Мақолалар

Аллоҳ биз билан бирга

Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз! Эй, имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир (Бақара, 152-153).

Саид ибн Жубайр айтади: “Зикр – Аллоҳ таолога итоат қилишдир. Ким тасбеҳ, таҳлил, Қуръон қироатини кўп қилсада Аллоҳ таолони эслмаса, у Аллоҳга итоат қилмабди”. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳга итоат қилса Аллоҳ таолони зикр қилган бўлади. Агар унинг (нафл) намози, рўзаси ва Қуръон тиловати кам бўлса ҳам. Ким гуноҳ қилса, Аллоҳ таолони унутган бўлади. Агар унинг (нафл) намози, рўзаси ва Қуръон тиловати кўп бўлсада”, дедилар (Имом Байҳақий).

Бир киши Абу Усмонга “Аллоҳ таолони зикр қиламиз, лекин қалбимизда ҳаловатни сезмаймиз”, деб савол берди. Абу Усмон: “Аллоҳ таоло битта аъзойингни тоат билан зийнатлаб қўйганига ҳамд айтгин”, деди.

Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) айтади: “Бандаларни Аллоҳ таолонинг азобидан нажот топишига Аллоҳ таолони зикр қилишдан ўзга амал йўқ”.

Яхшиликни билиб, у ҳақида гапириш шукрдир. Шукр луғатда “зоҳир қилиш”, “очиқ-ойдин қилиш”, каби маъноларни англатади. Банданинг Аллоҳ таолога мақтов айтиши ва берилган неъматларни эътироф этиб, тоат-ибодат қилиши шукрдир. Шунингдек, банда берилган инъомларга тил ила шукр, қалб билан иқрор қилади.

Шукр неъматларнинг зиёда бўлишининг омилидир. Банда берилган неъматга шукр қилса Аллоҳ таоло уни кўпайтириб беради. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

“Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман” (Иброҳим, 7).

Гарчи ушбу оятда шукр қилиш ва ношукрлик оқибатлари Исроил авлодига қарата айтилган бўлса-да, лекин унинг ҳукми умумий бўлиб, то қиёматга қадар келадиган барча инсонларга тегишлидир. Шукр қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, балки ўзидаги моддий ва маънавий неъматлар ҳақида кўп мулоҳаза қилиш, улар берилган тақдирда қандай ҳолатда бўлишини тасаввур этиш, ўзидан қашшоқ, қийналган кишиларни ёдга келтириш инсонни ўзидаги неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Бу иши инъом этувчига ҳам манзур бўлади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Аксинча, ношукрлик, нонкўрлик каби ҳолатлар инъом этувчида нафрат ва ғазаб пайдо бўлишига олиб келади. Натижада берган неъматларини қайтариб олиш ёки бошқа офат ёхуд мусибатларга дучор қилиш йўли билан жазолаши жоиз бўлиб қолади.

Ношукрлик инсонлараро муносабатларда ҳам ўзининг салбий натижаларини беради. Яхшиликни қадрлаб, имкони бўлса қайтариш айнан олижанобликдир (Шайх Абдулазиз Мансур).

Аллоҳ таоло бандаларини сабр билан ёрдам сўрашга буюрмоқда. Чунки сабр ботиний амалларнинг оғирларидан биридир. Инсон нафснинг шаҳватларидан сақланишида сабр муҳим ўринга эга.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)га қўшнининг ҳақи тўғрисида савол берилганда: “Қўшнига озор бермаслик билан бир қаторда, унинг озорига сабр қилиш”, деганлар. Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажаришда ҳам, қайтарган ишларидан тийилишда  ҳам сабр ёрдам беради. Аллоҳ таоло бандаларини нафснинг шаҳватларидан тийилишга ва ибодатларга буюради. Бандалар бу ишларда ҳам сабрга муҳтож бўладилар. Инсон машаққатларни енгиб, сабр қилса, Аллоҳ таоло Ўз каломига мувофиқ бу банда билан бирга бўлади. Унинг ишларида ёрдамчи бўлиб дуоларини ижобат қилади. Банда солиҳ амалларни бажаришда бардавом, собит бўлса ва сабр қилса нажот топади. Чунки сабр инсоннинг қиёмат куни зафар қучиши учун омилидир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни намоз билан ёрдам сўрашга буюрди. Чунки намоз мўминларнинг руҳлари оламлар Раббисига кўтариладиган ва У Зотга муножат қилинадиган ибодатлар онасидир. 

Манбалар асосида

Баҳриддин ПАРПИЕВ

тайёрлади

Read 8948 times

Мақолалар

Top