Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар

Абу Барза Асламий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Мени жаннатга киритадиган ишга буюринг”. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла”, дедилар.

 

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Аллоҳга қайси амал маҳбуброқ?” деб сўрадим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз вақтида ўқилган намоз”, дедилар. 

 

Усома ибн Шурайж айтдилар: “Аъробийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, инсонларга берилган фазилатларнинг энг яхшиси нима?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларга берилган фазилатларнинг энг яхшиси ахлоқдир”, дедилар.

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Инсонларнинг қайси бири афзалроқ?” деб сўрашди. У зот алайҳиссалом: “Махмумул қалб ҳамда ростгўй киши”, деб жавоб бердилар. Саҳобалар сўрашди: “Ростгўй кишини биламиз. “Махмумул қалб” ким?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У ўта пок, тақводор, гуноҳи, хиёнати, алдови, ҳасади йўқ кишидир”, дедилар” (Ибн Можа ривояти).

 

Абу Ҳумайд Саъидий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Саҳобалар Ё, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам, биз сизнинг ҳаққингизга қандай салавот айтамиз, деб сўрадилар? Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин ва азважиҳи ва зурриятиҳи кама соллайта ъала оли Иброҳима  ва барик ъала Муҳаммадин ва азважиҳи ва зурриятиҳи кама баракта ъала оли Иброҳима иннака ҳамидум мажид”, деб айтдилар.

 

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима нарса сўралмасин “Йўқ” демаганлар” (Имом Бухорий ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

тўплади

Read 2262 times

Мақолалар

Top