Мақолалар

Динда саволим бор: Эр хотинига: “Сен ўғил туғолмайсан”, деб кўп жанжал қилди...

Бир кишининг 7 нафар қизи бўлиб, ўғли йўқ эди. Эр хотинига: “Сен ўғил туғолмайсан”, деб кўп жанжал қилди. Аёли жанжалларга чидолмай қизларини олиб ота уйига кетди. Шунда эрга бир нуроний шундай танбеҳ берди: “Ҳар бир қиз Қиёматда дўзахнинг ҳар бир эшигида тўсиб турувчи парда бўлади, бу қилган ишинг гуноҳ”. Саволим шуки, қизлар дўзахдан тўсувчи парда бўлиши борасида ҳадислар бор-ми?

— Одатда, ўғил туғилганда хурсандчилик каттароқ бўлади, аммо шариатда айнан қиз туғилганда хурсандчиликни каттароқ қилиш тавсия этилади. Ҳатто ҳадя улашишда ҳам, кўнгиллари нозиклиги эътиборидан, аввал қизлардан бошланади. Қиз туққан келинлар баракали келинлар сифатида эъзозланади. Қизларнинг ўзлари ҳам “барака рамзлари” дея эркаланади. Қиз боққанларга турли мақомлар ваъда қилинади.

Ойша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни менинг ҳузуримга иккита қизини етаклаб бир аёл тиланчилик қилиб кириб келди. Менинг ҳузуримда битта хурмодан бошқа нарса йўқ эди. Мен хурмони берсам, аёл уни иккига ажратди-да, икки қизига берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирганларида бу ҳақда хабар берсам, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мана шу каби қиз фарзанд билан имтиҳон қилинса, қизларини чиройли парвариш этса, унинг учун жаҳаннамдан парда бўлади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг уч қизи бўлса, уларнинг хархашалари, оғирликлари ва енгилликларига сабр қилса, Аллоҳ уларга кўрсатган раҳмати туфайли уни жаннатга киритади”, дедилар. Бир киши: “Иккита бўлса-чи, ё Аллоҳнинг Расули?” деди. У зот алайҳиссалом: “Иккита бўлса ҳам”, дедилар. Бир киши: “Битта бўлса-чи, ё Аллоҳнинг Расули?” деди. “Битта бўлса ҳам”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Боланинг ўғил ёки қиз бўлишига аёлнинг нима алоқаси бор? Аввало, мутлақо алоқаси йўқ. Агар фараз қилиб, алоқаси бор, десак, эркакнинг алоқасичалик бўлиши мумкин. Лекин нима учун эркакка эмас, фақат аёлга қиз туққанлиги учун дашном берилади. Ахир бундай қилиш Аллоҳнинг иродасига қарши туриш эмас-ми?

Ушбу ҳақиқатларни ҳар ким англаб етиши керак. Қиз туққан келинларни ва қизларни “барака рамзи” деб билиш, уларнинг эъзозини қилиш лозим.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

 

 

Read 1575 times

Мақолалар

Top