Мақолалар

Ҳақнинг розилиги ота-она розилигида
 

Бозорда эдик. Сотувчиларнинг қўли-қўлига тегмайди. Шу пайт навқирон йигит кекса отаси­га: “Да­да, имилламасдан тез-тез ўлчаб бер­майсизми, одамлар кутиб қоляпти. Ортиқча юк бўл­дингиз-да. Ундан кў­ра ўғлимни олиб келсам бўларкан”, деди. Унинг отасига қилган бу муома­ласидан музлаб қолдим.

Афсус, ота-онаси­нинг қадрига етмай, беҳурмат қи­ладиган бундай инсонлар ҳаётда учраб туради.

Қуръони каримнинг йигирмага яқин оятида ота-онага яхшилик қилиш бую­рилган. Жумладан, Ис­ро сурасининг ٢٣-оятида бундай дейилади: «Раббингиз Унинг Ўзи­гагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қи­лишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига ет­салар, уларга “уфф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!»

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам огоҳлантирганлар: “Аллоҳ таолонинг розилиги – ота-онанинг розили­гида, Унинг ғазаби эса ота-онанинг ғаза­бидадир (Имом Табароний ривояти)

Бугун орамизда ота-онасини норизо қила­ётган, уларнинг ғазабига қолаётганлар оз эмас. Бундай кишиларнинг юриш-туриши, ҳаётида ҳаловат йўқ. Топиш-тутишида барака бўлмай, ҳаётдан нолиб ўтади. Лекин иши юришмасли­гию бири икки бўлмаётгани сабабини англаб ет­майди. Зеро, қачон ота-она рози, дуода бўлса, фарзанднинг бахти иқболи кулади. Уларга ях­шилик қилган кишини Аллоҳ ҳам суяди ва ундан марҳаматини дариғ тутмайди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Мен На­бий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё Расулуллоҳ, қайси амал Аллоҳ­га энг суюмли?” деб сўрадим. У зот: “Вақтида ўқилган намоз”, дедилар. “Кейин қайси?” дедим. “Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар (Мут­тафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– Она-отасининг юзига марҳамат билан боққан кишига ҳаж ва умранинг савоби ёзи­лади, – дедилар.

– Кунда минг марта боқса ҳам шундайми? – деб сўрадилар.

Кунда юз минг марта боқса ҳам– де­дилар (Имом Байҳақий ривояти). 

Бошқа бир ҳадисда Онҳазрат:

Албатта, Аллоҳ таоло карами кенг, улуғ зотдир ва ажру савобларини яхши бандаларидан дариғ тутмагай, – деб жавоб бердилар (Имом Байҳақий ривояти)

Албатта, ота-она – тенгсиз давлат. Улар­­нинг борлиги, дуолари ҳамда хур­сандчиликлари қалбларимизга, хонадон­ларимизга барака, нур олиб киради. Ризо­ликлари эса ризқи­миз бутунлиги, умримиз узунлиги ҳам­да мушкулларимиз осон, ғаму ташвиш­лардан фориғ бўлиши­мизга боис бўлади. Шунинг учун ҳам фарзанд ота-онасини асраб-авайлаши, ширин сўзлар билан уларнинг кўнглини кў­тариши, агар кексалик ёшига етган бўлсалар, барча инжиқликларига чидаши керак. Ана шунда фарзанд муродига етади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ри­воят қилинади. Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир мусулмоннинг ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади, деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Ибн Можа ривояти).

Ота-оналаримизни рози қилиб, дуо­ла­рини олиб яшаш ҳаммамизга насиб этсин.

Камолиддин ҳожи ЖАМИЛОВ,

Сариосиё тумани

 
Read 1203 times

Мақолалар

Top