тахсис жиҳатидан, иблисдек лаънатланмадилар. Бунинг ҳикмати нима?» дейдиган бўлсангиз, бу саволга жавобан айтиладики:  «Чунки иблиснинг нияти инсонларнинг ниятидан ёмонроқдир».

 

Яна бу саволга жавобан айтиладики: «Чунки қавлан ва ниятан илк тафриқа ва ихтилоф йўлини очган иблисдир. Ундан кейинги халқ ҳаддан ошишни ва ихтилофни унинг васвасаси билан йўл қилиб олдилар. Иблис ўз мухолафати билан Аллоҳ таолога қарши чиққан, у (фасодда ҳаддан ошган) кимсалар эса пайғамбарларга ва васийларга қарши борганлар. Баъзан Аллоҳга ялиниб-ёлворганлар, баъзан эса махлуқ олдида ўз гуноҳларини эътироф этганлар. Иблис эса ялиниб-ёлворган ҳам эмас, айбларини эътироф этган ҳам эмас. Шу жиҳатдан то қиёматгача ундан кейин келадиган кофирларнинг гуноҳи унга қайтади. Йўлдан озиш ва гумроҳликни воситасиз ҳолда ўртага чиқарган шайтондир».

 

Ҳазрат Навоийнинг хитоби шуки, инсон ўз ҳаддини билмоғи керак. Чунки Қуръонда: «Шубҳасизки, Аллоҳ ҳаддан ошгувчиларни севмас» (Бақара сураси, 190-оят), дейилади. Ва яна: «Аллоҳ эса фасодни севмас» (Бақара, 205), дейилади. 

 

Мирзо Кенжабек

(“Маърифат гулшани”).

 

МАЪРИФАТ ГУЛШАНИ

(Ҳар кун бир байт ўқиймиз...)

 

Ҳазрат Навоий хазиналари

(4-байт)

 

IV

Чу дерлар инсонни

муштақ ўлди нисёндин,

Ўзину аҳдин унутмоқ

этар далолат анга.

 

Инсон нисёндан (“унутмоқ” феълидан) тузилди, яъни «инсон» сўзи «нисён» (унутмоқ) деган сўздан келиб чиқди, дейдилар. Дарҳақиқат, ўзини ва аҳдини – ал-мийсоқ кунида Аллоҳга берган сўзини ва ҳаётда баъзан одамларга берган аҳд-паймонини унутиши бу гапга далолат қилади. Бу байтнинг асоси яна Қуръондадир.

 

Тоҳо сураси, 115-оят: “Дарҳақиқат, Биз бундан илгари Одамга (ул дарахт мевасидан емасликни) амр қилган эдик. Фақат у (буни) унутди. Биз унда азму қарор (қатъият, хатосида қаттиқ туриб олиш ҳолини) топмадик”.

 

Бақара сураси, 35-38-оятларида ўтганидек, ҳазрати Одам алайҳиссалом тақиқ амрига қарамай, шайтоннинг ташвиқи билан у амрни унутиб, нафсларига хуш келган нарсага мойил бўлдилар ва дарахтнинг мевасидан еб, гуноҳга йўл қўйдилар. Аммо шайтондек Аллоҳнинг амрини бажармасликда қаттиқ туриб олмадилар. Дарҳол пушаймон бўлиб, жон-жаҳдлари билан шундай бир тавба қилдиларки, натижада, авфга ва юксак даражага эришдилар (“Файзул-Фурқон”).

 

Ёсин сураси, 77-79-оятларида Аллоҳ таоло айтади:

 

أَوَلَمْ يَرَ الْإِنْسَانُ أَنَّا خَلَقْنَاهُ مِنْ نُطْفَةٍ فَإِذَا هُوَ خَصِيمٌ مُبِينٌ 

وَضَرَبَ لَنَا مَثَلًا وَنَسِيَ خَلْقَهُ قَالَ مَنْ يُحْيِي الْعِظَامَ وَهِيَ رَمِيمٌ 

قُلْ يُحْيِيهَا الَّذِي أَنْشَأَهَا أَوَّلَ مَرَّةٍ وَهُوَ بِكُلِّ خَلْقٍ عَلِيمٌ 

  1. Инсон, Биз уни бир нутфадан яратганимизни кўрмадимики, энди у (ожиз ақли билан Бизга) очиқ душман бўлиб қолди.
  2. У ўз асли – яратилишини унутиб, Бизга мисол келтиришга ўтди: «Шу чириб кетган суякларни ким тирилтиради?!» – деди.
  3. (Эй Расулим!)айтинг: «Уларни илк марта яратган Зот тирилтиради! У ҳар турли яратишни билгувчидир!» (Ёсин сураси, 77,78,79-оятлар).

