Мақолалар

Ҳадисларни таҳлил қилиш (20-қисм)

Ҳадисларни бу тўрт усулда сақлаш, шу жумладан, уларни ёзиш вазифаси масъулият билан бажарилган бўлса-да, йиғилган ва нақл қилинган гапларнинг ҳаммаси ҳам тўғри ва ишончли эмас эди.

Ҳижрий биринчи асрда ҳадисларни тўплаш давом этаётган пайтда, ҳадис илми олимлари ровийларнинг хабари тўғрилигини текшириш учун кўплаб усулларни ишлаб чиқдилар. Ушбу услублар ҳар қандай хабарга уни ишончли деб ҳисобланмасдан олдин қўлланилган. Ҳадис илми олимлари томонидан ишлаб чиқилган хабарларни танқид қилиш усули бутун дунё тарихида тарихий хабарларни текшириш йўналиши бўйича ўхшаши, тенги бўлмаган услуб бўлди. Афсуски, бу ҳақда қисқача маълумот беришнинг иложи йўққ. Муболаға қилмасдан айтиш мумкинки, бу бўйича минглаб китоблар ёзилган.

Лекин, ҳадиснинг тўғрилигини аниқлаш учун муҳаддислар томонидан ишлаб чиқилган турли усуллар ҳақида кичик бир мисол келтиришни лозим деб биламиз.

Турли нуқтаи назардан, ҳадисларни юзлаб турларга бўлиш мумкин. Саҳиҳлик даражасига кўра ҳадислар тўртта асосий тоифага бўлинади:

  • Саҳиҳ;
  • Ҳасан;
  • Заиф;
  • Мавзу (тўқима/уйдирма);

Ушбу ҳадисларнинг дастлабки иккита тури ишончли ҳисобланади. Шариатнинг ҳукмлари ҳам фақатгина шу икки турдаги ҳадислардан олиниши мумкин. Охирги икки турнинг аҳамияти унчалик катта эмас, айниқса шаръий масалаларга келганда. Бирор ҳадисни саҳиҳ ёки ҳасан деб қабул қилишдан олдин қуйидаги талаблар (тест)лар қўлланилади:

  • ровийларнинг ишончли эканини текшириш (батафсил ўрганиш);
  • ровийлар санадининг узлуксизлигини ўрганиш;
  • ҳадис матнини айнан шу мавзудаги бошқа ҳадислар билан таққослаш;
  • санадда ҳам, матнда ҳам нуқсонлар йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун, бу мавзу бўйича бошқа мавжуд маълумотлар асосида ҳадис санади ва матнини текшириш.

Қуйида ҳадисни тўғрилигини аниқлаш учун ҳадис олимлари томонидан қўйилган ушбу тўрт талаб ҳақида қисқача маълумот берамиз. 

  1. Ровийларни текшириш.

Ҳадиснинг саҳиҳлигини текширишда энг аввало уни ривоят қилган ровийнинг ишончлилигига эътибор берилади. Бунда: биринчидан, ровийнинг тўғрисўзлиги, иккинчидан, унинг мустаҳкам хотирага эга эканлиги ўрганилади. Бунинг учун "Илм ар-рижол" деб номланган алоҳида илм ишлаб чиқилган. Бу илмни ўрганганлар ўз ҳаётларини ҳар бир ҳадис ривоятчисини ҳар томонлама ўрганишга бағишлашган. Бунинг учун улар одатда шахсий муносабат(таассурот)ларига берилиб кетмаслик учун, ровий яшайдиган жойга бориб, қўшниларидан, ўқувчиларидан ва дўстларидан у ҳақида сўрашарди.

Машҳур олим Али ибн Маданийдан отаси ҳақида сўрашганда, дастлаб уларнинг саволига жавоб беришдан ўзини олиб қочди ва берди: “У ҳақида бошқа бир олимдан сўранг”, деди. Ундан яна қайта-қайта сўрашганида:

هو الدين, إنه ضعيف

“Бу дин (эътиқод) масаласидир, (шу сабабли жавоб бераяпман). У заиф (ровий)дир”, деб жавоб берди.

