Мақолалар

Ислом – одамларни асл инсоний фазилатларни авайлаб асрашга даъват этади

Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров билан суҳбат

– Ҳурматли Шоазим Шоисломович, энг аввало, сиз билан Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, мамлакатимизда дин соҳасида ҳамда ўзбек халқининг илмий ва маънавий меросини асраш, уни янада бойитиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида суҳбатлашиш имконияти яратилгани учун миннатдорлигимизни билдирамиз. Суҳбатимизни Ўзбекистон Президенти ташаббускорлигида ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази фаолиятидан бошласак мақсадга мувофиқ бўлар эди. Даставвал, миллий меросимизни ўрганиш, ислом динининг асл моҳиятини халқимизга етказиш борасида Марказда олиб борилаётган ишлар ҳақидаги фикрларингизни билишни истар эдик...

– Авваламбор, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига қизиқиш билдираётганлигингиз учун сизларга катта раҳмат.
Сир эмаски, бугунги кунларда бутун дунёда мураккаб жараёнлар кечмоқда. Бир томондан, дунё глобаллашув томон одимламоқда, узоқ масофалар тобора яқинлашмоқда, бошқа томондан эса, фан ва технологиялар жадал ривожланмоқда, инсон ҳаёти шиддат билан ўзгармоқда. Бироқ иқтисодий ва технологик ривожланиш инсоният олдига янги муаммолар, янги масалаларни ҳам қўймоқда. Илгаридек, бугун ҳам жаҳолат инсоният тараққиёти учун асосий таҳдидлардан бири бўлиб қолмоқда. Жаҳолат, айниқса дин соҳасидаги ношудлик, диний таълимотларни ўзича, кўр-кўрона талқин қилиш жаҳондаги миллионлаб бегуноҳ одамларга изтироб олиб келгани сир эмас. Айни пайтда “оммавий маданият”, “жинсий эркинлик”, тарки дунёчилик, интернетга қарамлик ҳолатлари ҳам борган сари инсоният олдидаги жиддий муаммолар қаторидан жой олмоқда.

Бу муаммо бизнинг юртимизга ҳам таъсир кўрсатмай қолмаётир. Яқин ўтмишда жамиятимизда кузатилган маънавий бўшлиқ ўрнини диний экстремизм каби ёт ғоялар эгаллай бошлагани оқибатида кўплаб фуқароларимиз жабр кўрди. Қонун бузилиши ҳолатларида фақат куч ишлатиш йўли билан курашиш усули ўзини оқламаганини кўрсатди.

Шу муносабат билан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президентликнинг дастлабки кунларидан бошлабоқ жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарурлигини таъкидладилар. Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида одамларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш асосий вазифа эканлигини баён этди.
Бунинг учун, биринчи навбатда, бутун дунё жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш энг муҳим вазифа ҳисобланади. Зотан, ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади.

Мана шу муҳим вазифаларни амалга ошириш учун шахсан Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан Ўзбекистонда бир қанча мега лойиҳаларга асос солинди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ана шундай тенги йўқ лойиҳалардан ҳисобланади.

Илм ва маърифат дини бўлган ислом Марказий Осиёда жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган алломаларнинг етишиб чиқишига замин яратди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Хоразмий, Фарғоний, Ибн Сино, Беруний, Мирзо Улуғбек каби улуғ зотларнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш исломнинг моҳияти бағрикенглик ва маърифат тўғрисидаги таълимот эканини кенг ёйишга хизмат қилади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 июндаги қарори билан Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Тошкентнинг машҳур Хастимом мажмуаси ҳудудидаги 7 гектарлик майдонда барпо этилмоқда. Узунлиги 161 метр, эни эса 116 метрни ташкил этадиган мазкур марказ биноси уч қаватдан иборат бўлади. Бинонинг марказий гумбазининг баландлиги 66 метрни ташкил этади.

Ислом цивилизацияси маркази бир неча йўналишларни қамраб олган илмий, дунёвий ва маърифий марказ ҳисобланади. Уларнинг асосийлари қуйидаги бешта йўналишдан иборатдир.

Биринчиси Музей бўлиб, унда ислом дини билан боғлиқ меросимиз энг замонавий технологиялар асосида намойиш этилади. Музей қарийб 16 000 квадрат метр кўргазма залига эга бўлади. Музейнинг марказий залида 42 метрлик гумбаз остида ислом оламининг ноёб хазинаси бўлган 7-асрга оид Усмон мусҳафи ўрин олади.
Иккинчиси миллионга яқин китоб, қўлёзма, нашр манбалари, уларнинг асл ва электрон нусхалари коллекциясига эга кутубхона ҳисобланади.
Учинчиси нодир китоб ва қўлёзмаларни тадқиқ қилиш, нусхалаш, реставрация қилиш ва рақамлаштириш маркази саналади.