 

Бу оятлардан инсоннинг ўзини, яъни ўз асли ва яратилиши унутганини кўрдик. Энди инсоннинг ўз аҳду паймонини унутиши нимадан иборат?

Бу мисрадаги аҳддан мурод ал-мийсоқ кунидир. Бу аҳду паймон  кунининг тафсили Аъроф сурасининг 172-оятида келган: “Аласту бираббикум? Қолуу: “Бала” оятидан иборатдир.

 

Оятнинг изоҳли маъноси: “(Эй Расулим!) Вақтида Раббингиз Одам фарзандларининг пушти камарларидан (ўтган ва бўлажак) зурриётларини (зарралар ҳолида) чиқарди ва уларни ўз-ўзларига гувоҳ қилди: «Мен сизларнинг Раббингиз эмасманми?» (деди). Улар: «Ҳа, (Сен Раббимизсан)! Биз гувоҳ бўлдик», дедилар. (Бу эса дунёда куфрга кетиб) қиёмат кунида: «Биз бундан бехабар эдик» демасликларингиз учундир” (Аъроф сураси, 172-оят).

 

 Одам зурриётлари шу йўсин қасамёд қилдилар, аҳду паймон бердилар. Энди Аллоҳни тан олмай, инкор йўлига кирганлар ўзини, аслини ва ўша аҳдини унутган кимсалардир. Қиёматни унутганлар ҳақида эса Аллоҳ айтади: «Бас, сизлар мана шу кунингизга рўбарў бўлишни унутганингиз (ва ҳавойи нафсингизга кўра яшаганингиз) туфайли тотинг (азобни)! Дарҳақиқат, Биз ҳам сизларни (энди дўзахда қолдириб) унутдик (тарк этдик). Қилмишларингиз муқобилида тотинглар абадий азобни!» (Сажда сураси, 14-оят).

 

Навоий таърифида инсонларнинг инсонлар билан қиладиган аҳу паймонлари ҳам назарда тутилгандир. Аҳдни сақламоқ Одам болаларининг энг гўзал фазилатларидандир.

 

Мирзо Кенжабек

(“Маърифат гулшани”).

 

 

 

 

 

 

МАЪРИФАТ ГУЛШАНИ

(Ҳар кун бир байт ўқиймиз...)

 

Ҳазрат Навоий хазиналари

(5-байт))

 

V

Билурки, рўзий анга

Ҳақ берур, ўзидекнинг

Бўлур чу бандаси,

боис эрур разолат анга.

 

“Инсон биладики, дарҳақиқат, ризқу рўзни бергувчи Ҳақ таолодир. У яна ўзидек бир қулнинг қули бўлиб, ўз-ўзини хор қилади. Бунга унинг разолати – пасткашлиги, тубанлиги сабабдир”.

 

Ҳижр сураси, 20-оятнинг изоҳли маъноси: “Биз у ерда (яъни, заминда) сизлар учун ҳам, (сизлар «биз боқяпмиз» деб ҳисоблаган, аммо Аллоҳ бермагунича) сизлар ризқларини бера олмайдиган жонлар учун ҳам тирикчилик ашёларини пайдо қилиб қўйдик”.

 

Инсон истеъмол қиладиган таомнинг тўртта фарзи бор:

 

  1. Ҳалол ейиш, ҳалол меҳнат билан топиш, луқмаи ҳалолга диққат қилиш.
  2. Ризқни Аллоҳдан деб билиш. Мен уриниб топдим, деб керилмаслик. Бирор банда сабабчи бўлса ҳам, асл сабабкор Аллоҳдир, у ризқни берган фақат Ўзидир.
  3. Аллоҳнинг тақсимотига рози бўлиш. Бугун оз топдим, деб шикоят қилмаслик. Фалончи кўп топди, мен оз топдим деб густохлик қилмаслик.
  4. Таомдан ҳосил бўлган қувватни гуноҳ-маъсият ишларга сарфламаслик, балки Аллоҳ ризо бўладиган яхши амалларга сарфлаш.

