Мақолалар

Тарози босадиган амаллар

Абу Молик Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Поклик имоннинг ярмидир. “Алҳамдулиллаҳ” мезон (тарози)ни тўлдиради. “Субҳаналлоҳ” ва “Алҳамдулиллаҳ” ер ва осмон ўртасини тўлдиради. Намоз нурдир. Садақа ҳужжатдир. Сабр зиёдир. Қуръон фoйда ёки зарарингизга далилдир. Барча инсонлар ўзлари ҳаракат қиладилар, сўнгра нафсларини сотиб, уни озод қилади ёки ҳалокатга учратади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).  

“Поклик имоннинг ярмидир”

Имоннинг хислатлари икки қисмга бўлинади. Биринчи қисмда банданинг қалби покланади. Иккинчи қисмда эса инсоннинг ташқи кўриниши гўзаллашади. Покликдан таҳорат, ғусл, нажосатни кетказиш, кийим ва баданни тозалаш каби маънолар тушунилади. Муқаддас динимизда кўплаб ибодатларда поклик шарт қилинган. Аллоҳ таоло бандаларни покликка чақириб бундай марҳамат қилади: “Агар жунуб бўлсангиз, обдон покланингиз (чўмилингиз)!” (Моида,6) Бошқа оятда кийимни поклашга амр қилинади: “Либосларингизни покланг” (Муддассир, 4).

Поклик Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлишда муҳим омил ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таоло покиза кишиларни яхши кўради. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара, 222).

Покликнинг ажри беқиёс. Имон инсоннинг ботиний дунёсини ширк, нифоқ ва шунга ўхшаш маънавий иллатлардан поклайди. Таҳорат эса инсоннинг зоҳирини поклайди. Покликнинг савоби кўпайиб, ҳатто имон савобининг ярмига етади. Чунки имон олдинги катта-кичик хатоларни ўчиради. Шунингдек, поклик, хусусан, таҳорат олдинги кичик хатоларни ўчиради. Шунинг учун, поклик имоннинг ярми дейилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким таҳорат олса ва уни гўзал қилса, бу одамнинг хатолари жасадидан чиқиб кетади…”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

“Алҳамдулиллаҳ” тарозини тўлдиради

Ҳадиснинг бу қисмида Аллоҳ таолога ҳамд айтиш нақадар ажри улуғ амал экани баён қилинмоқда. “Алҳамдулиллаҳ” берилган неъматлар шукронаси сифатида Аллоҳ таолога гўзал тарзда мақтов айтишдир. Ҳадисда бу лафзнинг савоби ирода қилинган. Яъни “Алҳамдулиллаҳ” деб Аллоҳни зикр қилишнинг савоби қиёмат куни амаллар ўлчанадиган тарозини тўлдиради.

“Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ” ер ва осмон ўртасини тўлдиради

“Субҳаналлоҳ” сўзининг маъноси Аллоҳ таолони улуғлаш ва айбу нуқсонлардан поклашдир. Бу икки калимани ажр-савобини жисм деб фараз қилинса, ер ва осмон орасини тўлдиради. Чунки зикрда Аллоҳ таолони поклаш ва оламлар Роббисига мақтов айтиш бордир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло каломдан тўртта сўзни танлаб олди. Улар: “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” сўзларидир. Ким: “Субҳаналлоҳ” деса унга йигирма яхшилик ёзилиди ва унинг йигирма ёмонлиги ўчирилади. Ким: “Аллоҳу акбар” деса юқоридаги каби савоб берилади ва ёмнликлар ўчирилади. Ким: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деса юқоридаги каби бўлади. Ким: “Алҳамдулиллаҳ” деса ҳам худди шундай. Ким: “Алҳамду лиллаҳи роббил аламин” деса, унга ўттизта яхшилик ёзилиб, ўттизта ёмонлик ўчирилади”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Мазкур зикрларни қалби ишончга лиммо-лим тўлиб, сўзларнинг маъноларини тафаккур қилиб, ихлосу муҳаббат ва чин эътиқод билан айтган банда Аллоҳ таолонинг ҳузурида улуғ савобга эришади ҳамда олий даражаларга кўтарилади. Шунингдек, Аллоҳ таолони зикр қилган инсоннинг қалби хотиржам бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “…Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур) (Раъд, 28).

