Мақолалар

Исломда аёлларга эътибор

Турли сабабларга кўра аёллар масаласи Исломга қарши таъна тоши отилишининг асосий нишонларидан бирига айланиб қолган. Ҳатто баъзи мусулмон уламолар «Аёллар масаласи Ислом уммати кўксига санчилган заҳарли ханжардир», деб айтишга мажбур бўлдилар. Бу масала бўйича кўплаб китоблар битилган, мақолалар ёзилган, хутбалар, мавъизалар қилинган.

Албатта, бу масалага ортиқча тўхталишга бизнинг имконимиз йўқ. Иккинчидан, Ислом ўз таълимотларига хилоф қилиш оқибати-да келиб чиққан нотўғри ҳолатга жавоб беришга мажбур ҳам эмас. Энг муҳими, Ислом ҳеч кимнинг ҳимоясига муҳтож ҳам эмас. Фақат тушуна олмай турган кишиларга тушунганлар ёрдам бериш қабилида иш тутиш мумкин, холос. Шу маънода «Аёл киши ва тенг ҳуқуқлилик» номли мақолада бу масалага мавзунинг сиёқига биноан бир оз изоҳ берилган эди. Энди эса яна мавзунинг сиёқига биноан баъзи бир масалаларни баён қилиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлаймиз.
Исломдан олдин аёл киши нафақат ҳуқуқлари поймол қилинишига, балки инсонлик даражасидан маҳрум қилинишга маҳкум қилинган эди.
Мисол учун, Ислом дастлаб пайдо бўлган юрт ва замонда қиз бола туғилган оила мотам тутар ва кейинчалик ор-номус ва иқтисодий қийинчиликка сабаб бўлмасин, деб қизни тириклайин кўмиб юборилар эди.
Қуръони Карим бу одатларни қаттиқ қоралади ва ман қилди. Мусулмон оилаларда қиз бола туғилса, ўғил бола туғилгандан кўра кўпроқ хурсанд бўлиш жорий қилинди. Қизларни яхшилаб тарбия қилганларга ўғил болаларни тарбия қилганларга берилгандан кўра кўп ваъдалар берилди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг учта қизи бўлса-ю, у уларнинг хархашаларига, оғирликларига сабр қилса, Аллоҳ уни уларга кўрсатган раҳми туфайли жаннатга киритур», дедилар.
Бир киши:
«Иккита қизи бўлса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўради.
«Иккита қизи бўлса ҳам», дедилар.
Бир киши:
«Биттта бўлса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўради.
«Битта бўлса ҳам», дедилар».
Яна бир ривоятда: «ёки уч синглиси бўлса-ю», деб келган.
Қизларнинг тарбияси, таълими ва маданияти ҳамда, яшаб, ўсиши учун зарур бўлган ҳар бир нарса отанинг зиммасидаги фарздир. Ота бу фарздан фақат қиз турмушга чиққанидан кейингина озод бўлади, чунки энди бу фарз эрнинг зиммасига ўтган бўлади. Отаси ёки эри йўқ аёлнинг нафақаси акаси ёки унинг ўрнини босувчи бошқа шахсларга вожиб бўлади. Умуман, Исломда аёл киши нафақасиз қолиши мумкин эмас. Қизнинг нафақаси отага, хотинники эрга, сингилники ака-укага, онаники ўғилга вожиб бўлади.
Ислом аёл кишига таълим олиш ва маданий савиясини ошириш ҳаққини берди ва эркакларни бу ишга масъул қилди. Илм талаби эркак-аёлга баробар фарзлигини, қизларига ва сингилларига таълим-тарбия берган киши жаннатга ҳақли бўлишини яхши биламиз. Аммо ушбу иш чўри аёлларга ҳам тегишли эканини ҳаммамиз ҳам билмасак керак.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қай бир кишининг ҳузурида жория бўлса-ю, у унга яхшилаб таълим берса, яхшилаб одоб берса ва сўнгра озод қилиб, унга ўзи уйланса, унга икки ҳисса ажр бўлур», деганлар.
Демак, чўри қизга яхшилаб илм ва маданият ўргатишнинг ажри уни чўриликдан озод қилиш ажрига тенг экан.

ТИИ Модуль таълим тизими, Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра”

жоме масжиди имом хатибиСуфиев Жаъфархон

Read 1240 times

Мақолалар

Top