 

Ҳақ таоло инсонни, яъни иймонли инсонни азиз ва мукаррам қилган, шарафли зот қилган. Шунга қарамай, ўзидек бир қулнинг қули бўлиб, ёки бошқа йўллар билан ҳаром ризқ топувчилар ҳам учрайди. Эътиқодга кўра, ҳаром ҳам ризқ. Лекин ризқни ҳаромдан топувчилар инсонлик шарафидан ва иззатидан маҳрум кимсалардир. Шу боис ҳалолга ҳисоб бор, ҳаромга азоб бор, деганлар.

 

Шу эътиқодда бўлгандан кейин инсон ўзини ўзи расво қилмаслиги керак. Ҳазрат Навоийнинг танбиҳи, ўгити ана шудир.

 

Мирзо Кенжабек

(“Маърифат гулшани”).

 

 

 

 

 

 

 

 

(Тайёр)

МАЪРИФАТ ГУЛШАНИ

(Ҳар кун бир байт ўқиймиз...)

 

Ҳазрат Навоий хазиналари

(6-байт)

 

VI

Демаки, илмда келмиш

малакдин ул афзун,

Ки девдин доғи афзун

эрур жаҳолат анга.

 

“Инсонни илмда фариштадан ҳам ортиқ бўлди, дема. Баъзан унда жаҳолат – нодонлик девдан – шайтондан ҳам ортиқ бўлади”.

Инсоннинг малакдан афзун-устун бўлиши фаришталар билмаган нарсаларни билиб, айтиб беришидир (Бақара сураси, 30-33-оятларини эслаймиз).

 

Инсонда жаҳолатнинг устун келиши ўз аслини унутишидир («Ёсин» сураси, 77-78-оятлар) ва ҳақ йўлни қўйиб, Аллоҳнинг лаънатига учраган шайтонга эргашишидир. Юқорида эсланган Фиръавн аҳволи бунга мисолдир. Шайтон шайтонлиги билан ўзини яратган зот Аллоҳ эканлигини билди, инсон эса жаҳолатда, нодонликда девдан – шайтондан ўтди, Яратган зотга душман бўлди, ҳатто худоликни даъво қилди.

 

Иблис фаришталик мақомига етган, ҳатто фаришталарга дарс берар эди. У кибри ва ёмон нияти туфайли Аллоҳнинг раҳматидан қувилди. Бас, шайтон алайҳи лаъна қиссаси инсонга абадий сабоқдир. Шайх Маҳмуд Асъад Жўшон (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: «Инсоннинг уч душмани бор: 1) нафс; 2) шайтон; 3) жаҳолат – нодонлик». Бу душманлардан халос бўлиш, Аллоҳнинг ризоси ва раҳматига эришиш учун ҳам одамзодга – эркак ва хотин-қиз барча мусулмонларга илм фарз қилинган.

 

Шайтон Аллоҳни таниди, лекин кибри билан куфрга кетди. Инсон эса ўзини яратган Зотни танимай, бут-санамларга ибодат қилди. Зумар сураси, 64-оятида айтилади:

قُلْ أَفَغَيْرَ اللَّهِ تَأْمُرُونِّي أَعْبُدُ أَيُّهَا الْجَاهِلُونَ 

Маъноси: Айтинг: «Эй (Аллоҳни танимаган) жоҳиллар! Сизлар менга Аллоҳдан бошқага ибодат қилишни буюрасизларми?» (Зумар сураси, 64-оят).

Ҳазрати Мусо алайҳиссалом: «Жоҳиллардан бўлмоқдан Аллоҳдан паноҳ тилайман!» – деб дуо қилганлар.

 

Мирзо Кенжабек

(“Маърифат гулшани”).

 

 

 

 

 

 

 

 

 

МАЪРИФАТ ГУЛШАНИ

(Ҳар кун бир байт ўқиймиз...)

 

Ҳазрат Навоий хазиналари

(7-байт)

 

        VII

Биров амонатин асрай

олмас, агарчи эрур

Худой амонатин асрамоқ

ҳаволат анга.

 

“Инсон баъзан бировнинг омонатини асрай олмайди, гарчанд унга Аллоҳнинг омонати ҳавола этилган ва юклангандир”.