“Намоз нурдир”

Намоз буюк ибодат. Барча шартлари билан, ихлосу муҳаббат ва хушу ила адо этилган намоз нур бўлади. Шунингдек, намозни мукаммал адо қилиш билан мўминнинг қалби нурга тўлади. Шу билан бирга намоз қиёмат зулматларида ҳам мўминга нур бўлади. Намоз Исломнинг асосий арконларидан биридир. Банда намоз ўқиб Роббисига боғланади, Унга муножаат қилади. Намозни чин ихлос билан адо этувчилар роҳат, сакинат ва омонлик топади. Намоз ўқиган банда яхши йўлда юриб, гуноҳлардан тийилади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “…Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур…” (Анкабут, 45).

Намоз маънавий нур. Банда намоз ўқиб, ҳидоят ва ҳақ йўлни топади. Намознинг нури қиёматда ҳам банданинг юзида порлаб туради. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “…Уларнинг юзларида сажда асоратидан (қолган) белгилари бордир…” (Фатҳ, 29). Бошқа оятда бундай дейилган: “…Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрар. Улар: «Эй Роббимиз! Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират этгин. Албатта, Сен ҳар нарсага қодирдирсан», дерлар” (Таҳрим, 8).  

“Садақа ҳужжатдир”

Садақа берувчи қиёмат куни мукофот олишига ишонади. Шунинг учун, банда дунёда садақа беришга ошиқади. Берилган садақа банданинг қалбидаги ишончга ҳужжат бўлади. Мунофиқ садақа бермайди. Чунки у садақанинг эвазига ажр-савоб берилишига ишонмайди. Садақа банда қалбида имон борлигининг далилидир. Мусулмон доимо сахий ва очиққўл бўлиши керак. Банда бахиллик сабаб хайру эҳсон қилмайди. Садақа эса бахилликдан халос бўлишда алоҳида ўринга эга. Ким бахилликни енгса қиёмат куни нажот топади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “…Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар (охиратда) нажот топувчидирлар” (Ҳашр, 9).

 

“Сабр зиёдир”

Сабр динимизда мақталган амалдир. Ҳадисдаги сабрнинг маъноси умумийдир. Шунинг учун, тоат-ибодат, гуноҳлардан сақланиш, ғам-алам, касаллик ва турли мусибатларнинг барчасига сабр қилинса, у зиё бўлади. Банда нафсини орзу ҳаваслардан тийиб, матонат билан туриши сабрдир. Зиё нурдан кучли бўлади. Шунинг учун, ҳадисда сабр зиё дейилмоқда. Инсон сабр билан қийинчиликлар ва машаққатларни барчасини енгиб ўтади.

“Қуръон фoйда ёки зарарингизга далилдир”

Қуръони карим банданинг дунё ҳаётида дастурул амал, охиратда эса нажот ва саодатга эришишида муҳим омил. Инсон ҳаётлик чоғида Қуръони каримга амал қилса, нажот топади. Қуръондан юз ўгирса, ундаги қайтариқлардан сақланмаса ва буйруқларни бажармаса бахтдан мосуво бўлиб, аламли азобга дучор бўлади. 

 

“Барча инсонлар ўзлари ҳаракат қиладилар, сўнгра нафсларини сотиб, уни озод қилади ёки ҳалокатга учратади”

“Нафсларини сотиб, уни озод қилади” жумласидан бандалар тоат-ибодат қилиб, гуноҳ-маъсиятлардан сақланиб, нафсни дўзахнинг аламли азобидан озод қилиш маъноси тушунилади. Шунингдек, банда шайтонга эргашиб, ҳалол бўлмаган ишлар билан машғул бўлиб, ўз нафсини ҳалокатга учратади ва жаннатнинг бебаҳо неъматларидан бебаҳра қолади.       

Манбалар асосида

Баҳриддин ЖЎРАБЕК ўғли

тайёрлади.

Read 12416 times

Мақолалар

Top