Мақолалар

Қуръони карим тафсир қилинишга муҳтожми? (10-қисм)

Қуръони карим оятларини тафсир, шарҳлашга эҳтиёж борми? Бинобарин Қуръони каримнинг қатор оятларида Аллоҳ таоло оятларни тушуниш ва фаҳмлаш осон, енгил эканлиги таъкидланган-ку? Бундан гўёки Қуръон оятларини тушунтиришга ҳожат йўқдек кўринади. Бироқ, оятлар диққат билан ўрганилса, Қуръони каримда икки хил ҳодиса ва нарсалар баён этилиши маълум бўлади.

Улардан бири оддий воқеликка тааллуқли бўлиб, олдинги пайғамбарлар, уларнинг халқлари билан боғлиқ тарихий воқеалар, Aллоҳнинг неъматлари, осмон ва ернинг яратилиши, илоҳий қудрат ва ҳикмат, дўзах азоблари ҳақидаги ҳамда бошқа хабарларни ўз ичига олади.

Иккинчиси эса, шариат аҳкомлари, ихтилофли масалаларни ўз ичига олади.

Қуръонда зикр (дарс, ваъз, насиҳат) деб номланган биринчи турдаги мавзуни, шубҳасиз, тушуниш осон, ҳатто саводсиз деҳқон ҳам ундан ўзи манфаат топиши мумкин. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган:

وَلَقَدۡ يَسَّرۡنَا ٱلۡقُرۡءَانَ لِلذِّكۡرِ فَهَلۡ مِن مُّدَّكِرٖ ٢٢

"Биз Қуръонни зикр (эслатма) учун осон қилиб қўйдик. Бас, эслатма олувчи борми?!" (Қамар сураси, 22-оят).

Оятдаги "Зикр учун" сўзи асосий диққатини Қуръондан ўрганишга қаратади ва фақат шу мақсадда осон, деган маънони англатади, лекин ҳеч қандай ҳолатда бу осонлик қонунлар ва таълимотларнинг талқини билан боғлиқ эмас. Aгар бу турдаги нарсалар ва ҳодисаларнинг таъбирини ҳар ким билса эди, Aллоҳ таоло Пайғамбаримизга Китобни ўргатиш ва тушунтириш вазифасини юкламаган бўларди.

Юқорида таъкидланганидек, Қуръон оятларини тушунтириш, шарҳлашда Пайғамбар алайҳиссаломга муҳтож бўлинади. Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай марҳамат қилади:

وَتِلۡكَ ٱلۡأَمۡثَٰلُ نَضۡرِبُهَا لِلنَّاسِۖ وَمَا يَعۡقِلُهَآ إِلَّا ٱلۡعَٰلِمُونَ ٤٣

"Ушбу мисолларни Биз одамлар (ибрат олишлари) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар" (Анкабут сураси, 43-оят).

Шундай қилиб, биринчи турга оид оятларни тушуниш осонлиги, Қуръондаги амрларнинг қонуний ва амалий хулосаларини аниқлаб берадиган пайғамбарга эҳтиёжни истисно қилмайди.

 

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг

"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан

Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД

 

1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм, 5-қисм, 6-қисм, 7-қисм8-қисм, 9-қисм, Давоми бор...

Read 1781 times

Мақолалар

Top