Аллоҳнинг омонати – ақл, шариат таклифлари, Аллоҳнинг фарз қилган ибодатлари, амр ва тақиқлариди. Бунга риоя қилмоқ фарздир.  Байтдаги «Худой омонати» ибораси Қуръони каримга таянади. Аҳзоб сураси, 72-оятида Аллоҳ таоло айтади:

 

إِنَّا عَرَضْنَا الْأَمَانَةَ عَلَى السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَالْجِبَالِ فَأَبَيْنَ

أَنْ يَحْمِلْنَهَا وَأَشْفَقْنَ مِنْهَا وَحَمَلَهَا الْإِنْسَانُ إِنَّهُ كَانَ ظَلُومًا جَهُولًا

 

Маъноси: “Дарҳақиқат, Биз омонатни (буйруқ ва тақиқларни) осмонларга, ерга ва тоғларга арз (ва таклиф) этдик, улар уни кўтаришдан чекиндилар ва ундан (у келтирадиган масъулиятдан) қўрқдилар. Ва инсон уни кўтарди. (Агар унинг талаби адосидан чекинса,) дарҳақиқат, у ўта золим ва нодон (демак)дир”.

Ҳасан Таҳсин изоҳида келадики, агар инсон илоҳий таклифни унутса, нафсига эргашса ва ақлини бутга айлантириб, ишларини Аллоҳнинг амр ва тақиқларига мослаб эмас, балки ўз ҳавойи нафсига қараб бажарса, у ҳолда у - ҳам золим, ҳам жоҳилдир.

 

Омонат нима?

 

Омонат – шариат ҳукмлари, тавҳид – Аллоҳнинг ягоналиги эътиқоди, намоз, (рўза, закот, ҳаж) каби ибодатлар (Имом Суютий).

Омонат Аллоҳнинг буйруқ ва тақиқларидир, Аллоҳнинг амр ва наҳйлари – буйруқлари ва қайтариқлари, шариат таклифлари ва Аллоҳнинг фарзларидир, Аллоҳнинг ҳаққи бўлмиш ибодатлар, инсонлар ва бошқа махлуқот ҳаққига тегишли бўлган амр ва наҳйлар деб таъвил қилинган (қаранг: “Тафсири Торозий”, «Тафсири Ҳилол»).

 

«Руҳул баён»да асарида бу омонат уч мартабадан иборат эканлиги айтилади:

1) шаръий вазифалар, диний иш-амаллар;

2) муҳаббат, ишқ(и Илоҳий) ва Илоҳий жазба бўлиб, булар омонатнинг биринчи мартабасининг самараси ва натижасидир;

3) воситасиз ҳолдаги файзи Илоҳий; бу файзи Илоҳий ваҳбий (яъни, Аллоҳнинг лутфу эҳсони) бўлиб, киши ўз-ўзича уни қўлга кирита олмайди.

 

Омонатни адо этиш

илоҳий амрдир

Омонатга риоят қилиш қатъиян Қуръонда буюрилган  ишдир. Ғазални яхши англаш учун омонатларни сақлаш, эгаларига бериш, унга хиёнат қилмаслик, омонатни, яъни жамият ҳаётига тегишли бўлган хизмат, лавозим ва ишларни топширганда пок, ҳалол, ҳақдор ва лойиқ бўлган инсонларга топшириш ҳақидаги ояти карималарга диққат қиламиз; Аллоҳ айтади:

 

Нисо сураси, 58-оят маъноси: “Дарҳақиқат, Аллоҳ сизларга омонатни (ва ишларни, албатта,) ўз аҳли-эгаларига (Исломга мос пок ахлоқли, муносиб ва ҳақдор кишиларга) топширмоғингизни, инсонлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилмоғингизни амр этур. Дарҳақиқат, Аллоҳ бу билан сизларга қандай гўзал насиҳат берур! Албатта, Аллоҳ (ҳамма нарсани) эшитгувчи ва кўргувчидир.

 

 Анфол сураси, 27-оят маъноси: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ва Пайғамбарга хиёнат қилманглар, (буйруқларининг аксини бажарманглар, йўқса) сизлар билиб туриб ўз омонатларингизга хиёнат қилган бўлурсизлар”.

Ёки бу ояти каримага: «Аллоҳга, Пайғамбарга ва ўз орангиздаги омонатларга билиб туриб хиёнат қилманглар» деган маъно ҳам берилган.

