Мақолалар

Тинчлик амалий шукрни талаб этади

Бугун дунёни кузатсангиз, баъзи жойларда табиий офат сабабидан, яна баъзи жойларда эса қирғинбарот уруш туфайли шаҳарлар вайрон бўлиб, аҳоли сарсон-саргардонликда кун кечирмоқда.

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, юртимизда тинчлик ва осойишталик неъмати барқарор бўлиб, ҳаётимиз фаровон, турмушимиз осуда давом этмоқда. Исталган пайтда республикамизнинг турли ҳудудларига бемалол сайр қила оламиз. Бу тинчликнинг шарофати, албатта.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир” (Имом Бухорий ривояти).

Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарнинг олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига эътибор бермай, охир-оқибат турли бало-мусибатларга дучор бўлади.

Аллоҳ таоло ақл-фаросати ва онгини ишлатмайдиган, ўзининг ким эканлигини англаб етмаган, бугунги куннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳақида, Ватан тинчлиги, миллат осойишталиги ҳақида қайғурмайдиган кимсалар ҳақида бундай марҳамат қилади: «Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир» (Аъроф сураси, 189-оят).

Тафсир китобларида ушбу оятдаги “англамайдилар”, “кўрмайдилар”, “эшитмайдилар” феъллари мажозий маънода айтилган бўлиб, бизни ана шу ғофил кимсалардан бўлиб қолишдан ўзи асрасин.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажак асрларда вужудга келиши мумкин бўлган, халқ ва миллатлар бирлиги ва осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳ этган эдилар: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминига зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”.

Қурьони карим мўминларни диний эътиқоди ва миллатидан қатъи назар, барча одамлар билан тинчлик-хотиржамликда яшашларини рағбатлантиради: «…Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир» (Моида сураси, 32-оят).

Демак, динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғли катта ҳамда бағрикенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини у ҳақда мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир.

Баъзи неъматларнинг шукри “алҳамдулиллаҳ” дейиш билан адо бўлса, бошқа неъматлар ҳам борки, уларнинг шукрини амалий тарздагина адо этиш мумкин. Тинчлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасига фарздир.

Кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёшлар эса уни асраш ва қадрига етиш борасида астойдил бел боғлашлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: «…Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир»” (Моида сураси, 32-оят).

Хулоса сифатида Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг:

Кўр кетар экан билмай истиқболда чоҳ,

Уни огоҳ этмасанг сендадир улуғ гуноҳ, байтини келтирдик. Соғлом ақл эгасига шунинг ўзи кифоя.

 

Жасурбек домла РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Read 1865 times

Мақолалар

Top