Мақолалар

Динда саволим бор: Мен аввал ўқимаган намозларим қазосини қандай ўқишим керак?

— Ёшим 60 га яқинлашяпти. Намоз ўқий бошлаганимга 20 йиллар бўлди. Мен аввал ўқимаган намозларим қазосини қандай ўқишим керак? Ҳозирги намозларга қўшиб ўқийманми ёки фақат фарзини ўқисам етадими?

— Намознинг фақат фарзлари ва Витр вожиб намози қазо қилинади. Суннат намозлар қазо қилинмайди. Қазо ўқимоқчи бўлган инсон ҳар бир кундалик фарз намозидан олдин ўша намознинг қазосидан ҳам ўқиб борса, ҳар куни бир кунлик қазо бажарган бўлади. Ёки куннинг ё кечанинг маълум бир вақтини ажратиб олиб, бир йўла тартиб билан: Бомдод, Пешин, Аср, Шом, сўнгра Хуфтон ва Витрни қазо қилса ҳам бўлади. Бунда агар иккитадан қазо намоз ўқиса, икки кунлик қазо намози соқит бўлади. Мана шу зайлда, ойлар, йиллар давомида бир неча йиллик қолдирилган намозларни қазо қилиш мумкин.

Сизга ўхшаб ўн йил, ундан ортиқ ёки кам муддатдаги кўплаб намозларни тарк қилган кишилар ушбу тартибга амал қилишлари керак.

Ҳар намознинг вақтида бир-иккита қазони ўқиб борсангиз ҳам бўлади. Бунда ўзингизга осон бўлиши учун, ҳар намозда уни “охирги ёки биринчи қолдирилган намоз” деб қасд қиласиз. Масалан, “биринчи қолдирган Бомдодим” ёки “охирги қолдирган Бомдодим”, деб ният қиласиз. Аср ва Шом намозлари орасида қазо намоз ўқиш жоиз.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 1773 times

Мақолалар

Top