 

Муъминун сураси, 8-оятида Аллоҳ таоло омонатга ва аҳдга риоят қилиш нажот топадиган мўъминларнинг сифатларидан эканини билдиради. 

 

Ҳазрат Навоий “Насойим ул-муҳаббат” китобини икки оят билан бошлайдилар (Исро, 70; Аҳзоб, 72). Исро сураси, 70-оят (маъноси). Дарҳақиқат, Биз Одам фарзандларини (яъни, иймон аҳлларини) азизу мукаррам қилдик, уларни қуруқликда ва денгизда  (уловларда) кўтариб қўйдик,

 

Сўнг айтадилар: “Бу тақдир билан шундай ҳақиқат юзага чиқарилдики, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло яралмиш нарсалар орасида Бани Одамдан, яъни Одам фарзандларидан шарафлироқ ва буюкроқ нарсани яратмагандир, нечунки, маърифатуллоҳ ганжининг амини – оманатдори, ишончлиси ва маҳрами – сирдоши улдир (инсондир)” (Матн соддалаштириб олинди).

 

Наманганлик аллома Довудхон тўранинг суҳбатларида эшитганман, улуғ алломалардан бирлари Аллоҳ таоло инсонни “дарҳақиқат, у ўта золим ва жоҳилдир” дейиш билан бир исириқ тутатиб қўйди”, деган эканлар. Яъни, инсоннинг бу улуғ шарафи ва мартабасидан шайтоннинг душманлиги зиёда бўлмасин деб, Инсон ўзининг бу шараф мартабасидан ғурур ва кибрга кетмасин,  деб, яъни, унга кўз тегмасин деб, бир исириқ тутатиб қўйди, деган эканлар.

Халқнинг хайрли бир нарсада одамга кўз тегмасин деб исриқ тутатиб қўйиш одати бор. Навоийнинг бир байтидан бу одам қадимий эканини англаймиз.

Бу қизарған кўз аро мардум эмаским, эл кўзи –  

Тегмасун ҳуснунгға деб, ўт узра солибмен сипанд.

яна:

Ул ой ўтлуғ юзин очса, Навоий, тегмасин деб кўз,
Муҳаббат тухмидин ўзга ул ўт узра сипанд этмас.

 

Исириқнинг навдаси эмас, уруғи яхши тутаб, манфаат беради.

 

 

 

МАЪРИФАТ ГУЛШАНИ

(Ҳар кун бир байт ўқиймиз...)

 

Ҳазрат Навоий хазиналари

(8-байт)

 

VIII

Чу бўлди нутқ ила мумтоз

барча ҳайвондин,

Ҳам охир ул ҳайвондин

эрур мақолат анга.

 

“Инсон нутқ туфайли барча ҳайвондан мумтоз – устун ва афзал бўлди. Охири (қиёмат яқин келганда) яна ўша ҳайвондан инсонга сўзлашув, нутқ бўлади”.

Гап қиёматга яқин чиқадиган ер ҳайвони – доббатул-арз ҳақида бормоқда. Ислом эътиқодига кўра, Доббатул-арзнинг чиқиши ҳақиқатдир.

 

  1. Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ан-Насафий «Ақоид» рисоласида айтадилар: “Ҳазрати Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қиёмат аломатларидан деб берган хабарлари – Дажжол, Ер ҳайвони (Доббатул-арз), Яъжуж ва Маъжужларнинг чиқишлари, Ийсо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари, Қуёшнинг ғарбдан – кун ботар тарафдан чиқиши кабиларнинг барчаси ҳақ ва ростдир”.

 

  1. Ҳанафий мужтаҳидларининг энг йирикларидан бўлган Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ат-Таҳовий “Ақоид” китобида айтадилар: “Қиёмат аломатларига ҳам ишонамиз: Дажжолнинг чиқиши, Ийсо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари, қуёшнинг ғарб томондан чиқиши, Ер ҳайвонининг чиқиши кабилар”.

 

  1. Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-Бурсавий ҳам “Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди” китобида шу ҳақиқат баён қиладилар.

