Мақолалар

Аллоҳ сендан сўрайди

Рабоҳ ибн Убайда Боҳилий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: «Умар ибн Абдулазизнинг олдида ўтирган эдим, бир аъробий келиб, «Эй мўминларнинг амири, бир ҳожат билан келдим.

Жуда ночор аҳволдаман. Қиёмат куни Аллоҳ сендан мен ҳақимда сўрайди», деди. Умар ибн Абдулазиз: «Гапларингни яна бир қайтар-чи», деди. У айтганларини яна қайтарди. Умар ибн Абдулазиз бошини қуйи солди, кўз ёшлари оқиб, ерни ҳўл қилиб юборди. Кейин бошини кўтариб, «Неча кишисизлар?» деди. «Саккиз нафар қизим бор», деди ночор киши. Халифа уларга уч юз дирҳам беришни буюрди. Қизлари учун яна юз дирҳам ажратди. Кейин қўлига яна юз дирҳам бериб, «Бу юз дирҳамни мен ўз ёнимдан беряпман. Мусулмонларнинг молидан бераётганим йўқ. Бориб шуни ишлатиб тур. Мусулмонларга ажратилган пул чиқса, ундан яна оласан», дедилар.

«Солиҳлар гулшани» китобидан

Read 1525 times

Мақолалар

Top