Мақолалар

Оилаларнинг ажримига нималар сабаб бўлмоқда?

Қайсики уйда кексалар бўлса, гўё кўкдан нур ёғилиб турганга ўхшайди. Хонадонда тинчлик-хотиржамлик, дастурхонларда файзу барака, ишларда ривож ва самара бўлади.

Нуроний отахон-онахонлар ўзларининг эзгу дуолари, доно ўгит ва бой тажрибалари билан ёшларга қанот ва сабот бағишлаб туради. Ўқишга, ишга отланар эканмиз, дуоларини олиб кўнглимиз мунаввар бўлади. Уйга қайтганимизда меҳридан, теран маслаҳатларидан кўнглимиз таскин топади.

Бироқ назаримизда бугун ана шу анъана бироз унут бўлаётгандек. Эҳтимол шу сабаб турмушда, ишда, умуман айтганда, ҳаётимизда бир қанча қийинчилик, муаммоларга дуч келмоқдамиз. Кўпчиликни ташвишга солаётган ана шундай долзарб муаммолардан бири бу – оилаларнинг ажримидир. Бунга сабаб бўлаётган омиллар ва уларни бартараф этиш йўллари борасида “Мовароуннаҳр” нашриётида фаолият юритиб келаётган, кўп йиллик тажрибага эга Шукуржон акага мурожаат этиб, уларнинг насиҳат ҳамда дуоларини олдик.

Мухсимов Шукуржон Юнусжон ўғли 1950 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топди. Олий маълумотли. Техника университетининг механика факультетини тамомлаб, муҳандис-механик мутахассислиги бўйича фаолият юритган. Бир қиз, икки ўғилни вояга етказди. Ҳозирда ўн нафар набиранинг севимли бобоси, насиҳатгўй суянчиғи. Шунингдек, Ҳазрати Имом маҳалласи яраштирув комиссияси раиси.

 

Оилада эркак ва аёлнинг мақоми, уларнинг масъулияти нималардан иборат?

Одам Атонинг қовурғасидан Момо Ҳавво яралганидан бери аёл ва эркак бир-бирларига суянчиқ, ҳамкор, ҳамдард бўлиб яшаб келадилар. Эркак кўчанинг одами, у оиланинг моддий таъминоти билан банд. Чунки Аллоҳ таоло эркакларни шунга буюради: «Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир» (Нисо, 34).

Аёл эрининг хизматини қилиш, болаларига яхши тарбия бериш ва уйдаги тартиб-қоидани ўрнатишга масъул қилинган. Ўзбек халқи ана шу тартиботга кўра умргузаронлик қилиб келган.

 

– Демак, фарзанд тарбияси учун фақатгина аёллар жавобгарми?

Асло йўқ. Моддий таъминот эркак кишининг фарзанд тарбияси масъулиятини елкасидан олмайди. Эркак, яъни ота бош бўлса, аёл бўйин. Бошқача қилиб айтганда, эркак кишининг ҳурматини сақлаган ҳолда унинг уй ишларида сўнгги қарорни қабул қилишини аёл таъминлаши керак. Шу билан бирга эркак кишининг муваффақият қозонишида ҳам завжасининг алоҳида ўрни бор.

Бир хонадонни биламан. Соҳиби катта тадбиркор. Кечаю кундуз оиласининг фаровонлигини таъминлаш учун ишлаб, бир ташкилотнинг раҳбари бўлди. Ўзининг айтишича, 12 йил давомида эрта тонгдан кечасигача тинимсиз ишлаган. Бу пайтда тонгда ишга кетаркан, болалари уйқуда бўлар, ишдан қайтганида ҳам улар дам олаётган бўларди. Шунга қарамай, қайси фарзандига қандай топшириқ берилди, улар қандай баҳо олишаяпти, қачон ва қаерга боришаяпти, дўстлари ким?! каби болаларининг ҳар бир ҳаракатидан бохабар бўлиб туради. Барча-барчаси кўзининг ўнгида тургандек. Болалар ҳар қадам ташлаганларида оталарининг назоратини ҳис этиб турганлари сабабли тўғри йўлдан юрдилар, яхши тарбия кўрдилар.

 

Эркак ва аёлнинг ўз масъулиятини бажармаслиги қандай оқибатларга олиб келади?

Эркаклар ҳам, аёллар ҳам масъулиятини бажармаганларидан фарзандларининг тарбияси зарар кўради, оилалар барбод бўлади, аёллар бева, фарзандлар эса тирик етим бўлади. Шу сабаб хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл ўз масъулият ва вазифаларини унутмаслиги, айниқса, оила қураркан, ота-оналикнинг аслида нима эканини теранроқ англаб олишлари лозим.  Акс ҳолда оқибати бутун умрлик надомат ва афсусдир.

 

Кўп йиллик тўпланган ва кузатган тажрибаларингиздан келиб чиқиб айтинг-чи, оилаларнинг ажримига нималар сабаб бўлмоқда?

  Бунга аввало, оилаларнинг бир-бирига тенг эмаслиги, яъни тенг-тенги билан, деган удум бузилгани сабаб бўлмоқда. Келин ёки куёвнинг бадавлат оиладан бўлиши барча нарсадан устун қўйилмоқда. Иккинчидан, тўйдан олдинги тиббий кўрикдан ўтмаслик. Куёв ёки келиндаги бирор касаллик тўйдан кейин ошкор бўлиши оқибатида оилалар ажрими содир бўлмоқда. Учинчидан, минг афсуски, оиланинг муқаддас эканини унутиб қўйяпмиз. “Фалончининг ўғли аёли билан ажрашибди”, десангиз, “Майли, бошқасига уйланиб олади”, деган жавоб қайтарадиганлар ҳам орамизда учрамоқда. Ахир оила пойабзал эмас-ку, бу бўлмаса, бошқаси дейилса. Тўртинчидан, арзимас сабаблар билан уйига кетиб қолаётган қизларнинг онаси сабабчи бўляпти. Бундай пайтда оналар: “Бизнинг авлодимизда оиласидан ажрашган чиқмаган, ўша уйнинг бекаси бўлдингми, иссиқига ҳам совуқига ҳам чида”, деган гапни айтиши керак. Йўқ, баъзи оналар қизига қўшилиб ҳасрат қилади. “Кичкина қорнимга сиққан қизим, катта ҳовлимга сиғмайдими”, деб оилани жар ёқасига олиб келади. Тўғри, ҳар бир она фарзандим дейди, ачинади. Лекин оналар турмушнинг муштлари бўлиши, аччиқ кунларга сабр, бахтли кунларда шукр қилиш ҳақида таълим берса, оила яна бахтиёр турмуш кечириши мумкин. 

Шунингдек, оилавий ажримларнинг сабабларидан яна бири, баъзи қайноналардир. Келиннинг олиб келган сеп, анжом, жиҳозларидан жанжал чиқарган қайноналар сабабли бир қанча тўйлар бекор қилинганининг гувоҳи бўлдик. Ҳатто, фарзандига келинини ёмон отлиқ қилиб кўрсатувчи қайноналар ҳам, айсуски, учраб туради.

 

Мазмунли суҳбат ҳамда ҳаётий тажрибаларингиз билан ўртоқлашганингиз учун ташаккур.

 

Даврон НУРМУҲАММАД суҳбатлашди.

Шаҳзод ШОМАНСУРОВ суратга олди.
MUSLIM.UZ

Read 7689 times
Tagged under

Мақолалар

Top