Мақолалар

Олам ғами ва йўл ғами талқини

Алишер Навоийнинг “Лисонут-тайр” достонида комил инсон ғояларини тарғиб қилишга қаратилган турли мавзудаги ўнлаб савол-жавоблар ва ҳикоятлар берилган. Ҳудҳуд билан Семурғни излаш учун сафарга чиқиш олдидан ҳар бир қуш унга ўз узрини айтади. Шулардан бири “Яна бир қушнинг Ҳудҳуддин саволи” сарлавҳаси билан бошланади:

Яна бир сойил деди: – «К-эй покзод,

Жумлаи умримда кўрмаймен мурод.

Доимо ғам бирла элтибмен басар,

Шодлиғдин менда йўқ эрмиш асар.

Йўл борурға хотири хуррам керак,

Даҳр ранжидин малолат кам керак.

Чун мени ғампарвар этмиш рўзгор,

Ҳар замон бир ғам била жоним фигор…

Қушнинг саволидан маълум бўладики, бутун умри ғам исканжасида ўтган ва шодлик кщрмаган. Унинг фикрича, йўлга чиқиш учун “хотири хуррам керак”, яъни йўловчи сафарга чиқар экан дунё ғамларидан озод бўлиши зарур. Бу қушнинг эса турмуши ғамга йўғрилган, жони ҳар замонда бир ғамга гирифтор бўлганлиги боис ўзини сафарга тайёр эмаслигини билдиради. Шунинг учун у ўз саволини: “Қайси кўнгил хушлиги билан йўлга тушай, кўнгли хушлар қаёққа кетса, мен ҳам шу тарафга борай”, – дея якунлайди:

Не кўнгул хушлуғ била йўл қатъ этай,

Кўнгли хушлар қайда кетса, мен кетай…

Бир қарашда қушнинг саволида ҳам жон борга ўхшайди, чунки инсон ғамларидан халос бўлсагина, унинг кўнглига сафар ташвишлари сиғади. Бу кўпчиликнинг дунёқарашига мос келиши табиий, аммо Алишер Навоий Ҳудҳуд тимсоли орқали бунга бошқача муносабат билдиради:

Деди Ҳудҳуд: – «К-эй нажанди ғамсиришт,

Зотинга ғамдин баҳона сарнавишт.

Бўйла водий қатъида беиштибоҳ,

Ғамни этмишлар эранлар зоди роҳ.

Йўл ғами келмиш эранларнинг иши,

Йўлда ғамсизни киши демас киши.

Ғамдин айларлар эранлар шодлиғ,

Бу муқайядлиғ дурур озодлиғ…

Маълумки, асарда таъкидланган йўл сойил – сафарга чиққан кишини комиллик манзили сари элтади. Шу боис Ҳудҳуд нажанди ғамсиришт – ғамлар гирдобида хор бўлган ва буни баҳона қилаётган қушга қарата шундай дейди: “Эранлар – ҳақиқий мардлар бу водий йўлида ғамни зоди роҳ – йўл озиғи қилиб олишади. Улар учун йўл ғами айни муддао ва бу йўлда ғамсизни киши демайдилар. Зеро, эранлар ғамдан шодланадилар, шунинг учун ғамга гирифторликни ҳақиқий озодлик ҳисоблайдилар.

Шоир ғам ҳақидаги фикрини давом эттирар экан шундай деб, ёзади:

Ғам еридур меҳнат ободи жаҳон,

Онда ҳар навъ элга бир ғамдур аён…

Машаққатлар билан тўлган бу жаҳон аслида ғам еридур ва унда истиқомат қилаётган ҳар бир кишига бир ғам етиши тайин. Аммо бу ғамни умуман иккига – олам аҳли ва аҳли яқиннинг ғамига бўлиш мумкин. Шоир фикрича, бу ғамлар ўзаро қандай фарқланади:

Олам аҳли кўнглида олам ғами,

Худ будур кўпрак бани одам ғами.

Лек аларким келдилар аҳли яқин,

Йўл ғамидин келдилар доим ҳазин.

Кимсага аввалғи ғам мамнуъдур,

Одамидин сўнгги ғам матмуъдур.