Кейингиси Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва ислом дини билан боғлиқ бошқа халқаро ва академик ташкилотларнинг йирик тадбирларини ўтказишга мўлжалланган 550 кишилик конференциялар зали ҳам Марказ биносидан ўрин олади. Шунингдек, Марказимиз биносида ислом дини ва цивилизацияси йўналишида 200 дан ортиқ магистрант ва докторантларни етиштиришга мўлжалланган Халқаро ислом академияси жойлашади.

Умуман олганда, Марказ фаолиятининг асосий мақсади ислом дини билан боғлиқ бой ва ноёб меросни илмий асосда ҳар томонлама чуқур ўрганиш, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида яхлит тасаввур уйғотиш, улар билан халқимиз ва жаҳон жамоатчилигини кенг таништириш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни тнсонпарварлик ғоялари, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашдан иборатдир.

– Марказ биносини барпо этиш жараёни давом этаётган бўлишига қарамасдан, Сиз аллақачон янги муассасанинг раҳбари сифатидаги фаолиятингизни бошлагансиз. Илтимос, айтингчи, мана шу босқичда қандай юмушлар билан бандсиз ва нималар қилишга муваффақ бўлинди?

– Марказ биноси ҳали фойдаланишга топширилмаган бўлишига қарамай, ташкилотимизда фаолият юритаётган 30 нафарга яқин илмий ходим ва мутахассис олдимизга қўйилган вазифаларни бажариб келмоқда.

Бугунги кунга қадар Марказимиз томонидан мамлакатимизнинг асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепция ишлаб чиқилди ва амалиётга тадбиқ этилди.

Дунёнинг йигирмадан зиёд нуфузли халқаро илмий муассаса ва тузилмалари, жумладан, UNESCO, ICESCO каби халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди ва Англашув меморандумлари имзоланди. Ҳамкорлик доирасида марказнинг мақсад ва вазифаларига доир турли конференция ва семинарлар ташкил этилмоқда.

Жумладан, 2020 йилда ICESCO томонидан Бухоро шаҳрининг ислом олами маданиятининг пойтахти, деб эълон қилиниши муносабати билан “Бухоронинг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси ва унда тутган ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Хусусан, жорий йилнинг 7–8 апрель кунлари Малайзия ислом цивилизацияси институти билан ҳамкорлик доирасида “Марказий Осиёлик олимларнинг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси” мавзусида ўтказилган онлайн-конференцияда дунёнинг ўн етти мамлакати ва халқаро ташкилотлардан уч юзга яқин мутахассис иштирок этди.

Бугунги кунга қадар Малайзия, Индонезия, Туркия, Россия, Буюк Британия, Франция каби мамлакатларда Ислом цивилизацияси марказининг мақсад ва вазифалари мавзусига бағишланган тақдимот маросимлари ўтказилди.

“Ўзбекистон – ислом цивилизацияси маркази” журналимизнинг иккита сони чоп этилди. Марказда “Ислом теологияси” соҳасида илмий даражалар берувчи махсус Кенгаш ўз фаолиятини бошлади ва жорий йилда биринчи докторлик иши ҳимоя қилинди. “Буюк аждодларимиз” туркуми ташкил этилиб, Хоразмий, Бухорий, Фарғоний, Беруний ҳаёти ва фаолиятига бағишланган китоблар, Абдулла Қодирий тўғрисидаги йирик асарлар чоп этилди.

– Маданий меросимизнинг салмоқли қисми турли тарихий сабабларга кўра хорижий мамлакатлар музейларида сақланмоқда. Марказ халқимизни ушбу мерос билан таништириш юзасидан қандай иш олиб бормоқда?

– Ҳақиқатдан ҳам, мамлакатимиз бой маданий меросга эга. Афсуски, улуғ аждодларимизнинг нодир асарлари, илмий қўлёзмалари, санъат дурдоналарининг кўп қисми хорижий музей ва коллекцияларда сақланиб келинмоқда. Ҳозирги пайтда марказимиз мамлакатимиз аҳолиси қўлида сақланиб турган ислом дини ва маданияти билан боғлиқ нодир асарлар, қўлёзмалар, осори-атиқларни тўплаш, ўрганиш ва харид қилиш билан бир қаторда, жаҳон музейлари ва коллекцияларида сақланиб турган асарларни ўрганиш, тадқиқ қилиш ва улар билан халқимизни таништириш бўйича иш олиб бормоқда.