Машҳур муҳаддис Воқеъ ибн Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ отасини “заиф” ровий деб билиб, унинг ривоятларини агар бошқа бир ишончли ровий тасдиқланмаган бўлса қабул қилмасди.

“Китаб ас-ситта” тўпламининг муаллифларидан бири Имом Абу Довуд ўғли Абдуллоҳ[1] ҳақида ёлғончи ровий бўлганини айтган.

Зайд ибн Абу Унайс акаси Яҳё ҳақида бундай дейди: “Акам Яҳёнинг ривоятларини қабул этманг, чунки у ёлғон ривоят қилади”.

Шунга ўхшаган ҳолатлар “Илм ар-рижол” китобида кўплаб келтирилган. Бу мавзуда қатор китоблар ёзилган. Қуйида улардан айрим мисоллар келтириламиз.

  1. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳнинг “Таҳзибут-таҳзиб” асари.

Ўн икки жилдлик ушбу китоб "Сиҳоҳ ас-ситта"да келган ровийларнинг қисқача ҳаётларини ўзида жамлаган. Китобда жами 12455[2] нафар ровийнинг ҳаёти алифбо тартибида баён қилинган.

Сиз олтита китоб (Кутубус-ситта)да бирор ҳадис санадида келган ровийни "Таҳзибут таҳзиб"дан топишингиз мумкин. Унда ровийнинг туғилган ва вафот этган йиллари, устозлари ва шогирдлари рўйхатини, унинг таржимаи ҳолидаги муҳим воқеаларни, олимларнинг ишончлилиги ҳақида билдирган фикрлари билан танишингиз мумкин.

Шунингдек, фақат олти китобнинг ровийлари ҳақида ёзилган яна бошқа бир қанча манбалар ҳам бор ва уларга мурожаат қилинганидан сўнг, ҳар ким ровийнинг ростгўйлиги тўғрисида осонгина хулоса чиқариши мумкин.

 

  1. Ҳофиз ибн Ҳажарнинг “Лисонул-Мезон” асари.

Бу китобда “Кутубус-ситта”нинг бирорта санадида келтирилмаган ровийлар жамланган. Яъни уларнинг ривояти "Кутубус-ситта"га киритилмаган. Ушбу китоб 7 жилддан иборат бўлиб, 5991 та ровийлар ҳақида маълумотлар келтирилган. 

  1. Ҳофиз ибн Ҳажарнинг “Таъжилул-манфааъ” асари.

Ушбу китобда тўрт имом: Абу Ҳанифа, Шофеъий, Молик, ва Аҳмад ибн Ҳанбалнинг китобларида ривояти келган, аммо “Кутубус-ситта”да келмаган ровийлар ҳақида ёзилган. Бу асар 1732 ровий ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади.

Юқоридаги уч китоб бир муаллиф – Ҳофиз ибн Ҳажар томонидан ёзилган. Бунинг натижасида, у ўн етти мингдан кўпроқ ровийларнинг ҳаёти ҳақидаги маълумотларни баён қилган.

Бу бир олимнинг саъй-ҳаракатлари натижасидир. Бу мавзуда бошқа яна кўплаб китоблар бор.

Қуйидаги жадвалда машҳур "Рижол" китобларида ровийларнинг сони қанчалик кўплиги кўрсатилган:

Китоб номи

Муаллиф

Жилдлар сони

Ровийлар сони

1.      

Ал-тариху-л-кабир

Имом Бухорий

9

13781

2.      

Ал-жарҳ ва-т-таъдил

Ибн Абу Ҳатим

9

18050

3.      

Таҳзибу-т-Таҳзиб

Ҳофиз ибн Ҳажар

12

12455

4.      

Мезону-л-итидал

Заҳабий

4

11053

5.      

Лисону-л-Мезон

Ҳофиз ибн Ҳажар

7

 

6.      

Ас-Сиқот

Ижлий

1

2116

7.      