Юқоридаги парчада олам аҳли ва аҳли яқин ҳамда олам ғами ва йўл ғами тушунчалари ўзаро зидланяпти. Байтлар мазмунига кўра олам аҳлининг (дунёга меҳр қўйганларнинг) ғами олам ғами, яъни улар дунё матоҳлари учун қайғурадилар, ғам чекадилар. Бутун умрини ўткинчи бойлик топишга сарф этадилар. Энг афсусланарлиси, “Худ будур кўпрак бани одам ғами”, яъни инсониятнинг кўпчилиги шу ғамда яшашидир. Аҳли яқин (Аллоҳга яқин бўлиш, Унинг розилиги топиш истагида бўлганлар) эса ҳамиша йўл ғамидан ҳазин – ғамгин бўладилар. Улар олам ғами ўткинчи эканлигини билиб, ўзларига берилган умрнинг ҳар бир дақиқасини беҳуда сарф этмасликка ҳаракат қиладилар, чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Анкабут» сураси 64-оятида: «Бу дунё ҳаёти фақат ўйин-кулгидан иборатдир. Агар билсалар, охират диёри, ана ўша ҳақиқий ҳаётдир», – дея таъкидлаган. Аҳли яқин ана шу сирни англаб, ақл билан иш тутган ва ўзлари учун фойдали бўлган йўл ғамини танлаганлардир.

Шоир олам ғами ва йўл ғами ҳақида фикр юритар экан улар орасидани ўзаро зиддиятни янада теранроқ англатишга ҳаракат қилади. Унинг фикрича, одамзот учун аввалги ғам – олам ғами мамнуъ, яъни ман қилингандир. Зукко ўқувчи бу ўринда Алишер Навоий Қуръон таълимотига амал қилганини дарҳол пайқайди. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримнинг Ҳадид сураси 20-оятида шундай марҳамат қилган:

«Билингки, албатта, дунё ҳаёти ўйин-кулги ва кўнгилхушлик ҳамда зеб-зийнат, ўзаро фахрланиш, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтириш, холос. У худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир. Кейинроқ қурийди ва унинг сарғайганини кўрасан. Сўнгра у хас-чўпга айланиб кетадир. Охиратда эса шиддатли азоб бор. Ва Аллоҳдан мағфират ва розилик бор. Ва дунё ҳаёти алдов матоҳидан бошқа нарса эмас».

Одам боласи учун иккинчи ғам матмуъ – талаб қилингандир, чунки унинг учун фақат шу йўлдагина нажот бор. Кимки, дунё лаззатларидан воз кечиб, тақво йўлини талаб қилса, Аллоҳ розилигига эришиш йўлида риёзат ва машаққатлардан қўрқмаса, охир-оқибат саодатли ҳаётга эришади, чунки Аллоҳ таолонинг шундай ваъдаси бор: “Бизнинг (йўлимизда) жидду жаҳд қилганларни Ўз йўлимизга ҳидоят этурмиз. Чунки Аллоҳ чиройли амал қилгувчилар биландир” (Анкабут сураси, 69-оят).

Албатта, бу фикрлари билан шоир кишиларни таркидунёчиликка тарғиб қилмаган. Аксинча, фоний дунёнинг кўзни қамаштирувчи лаззатлари олдида ўз инсоний қиёфасини йўқотиб қўймасдан йўл ғамини зоди роҳ қилишга чақирмоқда. Шунинг учун икки ғамни сифатлаб бўлгач, улардан қайси бирини танлашни ўқувчининг ихтиёрига ҳавола этади:

Гар бурунғидин эсанг зору нажанд,

Йўлдин ўзни шод қил, эй мустаманд.

Сўнгғидин ғамгин эсанг – қил шодлиғ,

Ким кўнгул ондин топар ободлиғ.

Ғамдин айлар шодлиғ аҳли видод,

Бор аларға номурод ўлмоғ мурод.

Йўл ғамидур мақсаду мақсуд учун,

Ким ер ул ғамни кўнгул беҳбуд учун.

