Мақолалар

Булбул нега йиғлади?

Тонг ёришиб, зулмат ўз ўрнини қуёшнинг заррин нурларига бўшатиб бергач, дарахт шохидаги булбул завқланиб, ҳаёт гўзаллигини тараннум эта бошлади. Ўрмон жонзотлари роҳатланиб унинг хонишини тинглар эди.

Қарға хушовоз булбулга ҳасад қилиб бор овозда қағиллай бошлади. Қарғанинг бемаза қағиллаши жониворларнинг кайфиятини тушириб, қулоқларини қоматга келтирди.

– Ҳой, қарға! Булбул сайрасин, унинг овози, оҳанглари бирам ёқимлики...

– Йўқ, менинг овозим яхшироқ, ишонмасангиз, ана йўлда келаётган эшакни ҳакам қиламиз, кимнинг овози ёқимлироқ эканини  ҳакам айтсин.

Эшак ҳакам бўлди, булбул ва қарға навбати билан сайради. Булбулнинг оҳанрабосини жонзотлар  жон қулоғи билан тинглашди.

Қарғанинг овозини эса...

– Қарғанинг овози баландроқ, яна бир оз ҳаракат қилса менга етиб олади,– деди эшак виқор билан.

Шунда булбул йиғлай бошлади.

– Эй булбулжон, йиғлама! Ана шу чексиз ўрмон салтанатида сенинг овозингдек ширали, ёқимли, нафис ва майин овоз йўқ.

– Мен қарға ютгани учун йиғлаётганим йўқ, менинг устимдаги ҳакам эшак  бўлгани учун йиғлаяпман,– деб жавоб берибди булбул.

 

 Чиноз туманидаги “Ҳазрат Али” жоме масжиди имом-хатиби 

Тойиржон ТУНГАТОВ тайёрлади.

Read 7140 times

Мақолалар

Top