Мақолалар

Тасбеҳ намози (8-тавсия)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббос ибн Абдулмутталибга шундай дедилар: «Эй Аббос! Эй амакигинам! Сенга ато этайми? Сенга инъом қилайми? Сенга лутф кўрсатайми? Сени ўнта хислатли қилиб қўяйми? Сен ўшаларни қилсанг, Аллоҳ сенинг гуноҳингни – аввалгисию охиргисини, қадимгисию янгисини, хатосию қасдданини, кичигию каттасини, махфийсинию ошкорини мағфират қилади. Ўша ўн хислат – тўрт ракъат намоз ўқишдир. Ҳар ракъатда Фотиҳани ва бир сурани ўқийсан. Биринчи ракъатда қироатдан кейин, тик турган ҳолингда: «Субҳааналлоҳ, вал­ҳамду лиллааҳ, ва лаа илааҳа иллалоҳ, валлоҳу акбар» деб ўн беш марта айтасан. Сўнг рукуъ қиласан ва рукуъда турган ҳолингда шуни яна ўн марта айтасан. Сўнгра бошингни рукуъдан кўтариб, шуни яна ўн марта айтасан. Кейин саждага йиқиласан ва сажда қилган ҳолингда шуни яна ўн марта айтасан. Сўнг бошингни саждадан кўтариб, шуни яна ўн марта айтасан. Кейин сажда қилиб, шуни яна ўн марта айтасан. Сўнг бошингни кўтариб (ўтириб), шуни яна ўн марта айтасан. Ана шу бир ракъатда етмиш бештадир. Тўрт ракъатда ҳам шундай қиласан. Агар бу намозни ҳар куни ўқий олсанг, шундай қил. (Ҳар куни шундай) қила олмасанг, ҳар жумада бир марта ўқи. Агар уни ҳам қила олмасанг, ҳар ойда бир марта ўқи. Агар буни ҳам қила олмасанг, ҳар йили бир марта ўқи. Агар уни ҳам қила олмасанг, умрингда бир марта ўқи».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

 

Шарҳ: Ушбу ҳадисни Абу Довуд ва Термизийдан ташқари Ибн Можа, Байҳақий, Ибн Хузайма, Ҳоким, Ибн Ҳиббон, Ибн Муборак, Табароний, Хатиб, Ожурий, Абу Саъийд ас-Самъаний, Абу Мусо Мананийлар ҳам ривоят қилишган, имом Бухорий «Жузъул Қуръон»да ривоят қилган.

Ибн Абу Сайф Яманий «Ал-ламъа фии рағоиби йавмил жумуъа» китобида Термизийнинг қуйидаги гапларини келтиради:

«Тасбеҳ намозини жума куни завол пайтида ўқиш мустаҳабдир. Биринчи ракъатда Фотиҳадан кейин Такасурни ўқийди, иккинчисида Вал-асрни, учинчисида Кофирунни, тўртинчисида Ихлосни ўқийди», деб туриб, охирида ўқийдиган қўшимча дуони ҳам келтирган.

Абу Усмон Хайрий Зоҳид: «Қийинчиликлар ва ғам-ғуссалар учун тасбеҳлар намозидан яхши нарса кўрмадим», деган.

 

Эслатма: Баъзи уламолар тасбеҳ намози ҳақидаги ҳадиснинг ривоят қилинган йўлларини заиф дейишган. Заҳабий ушбу ҳадисни келтирган, аммо бу ҳақда фикр билдирмаган.

Ибн Аббоснинг тасбеҳ намози ҳақидаги ҳадиси ҳасан ҳадиснинг шартларига яқиндир.  Лекин биргина ровий тарафидан ривоят қилингани, тасбеҳ намозининг ўқилиш тартиби бошқа одатда ўқиладиган намозлардан ўзгачалиги учун шозз саналади.

Байҳақий: «Абдуллоҳ ибн Муборак бу намозни ўқир эди. Солиҳлар ҳам бир-бирларидан эшитиб, ўқишар эди. Бу ҳам ҳадиснинг саҳиҳлигини янада кучайтиради», деган. Абдулазиз ибн Абу Довуд – у киши Ибн Муборакдан олдин яшаб ўтган – шундай деди: «Ким жаннатни истаса, тасбеҳ намозини маҳкам тутсин. Шофеъий, Абу Ҳомид, Жувний, Ғаззолий ва бошқалар уни мустаҳаб дейишган».

 

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳ тасбеҳ намозини ўқиган одамнинг аввалгию кейинги, қадимгию янги, билиб-билмай қилинган, каттаю кичик, ошкору махфий гуноҳларини мағфират қилади.

2. Тасбеҳ намозини ўқиган одам ўнта хислатга эга бўлади.

3. Тасбеҳ намози юқоридаги баён қилинган тартибда ўқилади.

4. Киши тасбеҳ намозини ҳар куни ўқий олса, жуда яхши. Агар ўқий олмаса, уни ҳар жумъада бир марта, уни ҳам қила олмаса, ҳар ойда бир марта, уни ҳам қила олмаса, ҳар йили бир марта, уни ҳам қила олмаса, умрида бир марта ўқиса ҳам бўлади.

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф

«Ҳадис ва Ҳаёт» китоби асосида тайёрлади

Read 2786 times

Мақолалар

Top