Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тафсир қилган Қуръони карим оятларидан мисоллар (9-қисм)

Ислом шариатда суннатнинг тутган ўрнини янада яхшироқ англаб олиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони карим оятларини қилган тафсирларидан мисоллар келтирайлик.

  1. Намоз – Ислом шариатининг беш устунидан бири, фарз саналган ибодатлардан, шаҳодатдан кейин турувчи амал. Қуръони каримнинг 70дан ортиқ оятларида намоз ўқишга буюрилади. Аммо бирорта оятда уни қандай адо этишнинг тартиблари баён этилмаган.

Тўғри, намоздаги: руку, сажда, қиём каби айрим ҳаракатлар ҳақида оятлар бор, аммо намозни тўлиқ адо этиш тартиби ҳақида ҳеч қандай оят учрамайди. Бу борада, фақатгина суннат орқали намоз ўқишни ўрганиш мумкин. Суннатдан бошқа бирор манба орқали уни ўрганиб бўлмайди.

Демак, Аллоҳ таоло 70 дан ортиқ оятларда намоз ўқишга буюриб, уни қандай адо этишни тўлиқ баён этмаганлигининг сабаби бу – суннатнинг аҳамияти ва унинг ўрнини билдириш учундир. Зеро, Қуръони каримда илмларнинг асоси баён этилади, уларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, изоҳлаш Пайғамбар алайҳиссаломнинг вазифасидир. 

  1. Аллоҳ таоло Қуръони каримда намозни ўз вақтида ўқишга буюради. Бу ҳақда Аллоҳ талол бундай марҳамат қилади:

إِنَّ ٱلصَّلَوٰةَ كَانَتۡ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ كِتَٰبٗا مَّوۡقُوتٗا ١٠٣

Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир (Нисо сураси, 103-оят).

Аммо бирорта оятда намозни қачон ўқиш кераклигининг аниқ вақти баён этилмаган. Ҳатто фарз намози беш маҳал экани ҳам Қуръонда келмаган. Намознинг беш маҳаллиги ва бир кеча-кундузда уларнинг ўқилиш вақтларини фақатгина суннат орқали билиш мумкин. 

  1. Қуръонда намознинг ракатларининг сонини билдирувчи бирорта оят йўқ. Фақатгина суннат орқали бомдод намози 2 ракат, пешин, аср, ҳуфтон намозлари 4 ракат, шом эса 3 ракат фарздан иборат эканини билиш мумкин. Суннатни ўрганмай туриб ҳатто Ислом динининг устунларидан бўлган – намозни ҳам тўғри адо этиш мумкин эмас. 
  1. Ислом динининг учинчи устуни – закот. Қуръони каримда 30 дан ортиқ оятда таъкидланган фарз амал. Аммо закот кимларга фарз? Закотни қачон бериш керак? Нималардан закот берилади ва нималардан берилмайди? Агар суннат бўлмаганда бу саволлар очиқ қоларди. Айнан Набий алайҳиссалом ким ва кимга зкаот берилишини аниқ, очиқ-равшан тушунтириб берганлар. 
  1. Ислом динининг тўртинчи устуни – ҳаж. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

وَلِلَّهِ عَلَى ٱلنَّاسِ حِجُّ ٱلۡبَيۡتِ مَنِ ٱسۡتَطَاعَ إِلَيۡهِ سَبِيلٗاۚ ٩٧

"Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир" (Оли Имрон сураси, 97-оят).

Ушбу оятда ҳаж амалини неча маротаба бажариш лозимлиги баён этилмаган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам банда умри давомида соғлом ва молиявий жиҳатдан қодир бўлганда бир маротаба адо этиши фарз эканини таъкидлаганлар. 

  1. Ислом динининг навбатдаги устуни – Рамазон ойининг рўзаси. Қуръони каримда рўзанинг асосий шартлари баён этилган оятлар мавжуд. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўз ва амаллари орқали ушбу ибодат батафсил тушунтирилган. Хусусан, рўзадорлар учун еб-ичиш ва жинсий яқинлик қилишдан ташқари яна қандай амалларни бажариш тақиқланган? Қайси шартларга кўра кундуз куни рўзани очиб юбориш мумкин? Рўзадорнинг хулқи қандай бўлиши керак? Бу саволларга фақат суннат орқали жавоб топиш мумкин. 
  1. Қуръони каримда жунубликдан покланиш алоҳида таъкидланади. Аллоҳ таоло бундай буюради:

وَإِن كُنتُمۡ جُنُبٗا فَٱطَّهَّرُواْۚ ٦

"Агар жунуб бўлсангиз, обдон покланингиз (чўмилингиз)!" (Моида сураси, 6-оят).