Бугунги кунда Марказимиз ноёб қадимий ва замонавий китоблар, каталог ва манбалардан шаклланган, жами 4 минг 193 номдаги 4 минг 923 дона китобдан иборат “Араб ва ислом олами” ҳамда “Шарқ ва Ғарб” деб аталувчи икки йирик коллекцияга эгалик қилади. Атоқли ватандошимиз, маданият ва спорт йўналишлари ҳомийси Алишер Усмонов томонидан Марказимизга ҳадя қилинган ушбу ноёб коллекция жаҳонда ягона ҳисобланади.

Кутубхона фонди, шунингдек, 15 мингтадан ортиқ ноёб илмий ва бадиий китоблар, 1 000 га яқин қўлёзма ва тошбосма асарлар, 500 мингга яқин илмий қўлёзмалар, тошбосма китоблар ва санъат асарларининг электрон нусхаларига эга бўлиб, уларнинг каталоглари яратилмоқда. Ўтмишимизга оид тарихий ҳужжатларнинг архиви ҳам яратилмоқда.

– Марказ илмий жамияти ислом тараққиётига ҳисса қўшган буюк аждодларимиз меросини ўрганиш борасида қандай натижаларга эришмоқда?

– Марказимиз томонидан мамлакатимизнинг бой маданий меросига оид ноёб асарлар турли тилларга таржима қилиниб, янгидан чоп этилмоқда. Буюк саркарда Амир Темурдан беқиёс тарихий манба сифатида авлодларга мерос қолган “Темур тузуклари” беш тилда (ўзбек, форс, рус, инглиз ва француз) бир жилд шаклида жамланиб, нашр қилинди. Ислом цивилизацияси маркази томонидан Ўзбекистонда Марказий Осиё мусулмон мутафаккирларининг жаҳон цивилизацияси ривожидаги ролига бағишланган 10 дан ортиқ китоб ва рисола тайёрланди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари, Абу Райҳон Берунийнинг 1050 йиллигига бағишлаб “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Ҳиндистон” каби асарлари, шунингдек, Ибн Сино, Хоразмий каби алломаларнинг асарларини ҳам ўзбек ва хорижий тилларда чоп этиш кўзда тутилган.

– Бизнинг Ватанимиз ўз тарихи туфайли маданиятлараро мулоқотнинг ноёб ва бетакрор намунаси бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ўзбекистоннинг бугунги тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, ана шу мақомни ушлаб туриш мумкин, деб ҳисоблайсизми?

– Марказий Осиё диёри минг йиллар давомида турли халқлар, миллатлар ва динлар вакиллари тинч-тотув, ўзаро ҳамжиҳатликда яшаётган минтақалардан саналади. Ипак йўли марказида жойлашган Марказий Осиё ўтмишдан буюк йўллар, цивилизациялар чорраҳаси бўлиб, маданият ва динлар ривожида ҳам муҳим ўрин тутган. Ислом дини босқичидан аввал ҳам бу ерда юнон-бақтрия, туркий ҳоқонлик, бақтрия, сўғд цивилизациялари бўлган, буддавийлик, насронийлик, монийлик, зардўштлик каби диний қарашлар вакиллари ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирган. Бағрикенглик дини бўлган ислом ҳам ана шу анъаналарни янада мустаҳкамлади.
2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг ана шундай тарихий анъанасини қайта жонлантирган ҳолда, «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш ташаббусини илгари сурган эди. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган резолюция 2018 йил 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида бир овоздан қўллаб-қувватланди.
«Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясида барча учун таълим олиш имкониятини тақдим этиш, саводсизлик ва билимсизликни бартараф этиш билан бир қаторда, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш, диний эркинликни таъминлаш, диндорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймасликка ҳам даъват этилган.

Юқорида айтиб ўтганимдек, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази фаолиятининг асосий қирраларидан бири ҳисобланади. Динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни самарали йўлга қўйиш мақсадида жаҳондаги нуфузи халқаро илмий муассаса ва тузилмалар ҳамда халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатилди.
Жумладан, 2020 йилда Қозоғистондаги Динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш бўйича Н.Назарбоев маркази билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилди ҳамда шу йўналишдаги конференцияларда иштирок этилди.

