Мақолалар

Аллоҳ мақтанчоқларни суймас

«Бирор мусибатни пайдо қилмасимиздан олдин у Китобда битилган бўлур, акс ҳолда, Ер юзида ва ўз шахсларингизда сизга бирор мусибат етмас. Албатта, бу иш Аллоҳ учун осондир. Токи кетган нарсага қайғуриб, келган нарсадан хурсанд бўлмаслигингиз учун. Аллоҳ барча димоғдор ва мақтанчоқларни суймас. Улар бахилдирлар ва кишиларни ҳам бахилликка буюрурлар. Ким юз ўгирса, Аллоҳ ҳеч бир нарсага муҳтож бўлмаган, мақталган Зотдир» (Ҳадид сураси, 22–24-оятлар).

“Бирор мусибатни пайдо қилмасимиз­­дан олдин Ер юзида...” Муқотил раҳима­ҳул­лоҳ оятни: “Ер юзига тушувчи мусибат: қа­ҳатчилик, ўсимлик ва меваларнинг оза­йиб кетиши”, деб тафсир қилган.

“У Китобда битилган бўлур”. Яна ушбу мусибатлар Лавҳул маҳфузда битилгандир.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо “Пай­до қилмасимиздан олдин” оятини: “Муси­батни пайдо қилмасимиздан олдин”, деб тафсир қилган. Саид ибн Жубайр раҳи­маҳуллоҳ: “Ер юзи ва жонни пайдо қил­масимиздан олдин”, деган.

“Ва ўз шахсларингизда сизга бирор муси­бат етмас”. Шахсга етадиган мусибатдан му­род турли касаллик ва қийинчиликлардир.

“Албатта, бу иш Аллоҳ учун осондир”. Рабиъ ибн Солиҳ айтади: «Саид ибн Жу­байр розийаллоҳу анҳуга мусибат етганида йиғладим. У мендан: “Нега йиғ­лаяпсан?” деб сўради. Мен: “Сенга етган ва сендан кет­ган нарсани кўриб йиғла­япман”, дедим. У: “Йиғлама, Парвардигорнинг ушбу сўзи­ни эшитмаганмисан, деб: “Бирор мусибатни пайдо қилмасимиздан олдин у Китоб­да битилган бўлур, акс ҳолда, Ер юзида ва ўз шахсларингизда сизга бирор мусибат етмас” оятини сўнгигача ўқиди».

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо бундай дейди: «Аллоҳ таоло қаламни яратганидан сўнг, ун­га: “Ёз”, деди. У қиёмат кунигача бўладиган нарсаларни ёзди. Аллоҳ банда­ларнинг ка­саллик кунлари ва соғлик кун­ларини бел­гилаб қўйган. Агар одамлар уларни камай­тириш ёки кўпайтиришга ҳа­ракат қилсалар, уддасидан чиқолмайдилар.

“Токи кетган нарсага қайғуриб...” Қўл­ларидан кетган моллари сабабли хафа бўл­ма­синлар. Агар улар буни билганларида эди, қўлларидан кетган ризқ сабаб туш­кунликка тушишмасди. Ибн Масъуд ро­зийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Сизга етган нарса етмаган бўлмаслигини, етмаган нарса сизга етган бўлмаслигини билмагунингизча бирортангиз иймоннинг ҳаловатини топмассиз”, дедилар. Сўнг: “Токи кетган нарсага қайғуриб” оятини ўқидилар. Яъни дунёда қўлингиздан кетган нарса учун қайғурманг. Чунки у сизларга тақдир қилинмаган эди. Тақдир қилинганида, уни қўлдан чиқармаган бўлардингиз.

“Келган нарсадан хурсанд бўлмаслигин­гиз учун”. Ибн Аббос розийаллоҳу ан­ҳумо оятни: “Дунёдан келган нарсадан”, деб тафсир қилган. Саид ибн Жубайр: “Соғлик ва ҳосилдорликдан”, деб тафсир қилган. Ик­рима ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Хафа бўлмайдиган ва хурсанд бўлмайдиган би­рор киши йўқ. Фақат мўмингина етган му­сибатга сабр қилади. Қўлга киритган наси­баси учун шукр қилади”.

“Аллоҳ барча димоғдор ва мақтанчоқ­ларни суймас”. Димоғдор ва мақтанчоқлар дунёда уларга берилган насиба сабаб мута­каббирлик қиладилар ва одамлар орасида фахрланадилар.

Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ: “Эй Одам боласи, нима учун қўлингдан кетган нарсага қайғурасан? Сенга қайтариб бер­майдиган нарса учун қайғурмоқдасан ёки ўлим йўқ қиладиган нарса билан фахрланмоқдасан”, деган. Бузругмеҳрдан: “Эй Ҳаким, нима учун йўқотган нарсангизга хафа, келган нарсага хурсанд бўлмаяпсиз?” деб сўрашди. У бундай жавоб қилди: “Боиси йўқотилган нарсани кўз ёши билан қайтариб бўлмайди, келган нарсани кетказиб бўлмайди”. Фузайл ибн Иёз бундай деган: “Дунё йўқ бўлувчидир. Йўқ қилганини қайтариб бўлмайди. Фойда берганига эса қайтишига изн берилади”.

Димоғдор ўзидан фахр­ланади. Мақтанчоқ эса одамларга паст на­зар билан қарайди. Ик­кисининг амали ҳам яширин ширкдир.

“Улар бахилдирлар”. Аллоҳ мақтанчоқ­ларни яхши кўрмайди. Улар бахилдирлар. Аллоҳ таоло бирор нарсага муҳтож эмас.

Уламолар бахил билан сахийнинг ораси­даги иккита фарқни ажратиб бундай дейи­шади: “Бахил нарсани ушлаб туриш билан, сахий эса уни бериб юбориш билан лаззат олади”. “Бахил фақат сўралганда беради, са­хий эса сўралмасидан олдин беради”.

“Ким юз ўгирса”, яъни имондан юз ўгир­са, “Аллоҳ ҳеч бир нарсага муҳтож бўлма­ган, мақталган Зотдир”.

“Тафсири Қуртубий” асосида

Дилфуза РАҲИМОВА

тайёрлади.

Hidoyat.uz  – http://Hidoyatuz.taplink.ws;

Muminalar.uz – https://t.me/muminalaruzb

Online obuna bo’ling! – https://obunahidoyat.taplink.ws

 

Read 1494 times

Мақолалар

Top