Бошқа оятда эса, жунуб ҳолатда намозга яқинлашмаслик айтилади:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تَقۡرَبُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَأَنتُمۡ سُكَٰرَىٰ حَتَّىٰ تَعۡلَمُواْ مَا تَقُولُونَ وَلَا جُنُبًا إِلَّا عَابِرِي سَبِيلٍ حَتَّىٰ تَغۡتَسِلُواْۚ ٤٣

"Эй, иймон келтирганлар! Токи гапираётган гапингизни (ўзингиз) биладиган бўлгунингизгача, маст ҳолларингизда намозга яқинлашмангиз! Яна жунуб (нопок) ҳолларингизда ҳам, то покланмагунча (намозга яқинлашмангиз)" (Нисо сураси, 43-оят).

Аммо оятларда жунубнинг таърифи ва жунуб одам қандай покланиши лозимлиги баён этилмаган. Албатта бу саволларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам батафсил жавоб берадилар. 

  1. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

وَٱلَّذِينَ يَكۡنِزُونَ ٱلذَّهَبَ وَٱلۡفِضَّةَ وَلَا يُنفِقُونَهَا فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ فَبَشِّرۡهُم بِعَذَابٍ أَلِيمٖ ٣٤

«Олтин ва кумушларни кон (махфий хазина) қилиб олиб, уларни Аллоҳ йўлида сарф қилмайдиганларга аламли азоб ҳақида "хушхабар" беринг!» (Тавба сураси, 34-оят).

Ушбу оятда мол-дунёни Аллоҳ ризолиги йўлида сарфлаш мақталмоқда, аммо уларни тўплаб қўйиш, сарфламаслик қаттиқ қораланмоқда. Лекин қанча мол-дунёни йиғиш мумкин ва уни қаерларга сарфлаш кераклиги баён этилмаган. Бу саволларга ҳам суннат орқали жавоб топиш мумкин. 

  1. Қуръони каримда никоҳи ҳаром қилинган аёлларнинг бирин-кетин рўйхати келтирилиб, унда икки опа-сингилни қўшиб никоҳга олиш ҳаром экани алоҳида таъкидланади:

وَأَن تَجۡمَعُواْ بَيۡنَ ٱلۡأُخۡتَيۡنِ ٢٣

"Икки опа-сингилни қўшиб (никоҳлаб) олишингиз (ҳам ҳаром қилинди)" (Нисо сураси, 23-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни кенгроқ шарҳлаб, бу тақиқ нафақат икки опа-сингилга, балки она ва ота томондан хола ва жиянга[1] ҳам тегишли эканининг хабарини берганлар.

  1. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

ٱلۡيَوۡمَ أُحِلَّ لَكُمُ ٱلطَّيِّبَٰتُۖ ٥

"Бугун сизлар учун покиза нарсалар ҳалол қилинди" (Моида сураси, 5-оят).

Нималар покиза нарсалар эканини билиш, уларнинг рўйхати билан танишиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мурожаат қилиш талаб этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалол бўлган нарсалар билан бирга ҳалол бўлмаган нарсаларнинг ҳам хабарини берганлар. Агар у зот алайҳиссалом уларнинг рўйхатини умматларига эълон қилмаганларида ҳар бир инсон ўзича бу оятни талқин қилган бўларди. Оқибатда ҳалол билан ҳаром нарсаларнинг чегараси бузилиб кетарди.

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин, лекин юқорида келтирилган далиллар мавзунинг моҳиятни кўрсатиш учун етарли.

[1] Бир киши бир вақтнинг ўзида опа-сингилни, жиян билан амма, холаларни никоҳига олиши мумкин эмас. Ҳадисда "Бир аёлнинг устига аммаси ёки ҳоласи ёхуд ака-укаларининг қизлари, опа-сингилларининг қизлари никоҳ қилинмайди" дейилади (Имом Бухорий ривояти).

 

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг

"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан

Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД

 

1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм, 5-қисм, 6-қисм, 7-қисм, 8-қисм, Давоми бор...

Read 2838 times

Мақолалар

Top