Мақолалар

Динда саволим бор: Вафот этган онамнинг кийимларидан бир жуфт қолдириб қолганини тарқатиб юбордик. Шу ишимиз тўғрими?

— Яқинда онамиз бандаликни бажо келтирдилар. Таъзия кунлари онамизнинг кийим-кечаклари қариндош ва қўшни аёлларга тарқатилди. Бир жуфт кийимларини эсдалик учун қолдиргандик. Эшитишимизча, бундай қилиш тўғри эмас экан. Шу ҳақида бирор маслаҳат берсангизлар, илтимос.

— Динимизда мерос деб аталган улкан ҳукмлар тўплами мавжуд бўлиб, унинг баёнини Аллоҳ таоло Қуръони каримда алоҳида зикр қилган ва тақсимотни Ўзи белгилаган. Мерос оятининг нозил бўлишига ушбу воқеа сабаб бўлган эди. Саъд ибн Робеънинг хотини Саъддан бўлган икки қизини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтириб:

“Эй Аллоҳнинг Расули, манави иккови Саъд ибн Робеънинг қизлари, оталари сиз билан Уҳудда (иштирок этиб) шаҳид бўлди. Энди бўлса амакилари уларнинг молларини олиб қўйди. Уларга ҳеч қандай мол қолдирмади. Икковларининг моли бўлмаса, биров никоҳига ҳам олмайди”, деди.

“Бу ҳақда Аллоҳ Ўзи ҳукм чиқаради”, дедилар у зот. Шунда: “Аллоҳ сизларга фарзандларингиз ҳақида васият этиб...” ояти – мерос ояти нозил бўлди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг амакисига одам юбориб: “Саъднинг икки қизига учдан иккисини, уларнинг онасига саккиздан бирини бер, қолгани эса сенга бўлади”, дедилар.

Айнан ушбу воқеа мерос оятларининг нозил бўлишига сабаб бўлган эди.

Вафот қилган кишининг қолдирган нарсалари меросхўрларнинг ҳаққи ҳисобланади, уни ноҳақ йўл билан олиш ёки тақсимлаш мутлақо жоиз эмас. Магар ўша мерос эгалари бўлган кишилар ўзаро рози бўлишса, олиш жоиздир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ҳеч бирингиз биродарингизнинг нарсасини ҳазиллашиб ҳам, жиддий маънода ҳам олмангиз. Сизлардан бирингиз ҳатто ўз биродарининг таёғини олган бўлса ҳам, қайтариб берсин”. Валлоҳу аълам.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 1469 times

Мақолалар

Top