Мақолалар

“Дастурхонда қолган нон шайтоннинг насибаси”ми?

CАВОЛ: Қайнонам “Дастурхонда дуо қилаётганда нон қолиб кетмасин. Акс ҳолда, у нонни емаслик керак. Қолган нон шайтоннинг ризқи бўлади. Уни итга бериш керак”, деб айтди. Шу гап ростми? 

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам овқат еяётган вақтда ерга тушиб кетган ушоқ ёки овқат бўлакларини териб олиб, тозалаб ейишга буюрганлар. Бу ҳақда Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангизнинг луқмаси (ерга) тушиб кетса, уни олиб, (ёпишган) зарарли нарсаларни кетказиб, есин. Уни шайтон учун тарк қилмасин. Бармоқларини яламагунча қўлини сочиққа артмасин. Чунки у барака таомнинг қаерида эканини билмайди”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадисдан Аллоҳ таоло берган ризқнинг қадрига етмаслик шайтоний амал экани, тўкилган таомни ердан олиб, тозалаб ейиш ризқнинг қадрига етиш, инсонлардан қолган таомлар шайтон ва жинлар учун таом қилиб берилгани маълум бўлади. Бу дуо қилинганидан кейин дастурхонда қолган нонларни емаслик керак, бу шайтонни насибаси бўлади дегани эмас, аксинча уларни авайлаб олиб қўйиш, ушоқларини эса териб ейиш лозимлигини ифода қилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази

Read 2295 times

Мақолалар

Top