Ал-Муғни физ-зуафа

Заҳабий

2

7854

Бу жадвалнинг охиридаги китобда фақатгина "заиф" деб тан олинган ровийлар келтирилган. Бундай китоблар Имом Абу Ҳотим, Дорақутний каби муҳаддислар томонидан ҳам ёзилган. Шунингдек, бунинг акси бўлган Ибн Ҳиббоннинг ўн бир жилддан иборат "Сиқот” номли тўлиқ ишончли ровийлар келтирилган китоблар ҳам мавжуд.

Қандай бўлмасин, агар ровий ишончсиз, хотираси заиф ёки номаълумлиги аниқланса, унинг ривоятларига ишонилмайди. Кўплаб ҳадислар ана шу сабабдан рад этилган. 

  1. Санаднинг муттасиллиги (санаднинг узлуксизлиги).

Маълумки, ровийлар занжири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қадар етиб бормаган ҳар қандай хабар қабул қилинмаган. Агар занжирдаги барча ровийлар ишончли эканлиги аниқланса ҳам, бу ҳадисни саҳиҳ деб ҳисоблашга асос бўлмайди.

Бунинг учун санаднинг узлуксиз (муттасил) эканлиги ва бирорта ровийнинг тушиб қолмаганлиги ҳам исботланиши лозим. Қайсидир жойда ровийнинг тушганлиги аниқланса, ҳадис ишончсиз ҳисобланади.

Санаднинг узлуксизлигига ишонч ҳосил қилиш учун, ҳадис эшитганини даъво қилган киши билан кўришган бўлиши мумкинлгини аниқлаш лозим.

Бу ниҳоятда қийин ва нозик ишдир. Аммо бу вазифани ҳадис илми уламолари юксак даражада аниқлик билан адо этишган.

Уламолар ҳар бир ровийнинг ишончлиги ва хотирасини таҳлил қилиш билан биргаликда, унинг устозлари ва талабаларини ҳам ўрганишган.

Шунинг учун, "Рижал" китобларнинг ҳар бирида ҳар иккиси ҳақида батафсил рўйхатни топишингиз мумкин. Шундай қилиб, занжирнинг узлуксизлиги тўғрисида қарор қабул қилганда, олимлар ҳар бир ровийнинг туғилган ва вафот этган саналари мос келишига ишонч ҳосил қилишлари, шунингдек, устоз ва шогирдлари рўйхатини текширишлари керак эди.

Қолаверса, фақат бу билан чегараланиб қолмай, ровийнинг ҳадис ривоят қилган муҳаддис билан кўришишга имконияти бўлганини ва ҳақиқатдан ҳам ундан ҳадис эшитганлигига доир давр оралиғини ҳам ўрганишган.

Абдуллоҳ ибн Лабия мисрлик машҳур ровий саналади. Унинг хотираси заиф бўлгани ва одатда у ўзи ёзган ҳадисларини ривоят қилган. Кунларнинг бирида уйида ёнғин бўлиб, уй билан биргаликда бутун китоблари ҳам ёниб кетади. Бу воқеадан кейин у ҳадисларни ўз хотирасидан ривоят қилган. Шу сабабдан баъзи олимлар унинг бу воқеадан олдинги ривоятларини ишончли бўлганига, кейинги ривоятлари эса ишончли эмаслигига қарор қилишган. Бундан келиб чиқиб, ундан илк даврларда ҳадис эшитган талабаларининг ривоятлари ҳисобга олинган, кейинги даврларда эшитилганлари эса ишончсиз саналган.

Олимлар унинг талабалари рўйхатини ўрганиб чиқишган, Абдуллоҳ ибн Ваб каби илк даврдаги талабаларнинг исмларини аниқлашган. Қолган ровийларни эса унинг кейинги давр талабалари сифатида эътироф этилишини ва уларнинг ривоятларини ишончли эмаслигини элон қилишган.

Мухтасар қилиб айтганда, ҳадисларни танқид қилишда жуда муҳим бўлган иккинчи турдаги текшириш ровийлар занжирининг узлуксизлиги билан боғлиқ. Агар ровий ҳадисни унга ҳавола қилган ровийдан тўғридан-тўғри эшитмаганлиги аниқланса, демак, бундай хабар "мунқотеъ" (узилган) саналади ва ишончли деб ҳисобланмайди. 

