Мақолалар

Саховат – иймоннинг қуввати

Шайх Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: «Ҳар бир мусулмон киши ўз фарзандига Аллоҳга иймон келтирмоқни таълим бермоғи вожиб бўлгани каби уларни сахийлик ва очиққўлликка одатлантирмоғи ҳам лозим. Зеро, динда бахилликдан кўра буюкроқ офат йўқ. Бахиллик феълида Аллоҳ таолога нисбатан бадгумонликдан бошқа нарса бўлмагани-да эди, шунинг ўзи ҳам ҳалокатга етарли бўларди. Саховатда эса, Аллоҳ таолога нисбатан ҳуснуззон, яъни яхши гумонлик бўлиб, у тамомий шарафдир. Чунки саховат билан иймоннинг қуввати зиёда бўлади. Иймон эса, диннинг аслидир. Шунингдек, саховат ила халойиқнинг қалбида муҳаббати ортади. Саховат туфайли бутун оламларнинг тилида мақталишга сазовор бўлади. Оқил зотларнинг асосий матлаби ҳам шудир.

Зеро, Халилуллоҳ Иброҳим алайҳиссалом ҳам Аллоҳ таолодан Хотамул анбиё Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматлари тилида мақталишларини сўраган эдилар:

“Яна мен учун (менинг ҳақимда) кейингилар ўртасида яхши гаплар пайдо этгин!” (Шуаро сураси, 84-оят).

Муфассирлар “яхши гаплар”дан мурод мақтовлар деб тафсир қилганлар. Дарҳақиқат, ҳар намоздаги салавотда у зотга мақтов айтиш жорий бўлиши ҳам шундан: “Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин кама соллайта ала Иброҳийма...” деб намознинг охирида салавот айтилади. Мана шу ҳам саховатнинг самараси ва садақанинг гўзал жиҳатидандир».

Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Бухорийнинг
“Маҳосинул ислом ва шароъиул ислом”
китобидан.

Read 1003 times

Мақолалар

Top