Мақолалар

ИККИ МУҲИМ АСАР ва уларнинг бугунги кундаги аҳамияти

Илм – Аллоҳ таолонинг инсониятга ато этган бебаҳо неъмати. Бу неъматга мушарраф бўлганлар эса Аллоҳ таоло азиз қилган зотлардир.

Биринчи ренессанс даври бўлмиш биринчи минг йилликнинг сўнгги чораги ва иккинчи минг йилликнинг биринчи чорагида диёримизда илмнинг деярли барча соҳаларида ижод қилган буюк алломалар етишиб чиқди. Улардан бири Зоҳид Бухорийдир (в. 546 ҳ./1151 м.) У зотнинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Аҳмад Абу Абдуллоҳ Алоуддин Бухорий бўлиб, “Зоҳид” лақаби билан танилган.

Абу Саъд Абдулкарим Самъонийнинг айтишича, Муҳаммад ибн Абдурраҳмон фақиҳ, муфтий, усулий, мутакаллим фозил зот бўлган. Олим минг жуздан иборат тафсир таълиф қилган1. Афсус, ушбу китоблари бизгача етиб келмаган. Зоҳид Бухорий фиқҳни Абу Наср Аҳмад ибн Абдурраҳмон Рийғзамунийдан  ўрганди.

У зот “Ҳидоя” асари соҳиби Бурҳониддин Марғинонийнинг устозларидан биридир. Марғиноний у зотни шайхлари қаторида зикр қилиб, бундай деган: “Ўзлари билган саҳиҳ ҳадисларни ривоят қилишимга ҳамда ўзлари ижоза олган ва тасниф қилган китобларига ижоза ёзиб берганлар”3.

Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Бухорийдан бизгача етиб келган ягона асар “Маҳосинул ислам ва шароиъул ислам” (Ислом дини гўзалликлари ва Ислом шариати) китобидир. Асарда Ислом шариатида йўлга қўйилган амалларнинг гўзал жиҳатлари баён этилади. Жумладан, иймон, намоз, рўза, закот, ҳаж, никоҳ ва савдо, сулҳ, даъво каби фиқҳий бобларнинг ҳар бирига тўхталиб, дунёвий ва ухровий манфаатлари ҳақида сўз юритилган.

“Шуни билингки, биродарларим, дин илмини гарчи Чинда бўлса ҳам талаб қилмоқ фарздир! Узоқ жойдаги нарсани талаб қилган кишига, албатта, машаққат етиши аниқ. Шундай экан, аввало, талаб қилинаётган нарсадан етадиган манфаатни яхши билиб олиш лозим. Шунда бу йўлдаги машаққатни енгиш осон кечади. Кексайган чоғимда Ислом шариати гўзалликлари ҳақида изланишимга шу нарса туртки бўлди”, дейди муаллиф4.

Сўнгра “Иймон китоби” сарлавҳаси остида иймоннинг рукнлари бўлмиш тил билан иқрор қилиш, қалб билан тасдиқлашнинг ҳикматини шарҳлашга ўтади: “Тана аъзолари орасида энг шарафлиси (тил)ни энг шарафли калима (иймон килимаси)ни айтиш учун ишлатиш лозим. Чунки бу сизни ушбу аъзо билан гапирадиган қилиб қўйгани эвазига Аллоҳ таолога айтган ҳамдингиз бўлади. Зеро, У сизни беминнат яратди, ризқ берди ва ҳидоят билан шарафлантирди. Унга қиладиган ибодатингиз эвазига эса, сизга кўп яхшиликлар ато этишни ваъда қилди. Агар Аллоҳ берган неъматларни санасангиз, адоғига ета олмайсиз...

Ҳар гал ушбу калом (иймон калимаси)ни айтган киши фарзни адо этганчалик савобга эришади. Уни (орада) тарк этса, гуноҳкор бўлмайди. Агар уни минг йил куфрда яшаган одам бир марта айтса, (куфр) туғёнидан ҳеч вақо қолмайди. Бас, шундай экан, агар мўмин одам айтса, албатта, унинг номаи аъмолидаги исёнларидан ҳеч вақо қолмайди. Демак, ширк учун каффорат бўлган нарса маъсият учун каффорат бўлиши аниқ”.

 * * *

Ушбу мавзуда қалам тебратган яна бир буюк ватандошимиз Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший (291 ҳ./903 м.) бўлиб, у зотнинг ҳам “Маҳосинуш шариъа” (“Ислом шариати гўзалликлари”) номли асари бор.

Бундан қарийб минг йил олдин ёзилган бу икки асарнинг бугунги кундаги аҳамияти жуда юқори. Сир эмас, XXI аср маданиятлар, урф-одатлар, ҳатто диний қарашлар ҳам бир-бири билан тўқнаш келаётган мураккаб давр бўлди. Ўз маданияти ва эътиқодида мустаҳкам тура олмаган жамият кишилари ёт ғоя ва маданиятларнинг қурбонига айланмоқда. Жумладан, Исломга қарши хуружлар кўпайди. Бир томондан Ислом ниқоби остида экстремистик ва радикал тоифалар динимизни ёмонотлиқ қилишга уринаётган бўлса, иккинчи томондан, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга туҳматчи карикатуралар нашр этиш, Қуръони каримни намойишкорона ёқиш каби қабиҳ ҳаракатлар шаклида динга ҳужум уюштирилмоқда.

Бузғунчи экстремисту радикаллар ва оммага Исломни олабўжи қилиб кўрсатишга уринаётган кучлар – шайтон лашкарлари, ёлғончилар, ахлоқи бузуқ беҳаёларга қарши Исломнинг асл ғояси эзгулик эканини тараннум этиш, унинг номидаги тинчлик маъносидан тортиб, шариат аҳкомлари замирида инсон манфаати, унинг дунё ва охират саодати ётганини баён этиб бериш айни муддао. Зеро, “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори замирида ҳам айнан шу мақсад ётибди. Ушбу эзгу ғояни самарали амалга оширишда буюк ватандошларимиз Зоҳид Бухорий ҳамда Қаффол Шошийнинг юқоридаги асарларидан муҳим манба сифатида фойдаланишимиз лозим.

 

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари

Read 919 times

Мақолалар

Top