Мақолалар

Олимнинг айтган сўзи қачон қалбга боради?

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими мудири Абдулҳамид Турсунов билан суҳбат

  1. Ҳурматли домла, суҳбатимизни Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифда олимлар васфи, уларнинг қадр-қиммати тўғрисида келган оят ва ҳадислардан бошласак...

– Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аллоҳга беадад ҳамд-у саноларимиз, севикли пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дуруд-у салавотларимиз бўлсин.

Аллоҳ таоло илм ўрганишни ҳар бир мўмин-мусулмон зиммасига фарз қилган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти ҳам “Ўқи” деган амр бўлди.  Аллоҳ таоло илмни бандаларига қиёматгача Ўзининг маърифатига эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик ва жоҳиллик,  инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва бу орқали Парвардигорини танишга буюрди. Бинобарин, “илм” сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган.

Ояти карималарда Аллоҳ таоло илмни улуғ неъмат, юқори даража ва камолот сифатида зикр қилади. Олиму фозилларнинг мақоми баланд эканини билдиради, банда қанчалик кўп илм олса, тафаккури кенгайса, Аллоҳдан шунчалик қўрқадиган бўлишини баён этади. Хусусан, Аллоҳ таоло: «...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир» (Мужодала сураси, 11), «Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир» (Фотир, 28), «Ушбу мисолларни Биз одамлар (ибрат олишлари) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар» (Анкабут,43), деб марҳамат қилади.

Илм ва олимларнинг фазилатлари, икки дунёда эришадиган даража ва мартабаларига доир ҳадислар ҳам жуда кўп учрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олим кишининг бир кунлик ибодати илмсиз обиднинг қирқ йиллик ибодатига тенг экани, қиёматда шафоат қилиши, агар у таълим ҳам берса, Ер ва осмонлардаги барча жонзот Аллоҳдан унга мағфират сўраши ва бошқа кўплаб башоратлар саҳиҳ ҳадислар орқали ривоят қилинган.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бири обид ва бири  олим бўлган икки киши зикр этилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Олим кишининг обидга нисбатан фазли менинг ораларингиздаги энг қуйи табақа вакилига нисбатан фазлим кабидир”,  деб марҳамат этдилар. Сўнг у зот алайҳиссалом: “Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг малоикалари, осмон ва ер аҳллари, ҳатто инидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи олимларни дуо қилади”, дедилар (Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки кишига ҳавас қилиш жоиз: биринчиси – Аллоҳ таоло берган мол-дунёни ҳақ йўлга инфоқ-эҳсон қилувчи; иккинчиси – Аллоҳ таоло илм берган бўлса-ю, ўша илм билан ҳукм қилган ва уни бошқаларга ўргатганга”, деганлар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Шунингдек, Қуръон ва суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаром-хариш, ёмон йўл ва амаллардан қайтаришига оид оят ва ҳадислар зикр этилган. Дарҳақиқат, дунёнинг ободлиги, бардавомлиги ва бахт-саодати ҳам илм, маърифат билан чамбарчас боғлиқ. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ.

Луқмони ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: “Эй ўғлим, олимлар билан ўтир, улар орасига кир, чунки Аллоҳ ерни осмон суви билан тирилтиргани каби қалбларни ҳам илму ҳикмат нури билан тирилтиради”.

  1. Олимларга ҳурмат кўрсатиш, устозларнинг хизматини қилиш – илмни бойитади. Шундай эмас-ми?

  Бирор олим йўқки, устозсиз илм эгаллаган, равнақ топиб, юксалган бўлса. Толиби илм олимларни ҳурматлаши билан илмдан манфаат топади. Донишмандларимиз: “Ким нимага эришган, фазилат ва даража топган бўлса фақат ҳурмат, одоб сақлаш билан эришибди”, деб айтганлар. Чиндан ҳам, фаришталарга дарс ўтган Иблис беодоблик, ҳурматсизлик сабабли ғурурга кетиб, Аллоҳ таолонинг раҳматидан қувилди.

