Мақолалар

Дунёнинг моли

Бир олим зот бор эди. Ўзи мадрасада талабаларга дарс берар, билимини бошқаларга улашарди. Айни замонда унинг одамлари турли ўлкаларда карвонда мол олиб бориб, тижорат қилишарди. У зотнинг тирикчилиги асли тижорат ортидан эди. Бир куни толиби илмларга маъруза ўқиркан, унинг бир ходими мадрасага кирди ва бундай деди:

– Ҳожам, хабар келди. Карвонингизга қароқчилар ҳужум қилибди, мол-мулкингиз талон-тарож бўлибди...

Олим зот бир муддат сукут сақлагач, юзига табассум югурибди...

Орадан бир неча кун ўтиб, дарс чоғи яна бояги ходим шошганича кириб келибди, хожасига хушхабар етказибди:

– Хожам, аввал келган хабар нотўғри экан, қароқчилар ҳужумига учраган карвон бошқа экан. Сизнинг карвонингиз ҳам омон, молингиз ҳам...

Олим зот бир дақиқалик сукутдан сўнг яна табассум қилибди.

Қувончили онда ҳам, қайғули дамда ҳам устозларининг ўзини бир хил тутиши, табассум қилиб қўйиши талабаларнинг диққатини тортибди. Шунда олим зотга савол беришибди:

– Устоз, маъзур тутинг... бироқ ҳолингиз ҳикматини билмоқчимиз. Аввал сизга қайғули хабар келтирдирлар. Мол-мулкингиздан ажралганингизни айтишди. Сиз кулиб қўйдингиз. Энди эса шодлансангиз арзийдиган муждани айтишди. Бироқ сиз яна аввалгидек ним табассум қиляпсиз. Бунинг ҳикматини бизларга англатсангиз?

Шунда олим зот бундай жавоб қайтарди:

– Карвонингиз ҳужумга учради, мол-мулкинингих талон-тарож қилинди, деган хабарни олганимда, қалбимнинг овозига қулоқ тутдим. Келиб кетадиган дунё молини деб, хафа бўляпманми, деб сўрадим ўзимдан. Ахир дунёнинг моли дунёда қолади. Қарасам, қалбимда зарра қадар хафагарчилик йўқ. Ҳурсанд бўлиб, шукр қилдим, мамнун бўлдим.

Кейин қароқчилар ҳужумига урчаган карвон меники эмаслиги, молим омон эканлиги хабарини олганимда яна қалбимга боқдим. Шунда қабрда менга ҳамроҳлик қила олмайдиган мол дунёга эгалигим учун мамнунманми, дея ўзимни тафтиш қилдим. Қалбимда қувон ва севинч йўқлигини кўриб, шукр қилдим, яна жилмайдим.

Жалолиддин Румий хазратлари жуда чиройли гап айтганлар: Дунё ҳаёти худди тушга ўхшайди. Дунёда бойликка эришиш, тушда хазина топишдек гап... Дунё молини дея инсонлар ўзларини ҳар чўққа урадилар. Аммо дуёнинг моли улардан кейин ҳам дунёда қолади...”

Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.

Read 937 times

Мақолалар

Top