Марказ биноси тўлақонли ишга туширилгач, йирик тадбирларни ўтказишга мўлжалланган 550 кишилик конференциялар залида халқаро ташкилотлар иштирокида юқори даражадаги тадбирларни уюштириш орқали халқимиз ва жаҳон ҳамжамиятининг эътибори маърифат ва диний бағрикенгликка қаратилади.

– Юртимизда яшаётган барча халқларнинг диний эътиқодига ҳурмат билан қараш, шу жумладан, соф ислом таълимотини қўллаб-қувватлаш борасидаги мамлакатимиз саъй-ҳаракатлари жамиятда тинчликни таъминлаш учун хизмат қилади. Ана шу йўналишда олиб борилаётган ишлар ҳақидаги фикрингизни билишни истар эдик...

– “Динда мажбурлаш йўқ” қоидаси исломнинг асосий арконларидан ҳисобланади. Ислом дини шаклланаётган дастлабки босқичда айнан насронийлар мусулмонларга ёрдам қўлини чўзган. Илк ислом давлатининг дастлабки тинчлик халқаро шартномаси халифа Умар ибн Хаттоб ва Қуддуси шарифдаги насронийлар етакчилари ўртасида тузилган. Айтмоқчиманки, бағрикенгликнинг ҳам концепциявий, ҳам анъанавий асослари бор. Негаки, дунёда деярли барча мамлакатлар ҳудудида турли динлар мавжуд, турли миллат ва элатлар вакиллари истиқомат қилади. Бинобарин, бағрикенглик омили муайян бир мамлакат ёки бутун дунёда тинчлик бўлиши учун муҳим шартлардан бири ҳисобланади. Юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат, диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш давлат сиёсатининг устувор вазифалари сирасига киради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев етакчилигида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Кейинги йиллар давомида диний–маърифий соҳаларда қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Булар, шубҳасиз, мамлакатимиздаги миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди. Вилоятларда калом, ҳадис, фиқҳ, ақида илми ва тасаввуфни ўрганишга ихтисослашган бешта илмий мактаб очилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган ушбу маърифат масканлари ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб беришга хизмат қилади. Ислом цивилизацияси марказида ҳам доимий равишда юртимиздаги турли конфессия вакиллари билан учрашувлар ташкил этилиб, диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.

– Глобаллашув даврида миллий қадриятлар ва ҳамжиҳатликни асраш катта аҳамиятга эга. Сизнинг фикрингизча, бунинг учун нималар зарур?

– Суҳбатимиз аввалида айтиб ўтганимдек, глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда миллий ўзликни ва анъаналарни сақлаб қолиш ҳар бир миллат олдида муҳим вазифа бўлиб турибди. Оммавий маданият ҳамда ижтимоий тармоқлардаги платформалар орқали енгил-елпи контентлар ва зўравонлик ғояси "вируси" тарқалиши жамият келажаги учун хавф туғдирмоқда.
Ўзбек халқи азалдан юртимизнинг эртанги куни, фаровонлиги, фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши ҳақида қайғуриб келган. Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга ислом дини билан боғлиқ бой ва ноёб меросимизни кенг таништириш, динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, ёшларни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаш мақсад қилинган.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Ислом цивилизацияси маркази таркибидаги 16 минг квадрат метр кўргазма майдонига эга музей экспозицияси ҳам айнан шу вазифа ижросига хизмат қилади. Саккизта бўлимдан иборат бўлган музей исломгача бўлган Марказий Осиё маданияти, исломнинг кириб келиши, таълим, илм-фан, ислом меъморчилиги, халқимизнинг ислом дини билан боғлиқ санъати ва маданиятини намойиш этади. Музейнинг сўнгги, саккизинчи бўлими “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” деб аталади. Бу бўлимда мамлакатимизда ўзаро бирдамлик ва миллий анъаналар сақлаб қолинган ҳолда янги даврга кириб келаётганимиз намойиш қилинади. Юртимизда энг илғор технологиялар асосида фан ва ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати, таълим ва илмий-тадқиқотлар соҳалари барча йўналишларда ривожланиш босқичига ўтди. Айни пайтда “Шонли тарихдан – буюк келажак сари” шиори остида маънавий-марифий соҳаларда жуда муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буюк аждодлар хотирасига, улар қолдирган бебаҳо меросга эътибор, ғамхўрлик, ёш авлодни уларга муносиб бўлишга интилиш руҳида тарбиялаш йўлида олиб борилаётган фаолиятга, юртимиздаги барча хайрли, умидбахш ўзгаришларга суяниб, айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришга киришди.

Наргис Сайдалиева “Дунё” АА.

Read 1899 times

Мақолалар

Top