Мақолалар

Қалбга нур, икки дунёда ҳузур

Донишмандлар умр мазмуни ҳақида кўп ўйлагани, турли фикрлар баён этгани сабабини, жилла қурса, англашга уриниб кўрамизми?..

Ўқиган, эшитганларимизга асосланиб билганимиз шуки, гоҳида гуркираган тараққиёт, гоҳида жангу жадаллар, баъзида эса сокинлик билан кечган башарият тарихида бир қонун ҳамиша амалда бўлган: одамлар яхши яшашга, турмуш шароитини енгиллаштиришга, тўкинликка  имкону қудратлари етиш-етмаслигига қарамай, ҳаракат қилаверадилар.

Зеро, бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантирганлар: “Агар одам боласида икки водий (тўла) мол-дунёси бўлса, учинчисини талаб қилади. Одам боласининг қорни фақат тупроққа тўяди. Аллоҳ тавба қилгувчиларнинг тавбасини қабул қилади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ана шу ҳаракатлар, интилишлар асносида хонадонлардан тортиб юртларнинг қиёфасигача ўзгаради; либослар янгиланаверади; ҳаёт тарзи гоҳи енгиллашиб, гоҳи мураккаблашади... Кимлардир бу натижалардан қувонади, шукр қилади, кимлардир бошқача. Яна бир аччиқ ҳақиқат шуки, бошимиздан моддий бойликлар, имкониятлар, тану жонга роҳатдек туйиладиган шароитлар ёғилиб турганда ҳам, улардан келадиган қувончу роҳат ўткинчи... қалб муқим, кунлар уммонига чўкиб кетмайдиган ниманидир соғинаверади. Таърифига сўз топмадим, айни ўринда “ниманидир” деганим – бу ҳаётдан изланган асл маъноми, мақсадми... яна ҳам аниқроғи – икки дунё саодатига элтувчи йўл!

Гап шундаки, кўз билан кўриб, аниқ рақаму маълумотлар билан далиллаб эътироф этиладиган кундалик эврилишлар аро фақат қалб зиёси билан кўриш, англаш, ҳис этиш мумкин бўлган яна бир олам бор: унинг кўрки, бойлиги – зумрад нурлар таратувчи бир дарахтки, унга на дунё табиатининг ва на инсон тийнатининг жазиралари, изғиринлари, бўронлари, селу дўллари таъсир эта олади. Бу – ҳаётининг энг саодатли кунларида инсон ўз қалбига эккан эзгулик дарахтидир. Ажабки, ўзинг ва ўзгалар наздида жуда кичик ва арзимасдай туюлган яхшиликдан ҳам бу дарахт яшнаб, гуркираб кетади. Ундан қалбингизга таралган бир қатим нур ҳам борлиғингизни ёритади, роҳатланасиз, руҳиятингиз таскин топади. Бу фароғат нафақат ҳозирингизга ҳузур бағишлайди, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам хушхабарини берибдиларки: “Аллоҳга тақво қил. Яхшиликлардан бирортасини паст санама. Сув талаб қилиб келган кишига челагингдаги сувингни қуйиб беришинг ҳамда биродарингга йўлиққанингда очиқ чеҳра билан кўришишинг ҳам яхшиликдир... (Таёлисий ривояти).

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтадилар:  “Бир киши йўлда кетаётган эди, ногаҳон йўл устида тиконли шохни кўриб, уни четга суриб қўйди. Аллоҳ унинг бу қилган ишидан рози бўлиб, гуноҳларини мағфират қилди (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бировга яхшилик қилганингизда, ҳаттоки, кимнингдир кимгадир эзгулик илингани, улашганини кўрганда ҳаяжонланганмисиз, кўзингиз ёшга тўлиб қувонганмисиз? Бу кўз ёши, назаримда, қалбдаги яхшилик дарахти таратаётган нурлар оқими. Шу оқимга ғарқ бўлиб яшамоқ учун “кимлардандир ортда қолмаслик”, “ўткинчи дунёга бир келарканмиз, бир яшаб қолайлик” деган ҳою ҳаваслар етагида беҳаловатликка банд бўлмай, ён-атрофга, жондошу қондошлар, юртдошларга меҳр-мурувват билан қарасак, уларни англашга уринсак, кифоя. Яхшиликлар ҳам мисоли занжирга ўхшайди, бир-бирига боғланиб, бир-бирини тўлдириб келаверади. Ҳаётнинг бу ҳикматли дастурини ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам банди-банди билан тузиб қўйибдилар. Кўзимиз очиқ, қалбимиз уйғоқ экан, ҳар қадамда бу муборак насиҳатлар бизга яхшилик қилиш йўлларини кўрсатаверади:

“Ҳожатини амалга оширишга қодир бўлмаган кишиларга ҳожатини амалга оширишда ёрдамлашинглар. Ким арзини етказишга қодир бўлмаган кишилар ҳожатни бошлиққа етказса, Аллоҳ таоло уни қиёмат куни сирот кўпригида собитқадам қилади” (Имом Табароний ривояти).

“Қалбинг мулойим бўлиб, ҳожатинг бароридан келишини яхши кўрасанми? Унда етимга раҳм қилиб, бошини сила ва унга ўз таомингдан едир. Шунда қалбинг юмшаб, ҳожатинг бароридан келади” (Имом Табароний ривояти).

“Фазилатларнинг энг афзали сен билан алоқани узган киши билан алоқа боғлашинг, сени маҳрум қилганга беришинг ва зулм қилганни афв этишингдир” (Имом Табароний).

“Касалнинг ҳолидан хабар олувчи раҳматда сузиб юради. Агар унинг ҳузурида ўтирса, раҳмат уни ўраб олади” (Имом Аҳмад ривояти).

Яна ва яна, яна... ҳадиси шарифлар ундайди, далиллайди.

Вақт шиддатига таслим бўлиб бораётган энг бебаҳо бойлигимиз – умр сарҳисоби қандоқ бўлишидан хавотир, қўрқинч булутларини эритувчи, ҳайдовчи мўъжиза – қалбимиздаги яхшилик дарахтининг нури, иншааллоҳ.  “Яхшиликлар кўп, уни амалга оширувчилар оз” (Имом Хатиб ривояти), дея ҳушёр бўлишга чақирадилар Сарвари олам соллалоҳу алайҳи васаллам. Тирик эканмиз, шу озчиликни кўпайтиришга ҳар лаҳза, ҳар қандай вазиятда имконимиз бор. Яхши ниятларимизни Ўзи қўллаб-қувватласин, омин.

Муҳтарама УЛУҒОВА

 

 

Read 5800 times

Мақолалар

Top