 

Ислом эътиқодига кўра, ер ҳайвони, яъни, Доббатул-арзнинг чиқиши ҳақ эканлиги Намл сураси, 82-ояти билан собитдир:

 

وَإِذَا وَقَعَ الْقَوْلُ عَلَيْهِمْ أَخْرَجْنَا لَهُمْ دَابَّةً مِنَ الْأَرْضِ

تُكَلِّمُهُمْ أَنَّ النَّاسَ كَانُوا بِآَيَاتِنَا لَا يُوقِنُونَ

 

Маъноси: “Уларнинг бошида (қиёмат қоим бўлиши ҳақидаги) сўз воқеъ бўлган вақтда Биз улар учун ердан бир ҳайвон (ажойиб ва ғаройиб бир махлуқ) чиқарурмизки, у инсонларнинг Бизнинг оятларимизга қатъий ишонмаганларини айтиб уларга гапиради”. (Бас, шунда тавба эшиги ёпилади, ҳақиқий мўъминлар билан иймонсизлар маълум бўлади.)

 

Саййид Маҳмуд Торозий “Тафсирул-Қуръон” китобида айтадилар: «Қиёматдан олдинроқ Маккадаги Сафо тоғи ёрилиб, ичидан бир жонвор чиқади ва халқ билан сўзлашади”..

 

Исмоил Ҳаққий Бурсавий “Руҳул-баён” китобида айтадилар: «(Аввал) Маҳдий келади, кейин Дажжол чиқади, ана шунда ҳазрати Ийсо алайҳиссалом тушадилар (ва Дажжолни ўлдирадилар), шундан кейин Ер ҳайвони  чиқади ва энг охирида қуёш ғарбдан чиқади».

 

Ҳабибуллоҳ ибн Саййид Яҳёхон Фарғоний-Кобулий «Ҳадоятут-толибийн» китобида айтадилар: «Ер ҳайвонининг сабаби билан бу мўъжизани кўрсатишдан мақсад ушбуни билдиришдир: «(Эй инкор этувчи кофирларлар!) Пайғамбарлар тилидан айтилган қиёмат ва ундан кейин бўладиган ишларни қабул қилмас эдингизлар, бу кун у нарсани бир ҳайвон тилидан қабул қилишга мажбурсизлар, лекин бу қабул қилишнинг энди ҳеч фойдаси йўқдир».

 

«Сунани Термизий», «Қуръон тафсири китоби», ҳазрати Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан: “Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтдилар: «Ер ҳайвони ўзи билан бирга Сулаймон (алайҳиссалом)нинг узуги (муҳри) ва Мусо (алайҳиссалом)нинг асоси бўлган ҳолда чиқади, (асо билан) мўъминнинг юзини нурлантиради, муҳр билан кофирнинг бурнисига муҳр босади. Ниҳоят, бир дастурхон атрофида ўтирганлар жамланадилар ва бу: «Эй мўъмин!», ва бу: «Эй кофир!» деб (бир-бирига) хитоб қилади».

 

Фақиҳ Абул-Лайс Самарқандий «Тафсийрул-Қуръон»да Намл, 82-оят шарҳида айтадилар: «Ваъда қилинган азоб вақти кофирларнинг бошига келган маҳалда ердан бир ҳайвон чиқадики, инсонларнинг Аллоҳнинг оятларига қатъий ҳолда ишонмаганларини айтиб, гапиради. Бу қиёмат аломатларидан биттасидир… Кофирлар бу ҳайвонни то кўзлари билан кўрмагунларича Аллоҳнинг оятларига ишонмайдилар, фақат ўша вақт ишонадилар. Аммо Ер ҳайвонининг чиқиши тавба эшигининг ёпилажагига далолат қилганидан, шундан кейин қилинган тавбалар Аллоҳ ҳузурида қабул бўлмайди» (4-жилд, 431-саҳифа).

 

«Саҳиҳи Муслим», «Фитналар китоби», 118 (2941) ҳадисдан сўнг, Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳудан баён қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир ҳадисни ёдлаб олдим ва уни ҳеч унутмадим. Жпаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитганман: «Қиёматнинг аломатларидан биринчиси қуёшнинг ўз ғарбидан чиқишидир ва инсонларга ер ҳайвонининг чиқишидир. Буниси чошгоҳ вақтида бўлади. Қайси бири олдин чиқса, кейингиси дарҳол ҳамроҳининг ортидан чиқади».   

 

Дунёда 124 минг пайғамбар, неча минг уламо, авлиё ва шайхлар қиёматнинг келишини эълон қилдилар, лекин куфр аҳли инсонларнинг энг афзалларининг сўзларини қабул қилмади ва унга ҳозирлик кўкрмади. Энди бир ҳайвоннинг тилидан қабул қилишга мажбур!  Афсус, энди кеч!

