Мақолалар

Аҳли ва молидан ажраган одамни кўрганмисиз?!

Ҳозир ишлатадиган телефонингизнинг модели қанақа? Нархичи? Миниб юрган машинангиз ҳам арзон бўлмаса керак? Ҳар ҳолда совриндан ютиб олмагансиз. Меҳнат қилгансиз, пул йиққансиз. Яшаётган ҳовлингиз ва бошқа шахсий буюмларингизнинг қиймати қанча? Анча! Чунки ҳозирги кунда уйлар қимматлиги ҳеч кимга сир эмас.

Тасаввур қилайлик, бир кунда севимли аҳлимиз, фарзандларимиздан маҳрум бўлсак... Камига ишимиз, уйимиз, машинамиз, қимматбаҳо буюмларимиздан ҳам айрилиб қолсак, ҳеч вақойимиз қолмаса... Қай аҳволга тушамиз экан... Инсон ўйлаб кўришга ҳам чўчийди. Йўқ, ҳаммасидан айрилган инсон ақлини йўқотиб, сазойи ва мажнунга ўхшаб қолса керак. Яшашдан мақсад, илинж ҳам кесилади.

Афсуски, бир кеча-кундузда қанчадан-қанча одамлар мана шу аҳволга тушадилар. Ҳақиқий касодга учрайдилар. Бор-йўқларидан ажраладилар. Улар ким биласизми?

Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу одамни ўз ҳадисларида баён қилиб берганлар: “Аср намози ўтиб кетган инсон – худди аҳли ва моли олиб қўйилган киши кабидир” (Имом Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бирор узрсиз аср намозини қуёш ботгунга қадар тарк қилса, аҳли ва молидан ажраган кимса каби бўлади”, дедилар (Имом Суютий ривояти).

Уламолар “Бу маҳрумлик нафақат аср намозини, балки, қолган намозларни тарк қилган кимсага ҳам тегишли” дейдилар. Аср намозининг қадри, шаъни ва алоҳида фазилати бўлгани учун хослаб зикр қилинган.

Дунёдаги энг бахтли инсон – намозини ўқиган, ўз вақтида адо этган инсондир, гарчи бой бўлмаса ҳам. Аммо, Аллоҳ бадавлат қилган, намоз ўқимайдиган инсон – аслида ҳеч нарсаси йўқ, ҳақиқий бахтиқаро, касодга учраган кимсадир. Аллоҳ ҳақиқий саодат соҳибларидан қилсин! Ибодатдан маҳрум қилмасин!

Н.Саидакбарова,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Read 1221 times

Мақолалар

Top