  1. Бошқа ривоятлар билан қиёслаш.

Бир ҳадисни аниқлаш учун қўйилган учинчи талаб – ҳадисни ўша ўқитувчининг бошқа талабалари билан солиштириш.

Баъзан бир ҳадис бир нечта ровий томонидан ривоят қилинади. Бу хабарларнинг барчаси битта ҳадиснинг "туруқ" (ҳар хил ифодалари) дир.

Бир ҳадисни тасдиқлашда олимлар унинг бутун “йўллар” ини қиёсий ўрганадилар.

Агар ишончли ровийларнинг аксарияти бир ҳадисни бир хил тарзда етказишгани аниқланса ва кимдир бошқача йўлда келтирса, унинг хабари "шозз" ҳисобланади. Бу ҳолда, ҳикоячининг ишончлилигига қарамай, баъзи далиллар билан тасдиқланмаса, у ишончли эмас. 

  1. Ҳадиснинг умумий таҳлили.

Якуний ва энг муҳим тадқиқ бу – ҳадиснинг умумий таҳлил қилиниши. Бунда ҳадис мавзу билан боғлиқ бўлган бошқа маълумотлар асосида ўрганилади. Ривоят қилинган сўз ёки воқеа ҳақиқатга яқинми? Нақл қилинган воқеалар тарихий фактларга мос келадими? Бу ҳадис матнини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат бериб бўладими? Ровийлар санадида узилиш рўй бермаганми? каби турли саволларга жавоб топилади.

Бу жуда ҳам қийин ва ҳассос усул бўлиб, у олимлардан бутун мавзуларни билишни, ҳадис илмининг барчасидан хабардор ва ҳадисни текшириш илмида катта салоҳиятга эга бўлишни талаб этади.

Агар бу таҳлиллардан сўнг, ҳадиснинг ҳақиқийлигига шубҳа туғилса, уламолар унинг занжири ёки ҳадис матнидаги иллатига эътибор қаратганлар. Бундай иллатга яъни хатога эга бўлган ҳадис саҳиҳ деб ҳисобланмаган.

Саҳиҳ ҳадисни олимлар қуйидагича таърифлайдилар: "Ишончли ва хотираси яхши бўлган, ровийлар занжирида узилишлар, шузуз (тарқоқлик) ва иллат (хато) бўлмаган равишда ривоят қилинган ҳадис". 

ХУЛОСА

Бир китобда ҳадис илмида хабарларни текшириш услубларини тўлиқ баён қилишнинг имкони йўқ. Келтирилган маълумотлар айрим мисоллар, холос. Шунинг ўзи олимларнинг саъй-ҳаракатлари қанчалик юқори даражада эканлигини тасаввур қилишга, бу уммат ҳадисларни сақлаш вазифасини бошқа ҳеч бир соҳа тарихида ўхшаши учрамайдиган, эҳтиёткорона ва масъулиятни ҳис этиб, аъло тарзда бажарганларига ишонч ҳосил қилишга кифоя қилади. Айнан ана шу ҳаракатлар сабабли Қуръони каримнинг ҳар бир сўзи ва унинг маъноси илоҳий ваъдага мувофиқ сақланиб қолган.

 

[1] Ушбу Абдуллоҳнинг "Китаб алмасолиф" номли асари айрим шарқшунослар томонидан нашр эттирилган.

[2] Бу ровийларнинг барча жилдлар бўйича йиғилган умумий сони. Бироқ, баъзида бир хил ҳадис ривоятчиси турли номлар билан ҳам зикр этилган ва шунинг учун аслида уларнинг сони озроқ, лекин 10 мингдан кам эмас.

 

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг

"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан

Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД

 

1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм, 5-қисм, 6-қисм, 7-қисм8-қисм9-қисм10-қисм11-қисм12-қисм13-қисм14-қисм15-қисм16-қисм17-қисм18-қисм, 19-қисм.

Read 2435 times

Мақолалар

Top