 

Аллоҳ таоло, азиз инсонлар сўзига қулоқ солмаган инкор аҳлига энг охирида ўзлари лойиқ бўлган ҳайвон сўзини рад қилиб бўлмас далил қилмоқда.

 

Ҳазрат Навоий: «Чу бўлди нутқ ила мумтоз барча ҳайвондин, Ҳам охир ул ҳайвондин эрур мақолат анга» – «Инсон ўзи нутқ билан барча ҳайвондан устун бўлди. Охири яна ўша ҳайвон унга гапиради», деган байтда ана шу илмий ҳақиқатларни жамлаганлар. Аллоҳ оқибатмизни ва охиратимизни хайрли қилсин.

 

Мирзо Кенжабек

(“Маърифат гулшани”).

 

 

 

МАЪРИФАТ ГУЛШАНИ

(Ҳар кун бир байт ўқиймиз...)

 

Ҳазрат Навоий хазиналари

(9-байт)

 

IX

Бу зулмларки ул айлар,

не айлагай, ногаҳ

Анинг ҳисобида Ҳақ

алайса адолат анга!

 

“Инсон шундай зулмлар қиляптики, унинг бу зулмларини ҳисоб-китоб қилиб, Ҳақ таоло адолат қилса, унинг ҳоли не кечади?”

 

Аллоҳ Қуръонда айтади (оят маъноси): «Бу кун (охиратда) ҳеч кимга ҳеч бир тарзда  зулм-ноҳақлик қилинмас. Сизлар ҳам фақатгина ўз қилган амалларингиз жавобини олурсизлар, холос (Ёсин сураси, 54-оят).

 

Яъни, Ҳақ таоло адолат қилади, асло зулм қилмайди. Аммо ўз-ўзига ва бошқаларга зулм қилганлар Аллоҳнинг шу адолатига чидай оладими? Инсоннинг зулмлари муқобилида Аллоҳ адолат қилса, банданинг аҳволи нима бўлади? Мана, Навоийнинг олимона ва орифона танбиҳи, огоҳлантириши ана шудир.

 

Энди, Аллоҳ таоло бирор бандага асло зулм қилмаслиги, балки зулм қилишни зинҳор истамаслиги ҳақидаги ояти карималарнинг маъноларига диққат қиламиз:     

       

(Эй Муҳаммад!) Булар Аллоҳнинг оятларидир. Уларни сизга ҳақиқатни билдирмоқ учун тиловат қилурмиз. Аллоҳ оламлар(аҳли)га (ҳеч бир суратда) зулм-ноҳақлик қилишниистамас!”  (Оли Имрон, 108)

 

“Бу (азоб) ўз қўлларингиз (билан қилиб) тақдим этган (гуноҳ) амалларингиз жавобидир. Шубҳасиз, Аллоҳ бандаларига асло зулм қилгувчи эмас”.  (Оли Имрон, 182).

 

“Охират эса тақво қилганлар (Аллоҳнинг амрига мос яшаганлар) учун, албатта, яхшироқдир. Сизларга хурмо данаги ичидаги нозик қилчалик ҳам зулм қилинмас”. (Нисо сураси, 77).

 

Байтнинг хулосаси шуки, Аллоҳ таоло куфр аҳлига адолат билан муомала қилади, мўъминларга эса раҳмати билан муомала қилади. Агар Аллоҳ таоло мўъминларга ҳам раҳмати билан эмас, алолати билан муомола қилса, банданинг умрбод қилган ҳамма яхши амаллари битта кўз неъматига ҳам тенг кела олмайди. Бунинг устига, у зулм ва ноҳақликлар қилган бўлса, бунга нисбатан Аллоҳ раҳмати билан эмас, адолати билан муомала қилса, банданинг аҳволи хароб бўлади.

 

Баски, Аллоҳ адолат билан банданинг ҳар бир ишини ҳисоб-китоб қилса, аҳвол аянчлидир, Аллоҳнинг адолатига банданинг тоқати етмайди. Шунинг учун ҳар бир уйғоқ шуурли, уйғоқ қалбли инсон Аллоҳнинг раҳматини сўраши керак, «Ё Раббим, менга лутфинг, караминг, раҳматинг билан муомала қилгин!» деб ёлвориши керак. Ҳазрат Навоий бу хусусда бизни огоҳ этаётирлар.