Барча буюк зотлар устозларини ҳамда аҳли илмларни иззат-эҳтиром қилиш билан улуғ мартабаларга эришган. Аксинча, кимки уларга нисбатан ёмон муносабатда бўлса, ҳурмат қилмаса олган илмлари дунё-охирати учун зарар бўлган.

Имом Зарнужий устозларни ҳурматлаш, уларга нисбатан одоб ахлоқли бўлиш илмнинг ҳурмати саналади, дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен илм шаҳри бўлсам, Али унинг дарвозаси”, деган Али розияллоҳу анҳу эса: “Менга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Хоҳласа сотсин, хоҳласа қулликдан озод қилсин, хоҳласа қул қилиб ишлатсин”, деган.

Саъдий Шеърозий: “Ўғлининг олим бўлишини истаган ота илм йўлида юрганларни ҳурмат қилсин, уларга иззат-икром кўрсатиб, хайр-эҳсон қилсин. Агар ўғли олим бўлмаса, албатта, невараси олим бўлади”, деганлар.   

Абдуллоҳ ибн Муборак ҳамиша усозларининг хизматини қилар ва: “Устозлар хизматини сидқидилдан адо этишнинг ўзи ярим илмдир”, дер экан.

Бир куни ибн Муборакдан “Одамлар ичида ҳурматга энг сазоворлари кимлар?” деб сўрашганда, “Олиму уламолар”, деб жавоб берди. Чунки улар ўз илмлари билан ҳақ йўлни кўрсатадилар. Билимли бўлиш инсонни бошқа махлуқотлардан ажратиб турадиган алоҳида хусусиятдир.

Устозларининг хизматларини адо этган шогирдлардан юртимиз довруғини дунёга танитган улуғ олимлар, атоқли имомлар етишиб  чиқди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Ҳафс Насафий, Абу Али  ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳумуллоҳ каби буюк олимлар ва мутафаккирларнинг яратган бой илмий мероси жаҳон маданияти ва тамаддунига бебаҳо хазина бўлиб қўшилди.

  1. Олимларнинг ўзига хос бўлган одоб-ахлоқлари қандай бўлиши лозим?

– Олимлар ҳамиша маънавиятларининг юксаклиги билан фарқ қилиб туришлари керак. Уларнинг сийрату шамойиллари, феълу атворлари юқори савияда, айтган сўзларига аввало ўзлари амал қиладиган, ҳамиша виқорли, оғир, сокин, сабр-бардошли бўлишлари лозим.  

  1. Олим айтган сўзнинг таъсири қачон кучли бўлади?

–  Саволингизга мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ билан бўлган бир воқеани жавоб тариқасида келтирсам.

“Бир қул Имом Аъзам ҳазратларига деди:

– Кейинги жумада қул озод қилишнинг фазилатларидан гапирсангиз. Зора, хожамиз бизни озод қилиб юборса.

Имом Аъзам рози бўлдилар. Аммо орадан икки жума ўтгач, учинчи жума ваъзида қул озод қилишнинг савоби ҳақида сўзладилар. Ўша куниёқ қулни хожаси озод қилганини айтди. Сўнгра, у келиб, Имом Аъзам ҳазратларига деди:

– Ҳазрат, хожам ваъзингизни тинглаб қайтгач, мени озод қилди. Аммо нега бу ҳақда икки ҳафта кейин гапирдингиз?

Имоми Аъзам айтдилар:

– Сен менга илтимос қилган вақтингда пулим йўқ эди. Шундан кейин икки ҳафта пул йиғиб, қул сотиб олдим ва уни озод қилдим. Агар ўзим қилмаган ишни сўзласам, унинг таъсири бўлмас; хожанг ҳам сени озод қилмаган бўлур эди”.

Демак, олим сўзининг одамларга таъсири кучли бўлиши учун айтган гапига амал қилиши лозим экан. Шунда олимнинг сўзи таъсирли бўлади ва қалблардан мустаҳкам ўрин олади.

Устоз, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

суҳбатлашди.

Абдуғани ЖУМАЕВ

суратга олган.

    

Read 6120 times

Мақолалар

Top