Мақолалар

Содруш шариъат ал-Бухорий

Убайдуллоҳ Содруш шариъат ал-Асғар (...-747 ҳ.в.)[1]ибн Масъуд ибн Тожуш шариъат ал-Бухорийдир. Тожуш шариъат боболарининг тахаллуси ўлароқ, бобосининг асл исми Маҳмуд ибн Содруш шариъат Аҳмад ибн Жамоллиддин Убайдуллоҳ ал-Маҳбубий бўлиб, ҳазрат Убайдуллоҳ биз билган “Шарҳул виқоя”нинг муаллифи, ҳамда халқ орасида “Содруш шариъат”, дея машҳур зот ҳисобланади. Иккиси ҳам бир тахаллус билан айтилишда баъзи фарқ кўзга ташланади. Демак, катта бобоси Тожуш шариъат “Содруш шариъат ал- Акбар” яъни, (Катта содруш шариъат), ўзи эса “Содруш шариъат ал-Асғар” (Кичкина содруш шариъат) ҳисобланади. Аммо, кейинчалик “Содруш шариъат” деганда фақат Убайдуллоҳ ибн Масъуд роҳимаҳуллоҳ тушунилган.

Ҳазрат Убайдуллоҳ барча бирдек эътироф этадиган буюк имом ҳисобланади. Яна у киши ўз навбатида, шариъат қонунларини ёд олган, асл-ўзак ва фаръга тегишли ўта мушкул масалаларни осонлик билан асослаб, ечиб берадиган, асл ва фуруъдаги кўзга кўринган шайхул ислом, маъқул ва манқулнинг олими, етук фақиҳ, муҳаддис, луғатшунос, наҳвшунос, адабиётчи, назариячи, мутакаллим, мантиқчи, қадри улуғ, ўрни беқиёс, илм ва одобда барчага ўрнак бўладиган каби машҳур сифатларга эга аллома эди. Албатта, бундай улуғликни аждодларидан мерос қилиб олган эди[2].

Дарҳақиқат, у киши илм зиёсига тўла хонадонда вояга етган десак ҳам бўлади. Зеро, бу илмларни асосан боболари имом Тожуш шариъат Маҳмуд ибн Содруш шариъатдан олган. Бобоси эса отаси Содруш шариъатдан олган бўлиб, у отаси Жамолиддин ал-Маҳбубийдан, у эса шайх, имом, муфтий Имомзодадан, у эса Имодиддиндан, у эса отаси Шамсул аъимма Заранжийдан, у эса Сарахсийдан, у эса Ҳалвонийдан, у эса Абу Али Насафийдан, у эса Муҳаммад ибн Фазлдан, у Субазмунийдан, у Абу Абдуллоҳ ибн Абу Ҳафс Кабирдан, у отасидан, у имом Муҳаммаддан, у Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан илм олган[3]. Гувоҳи бўлганингиздек бу илм силсиласи ўн тўрт табақа орқали буюк имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллога ундан кейин эса, бора-бора Пайғамбар алайҳис саломга бориб етади.

Убайдуллоҳ ҳазратлари бобосидан бир нафас ҳам ажралмасдан илм олишга ҳаракат қилар эди. Шуни алоҳида такидлаш керакки, у бобосининг илмий меросини кенг афкор оммасига тушунарли ва осон бўлиш мақсадида Тожуш шариъатнинг “Виқоя” асарини шарҳ қилдилар. Бу китоб шарҳ ёзилган китоблар ичида энг мўтабар китоблардан бирига айланди. У катта китоб бўлгани ва ўқувчиларнинг ёдида қолиши бир оз қийин бўлганлиги учун “Виқоя”нинг асосий масалаларини олиб, қисартирилган шаклга келтирдилар ва у китобни “Нуқоя” деб атади. Бундан ташқари усулга тегишли юксак савиядаги, гўзал матнга эга “Танқиҳ” асарини таълиф қилди. Сўнг яна уни осонлаштириш ва бойитиш мақсадида, қолаверса, қоғозга тушуриб, кўчириб борувчилар тарафидан хатоликлар кетганлиги учун қадр-қийматта тенги йўқ “Тавзиҳ”ни тасниф қилди. Яна у зотнинг “Тўрт муқаддима”, “Таъдилул улум”, “Аш-Шурут вал маҳозир”, “Ал-Вишоҳ” каби асарлари бор.

Убайдуллоҳ Содруш шариъат ҳижрий 747 йил, мелодий ҳисоб бўйича 1346 йили вафот этди. Ўзининг ва ота-онаси, фазандлари, аждодларининг даҳмаси ўша вақтдаги Бухорога қарашли Шеробод[4]да жойлашган[5]. Баъзи манбаларга кўра у зотнинг мақбараси Бухоро шаҳрида жойлашган дейилади. Шу ўринда бир мулоҳаза ўша вақтда маъжозий қабрлар ташкил қилинганлигини ҳам унутмаслик керак. Бобоси бобосининг отаси Тожуш шариът Кирмонда вафот этган. Она томонидан катта бобоси Бурҳониддин Марғиноний ҳисобланади. Албатта, буюк аждодлардан фақат буюк авлодлар келади деганидек, Марғиноний насаблари эса Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бориб тақалишини эслаб ўтишнинг ўзи етарли.

Ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида у кишининг асарларидан унумли фойдаланилади. Мустақилликка эришганимиздан сўнг асрлар давомида шаклланган анъанавий диний қадрият ва тизимни ривожлантиришга ниҳоятда катта эътибор қаратилди. Республикамизнинг турли вилоятларида қатор мадрасалар фаолият юрита бошлади. Шунингдек, Убайдуллоҳ ибн Масъуд Содруш шариъатнинг илмий мероси бугунги куннинг дорзарб савоолларига жавоб бера олганлиги, турли адашган оқимларга таъсирига кириб кетишнинг олдини олиш ва одоб ахлоққа тегишли муомила маданиятини ўзида мужассам қилганлиги, бундан ташқари содда ва лўнда тарзда ёзилганлиги учун ҳам ушбу мадрасаларда мўътамад китоб сифатида фиқҳ фанидан дарслик сифатида ўтилади. Хусусан, Мухтасарул виқоянинг матнлари талабалар томонидан ёдланади. Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ҳам усулга тегишли “Тавзиҳ” асаридан жуда кенг миқёсда фойдаланилади. Мавзумизнинг долзарблик жиҳатларидан бири, мана шундай буюк олимларнинг айнан бизнинг юртимиздан чиққанлигидир. Зеро, улуғ аждодларимизни хотирлар эканмиз, уларга мос авлод бўлиш, илмий меросларини янада чуқур ўрганиш барчамизнинг вазифамиз ҳисобланади.

 

Оҳангарон тумани “Хонобод” жоме масжиди имом-ноиби
Мадаипов Аҳрорбек

 

[1] Абдулқодир ибн Муҳаммад ал-Қурший; Ал-Жавоҳир ал-мазия фи тобоқот ал-ҳанафия:  2008.-Ж. 4. –Б.369. 2008.

[2]Хожи Халифа; Кашфуз зунун: 2008. -Б 419.

[3] Тақйиддин Абу Бакр ибн ал-Ҳусайний; Китоб аълом ал-ахёр фи ҳалли ғоятил ихтисор. 2012. –Б 517.

[4] Ҳозирги кунда Сурхондарё воҳасида жойлашган ҳудуд.

[5] Муаллифлар жамоаси. Ал-Мавсуа. Доиратул Маъориф;2007.–Б 212

Read 12674 times
Tagged under

Мақолалар

Top