Мақолалар

ФИТР САДАҚАСИ: КИМЛАР НИМА УЧУН ВА КИМЛАРГА, ҚАЧОН ВА ҚАНЧА МИҚДОРДА БЕРАДИ?

Фитр садақаси рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақадир. У рўзадор учун Рамазон ойи давомида айтган беҳуда гап-сўзлари, қилган хато ва камчиликларини ювиш ҳамда камбағал-мискинларга таомланиш имконини бериш мақсадида жорий қилинган.
Ҳанафий мазҳабида фитр садақаси вожиб амал ҳисобланади.

ҚАЧОН БЕРИЛИШИ КЕРАК?
Фитр садақасини Рамазон ҳайити куни тонг отгандан бошлаб ҳайит намозига чиқишдан олдинги вақтга қадар бериш вожиб ҳисобланади. Рамазоннинг аввалидан берилса ҳам бўлади.
Аммо Ҳайит намозидан кейинга қолдирмаслик керак. Агарда киши фитр садақасини ийд намозигача бера олмаса, намоздан кейин беради, лекин савоби Рамазон вақтида берганчалик бўлмайди, аммо бериши шарт. Яъни уни беролмай қолган киши зиммасида фитр садақасини бериш вожиб бўлиб қолаверади.

КИМЛАР БЕРИШИ КЕРАК?
Мусулмон эркагу аёл, балоғатга етган-етмаган, хоҳ оқил, хоҳ мажнун бўлсин, нисоб эгаси бўлсалар зиммаларига фитр садақасини бериш вожиб бўлади. Ўзида пул йўқларнинг номидан уларга нафақа бериш лозим бўлган шахслар беради.
Шунга ҳам диққат қилиш керакки, киши балоғатга етган фарзандлари ва хотини учун фитр садақа бериши вожиб эмас. Агар балоғатга етган фарзандлари ва аёли учун, улар айтишмаса ҳам, фитр садақасини берса, улар зиммасидан фитр садақаси соқит бўлади.
Ҳайит кечаси туғилган чақалоқ учун ҳам отаси фитр садақа бериши вожиб бўлади. Ҳомила ва ҳайит кунидан олдин вафот этганлар учун эса вожиб бўлмайди.

КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?
Фитр садақаси мусулмон камбағал-мискинларга берилади. "Фатавои Ҳиндия" китобида келтирилишича, фитрни беришда энг афзали, аввало, ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнгра уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнгра уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари сўнг юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар, касбдошлар, кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақли ҳисобланади.

КИМЛАРГА БЕРИЛМАЙДИ?
Фитр садақаси нисоб миқдорича моли бўлган бой кишига, ўзининг ота-онаси, бобо-момосига, ўзининг ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига, эр-хотин бир-бирига бериш мумкин эмас.
Шунингдек, ғайридинларга, фисқ ишларини очиқ-ойдин қилиб юрувчи фосиққа, бойга, соғ-саломат ва ишлашга қодир бўлатуриб ишламай юрганга бериб бўлмайди. Бундан ташқари, гуноҳ ва маъсиятга, шунингдек мусулмонларга зарар келтирадиган ҳар қандай ишларга сарфлайдиган кимсаларга берилмайди.
Фитр садақаси муҳтожларнинг қўлларига мол сифатида берилиши лозим. Бу пуллар масжид қурилиши, умумий хайрия ишлари учун берилиши жоиз эмас.

РЎЗА ТУТМАГАНЛАР ҲАМ ФИТР САДАҚАСИНИ БЕРАДИМИ?
Бирор узр сабабли рўза тута олмаганлар ҳам ўзлари ёки улар номидан нафақа бериши керак бўлган одам фитр садақасини бериши керак.

ҚАНЧА МИҚДОРДА БЕРИЛАДИ?
2022 йил учун ҳар бир жон бошига фитр садақасининг миқдори:
2 килограмм буғдой 10 000 (ўн минг) сўм;
4 килограмм арпа 16 000 (ўн олти минг) сўм;
2 килограмм майиз 100 000 (юз минг) сўм;
4 килограмм хурмо 160 000 (бир юз олтиш минг) сўм деб белгиланди.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя.
Эслатма! Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
#фитр
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

Read 2578 times

Мақолалар

Top