Ондаким йўқтур бу ғам – эр эрмас ул,

Зод ғамдин топти қатъ этган бу йўл».

“Эй мустаманд (хаста, нотавон), сен агар бурунгилардан, яъни олам ғами аҳлидан бўлиб, ўзингни шу ғамда хору зор қилаётган бўлсанг, ҳали фурсат борида кўзингни оч ва йўлдан (ғам йўлидан) ўзингни шод қил, агар кейингилардан (аҳли яқинлардан) бўлсанг, хурсанд бўл, чунки унда кўнгил обод бўлади, – деб хитоб қилади Алишер Навоий ва давомида. – Зеро, видод – муҳаббат аҳли ғамдан шодланадилар, чунки улар учун номурод бўлмоқ муроддир. Шунинг учун йўл ғами мақсадга элтувчидир, ким у ғамга гирифтор бўлса, кўнгил беҳбудлиги (поклиги, гўзаллиги) учун интилади. Кимда бу ғам йўқ экан, у эр (мард) эмас, чунки кесилган бу йўлни топиш зоди ғам – ғам озиғи билан топилади, шунинг учун инсон олам ғами билан эмас йўл ғами билан яшаши керак”, – дея хулоса қилади.

Алишер Навоий Ҳудҳуд ва қуш ўртасидаги савол-жавобни якунлар экан, ўз фикрларини далиллаш учун мисрлик олиҳиммат ҳақидаги ҳикоятни келтиради. Ҳикоят мазмунига кўра Мисрда бой-бадавлат бир олиҳиммат киши яшар эди. Унинг бу дунёда ғам-ташвишсиз яшаши учун барча шарт-шароитлар муҳайё. Қанча айшу ишрат қиламан деса, бунга керакли нарсалар топилади. Жаннатдай қасрда яшайди, ҳурдай маҳбубалар хизматида, аммо ҳеч нарса уни ғамгинлик исканжасидан қутқара олмайди. Атрофидагиларни бу ҳайратга солади ва ундан шунча ишрат имкони бўлатуриб, бу қадар ғамгинлигининг сабабини сўрашади. У олиҳиммат пок зот шундай жавоб қайтаради:

… – Йўл аҳлиға зиндондур жаҳон,

Негаким матлуби кўздиндур ниҳон.

Иш будурким айлагай қатъ ушбу йўл,

Кўнглининг матлубиға етгунча ул.

Кимса зиндонда қачон хуррам бўлур,

Байтул-аҳзонда нетиб беғам бўлур.

Менки айру ёрдин дармондамен,

Гар Эрам боғидамен – зиндондамен.

Бўлмағунча васл гулзориға хос,

Бўлмағум ғам хорхоридин халос.

Демак, йўл аҳли кўнгил матлубини кўзидан ниҳон қилган бу дунёни ўзига зиндон деб ҳисоблайди ва унга элтувчи йўлни қатъ этмагунча бу зиндонда хуррам бўла олмайди. Шунинг учун киши ўзи учун зиндон бўлган бу байтул аҳзон – ғам уйида қандай қилиб хурсанд бўлиши мумкин. Зеро, айрилиқда қолган ошиқ учун бу дунёнинг Эрам боғи ҳам зиндон мисоли, у васл гулзори – Аллоҳ висолига етмагунча, ғам хорхоридан халос бўла олмайди.

Шу ўринда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф ёдга тушади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дунё мўминнинг зиндони ва кофирнинг жаннатидир», – дедилар.

Алишер Навоийнинг комиллик сирлари талқинига бағишланган “Лисонут тайр” достонидаги ҳар бир сатр мазмунан Ислом дини ақидалари билан чамбарчас боғлиқдир, шунинг учун мазкур достон мазмунини теран англаш учун Қуръони карим ва Ҳадиси шарифлар мазмунини яхши билиш зарур бўлади. Шундагина улуғ шоир асарлари замирига сингдирилган исломий қарашларни чуқур англаш ва улардан тўғри хулосалар чиқариш мумкин бўлади.

Толибжон РЎЗИБОЕВ,
Навоийшунос олим

Read 1764 times

Мақолалар

Top