 

Мирзо Кенжабек

(“Маърифат гулшани”).

 

 

 

 

МАЪРИФАТ ГУЛШАНИ

(Ҳар кун бир байт ўқиймиз...)

 

Ҳазрат Навоий хазиналари

(10-байт)

 

                X

Навоий оғзида «неъмал-

вакийл» эрур зикринг,

Сўруғ куни карамингға

буюр ваколат анга.

 

«Ҳасбуналлоҳу ва неъмал-вакийл» («Аллоҳ бизга кифоядир ва У қандай гўзал вакилдир!») деган зикринг ҳамиша Навоийнинг оғзида, тилида, дилидадир. Бас, сўроқ куни, ҳисоб куни, яъни қиёмат куни лутфу караминг, раҳматинг билан унга Ўзинг вакиллик қил – мададкор ва ҳомий бўл!

 

Байтдаги «неъмал вакийл» ибораси Қуръони каримнинг Оли Имрон сураси, 173-оятидандандир. Аллоҳ таоло айтади:

 

Улар (Аллоҳ ва Расулига боғланган шундай зотлар)ки, халқ уларга: «(Душманингиз бўлган) инсонлар сизларга қарши лашкар тўплади, ахир, улардан қўрқинглар» деганида, бу (сўз) уларнинг иймонларини(нг қувватини) орттирди ва:

 

حَسْبُنَا اللَّهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ 

 

«Аллоҳ бизга кифоядир, У қандай гўзал вакилдир (қандай гўзал нигоҳбон, қўриқчи, ёру мададкордирдир)!» – дедилар (ва сафарга чиқдилар)  (Оли Имрон, 173).

 

Навоий ҳам ана шу таваккул сўзи билан «сафар дар ватан» рашҳасида яшаганлар.

 

Яна ҳукмдор Намруд қавми Иброҳим алайҳиссаломни манжаниққа солиб оловга отган дамда у зотнинг айтган охирги сўзлари ана шу шарафли таваккул ибораси эканлиги ҳадиси шарифда ҳам билдирилган: «Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом оловга ташланган вақтда айтган сўнгги сўзлари: «Ҳасбийаллоҳу ва неъмал-вакийл» («Менга Аллоҳ кифодир ва У қандай гўзал вакилдир!» деган сўздир». (Хотиб «Тарих»ида, Ибни Асокир «Тарих»ида Аби Масъуд Бадрийдан; яна Хотиб Абу Ҳурайрадан, яна Ибни Аббос (розийаллоҳу анҳум)дан баён қилганлар. Рамузул-аҳодис, 1-жилд, 3-саҳифа.)

 

Демак, ҳазрат Навоий илдизи ғоят мустаҳкам бир зикрни, Қуръони карим ва ҳадиси шарифда томир отган муборак бир таваккул сўзини доим тилда сақлаганларини, бу сўз билан Аллоҳни зикр қилиб юрганларини хоксорона маълум қиляптилар. Шу билан Аллоҳдан қиёмат куни ўзига вакиллик қилишини, ҳомий ва мададкор бўлишини илтижо қилиб сўраяптилар.

 

Бу зикрни айтиб юрган кишини Аллоҳ таоло Ўз ҳифзу ҳимоясида асраши, бало-офатлардан сақлаб, муродига етказиши баёнларда билдирилади.

Навоийнинг ҳар бир ғазали олам аҳлига маърифат дарсидир.

 

Хулоса:

  • Адабиёт миллат руҳий ҳаётинингбир қисмидир.
  • Адабиёт беҳуда сўз эмасдир, “лаҳвал-ҳадис эмасдир”.

 

Луқмон сураси, 6-оят маъноси: “Шундай инсонлар ҳам борки, (дин ҳақида) бирор илми бўлмай туриб (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан оздириш ва уни (у йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўзларни сотиб олур (ва ўқир ёки эшитиб,сайр қилур). Ана ўшалар учун хорловчи азоб бордир”.

 

Исломга зид ва шаҳватга ундайдиган тарзда ёзилган ёки ўқиладиган роман, қисса, ҳикоя, қўшиқ, шеър каби нарсалар.

 

Мирзо Кенжабек

(“Маърифат гулшани”).

 

 

 

 

Мирзо КЕНЖАБЕК

 

Read 2740 times
Tagged under

Мақолалар

Top