Мақолалар

“Болам, сени яхши кўраман...”

Кўпчилик ота-оналар фарзанд тарбиясида “осон” йўлдан борадилар. Яъни бола айтганини қилмаса, қаттиққўлликни афзал билиб, дўқ-пўписага ўтади. Ҳатто уриши ҳам мумкин.

Психологлар эса бундай тарбия усули энг нотўғри эканини таъкидлашади. Уларнинг билдиришича, бу йўлни тутадиганларнинг аксарияти болалигида кўп алам чеккан, калтакланган кишилар бўлар экан.

Болага илк қўл кўтарганингизда у, аввало, сизга бўлган ишончни йўқотади. Яъни ўзининг ҳимоячиси, нажот фариштаси деб билган яқини унга зулм қилмоқда. Бу гўдакнинг онгига қаттиқ таъсир этади. Агар бу иш яна такрорланса, болада ўзига бўлган ишонч йўқолади. “Мен ёмонман!” деган тушунча пайдо бўлади. Доимий қаттиқ назорат ва унга бўлган салбий муносабатлар ёлғизланиб қолишига ва ўзгалар билан алоқаси сусайишига олиб келади. Шунингдек, унинг шахсиятида шафқатсизлик шакллана бошлайди, яъни бети қотади. Бу эса бола тарбиясининг издан чиқишига олиб келиши ҳам мумкин.

Агар сиз қайсар, дилозор ўғил-қиз улғайтирган бўлсангиз, билингки, айбдор ўзингизсиз, яъни болаларингизни ёшлигида ҳурмат қилмагансиз, яхши кўришингизни айтмагансиз! Хўрланган, меҳр кўрмай улғайган боладан нима кутасиз?! Шундай экан, аввало, ўзингизни тўғриланг, фарзандларингизга жаҳлингизни кўрсатманг, аксинча, мулойимлик билан муомала қилинг.

Чунки динимиз ҳам киши мулойим, хушхулқ бўлиши кераклигини уқтиради. Ойша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ таоло Рафийқ (мулойим)дир, ҳар бир ишда мулойимликни яхши кўради”, деганлар (Муттафақун алайҳ).

Шундай экан, агар дилбандингиз яхши инсон бўлишини истасангиз, унга хуш муомалада бўлиб, доим меҳр беринг.

Келинг, шу ўринда тажрибадан ўтган бир тавсия билан танишиб чиқсак. Албатта, бу фарзандни тўғри тарбиялашда кўмак беради, деган умиддамиз. Бу сўзларни фарзандингизга тез-тез айтиб туринг:

– сени жудаям яхши кўраман;

– нима бўлишидан қатъи назар, ҳеч нимага қарамай, сени яхши кўраман;

– ҳатто мендан хафа бўлган пайтларинг ҳам сени яхши кўрганман;

– баъзида жаҳлим чиқса, мендан ранжима, сени уришиб қўйсам ҳам, барибир сени яхши кўраман;

– биздан узоқда бўлганингда ҳам меҳр-муҳаббатим ҳамиша сен билан бўлади;

– сенга раҳмат, болажоним;

– бугун сен билан ўйнаганим менга жуда ёқди;

– кун давомида энг эсда қоларли воқеа сен билан биргаликда бажарган ишимиз бўлди.

Бу каби сўзлар билан уни қанчалик яхши кўришимизни билдиринг. Зеро, доим меҳрли сўзлар билан улғайган бола эртага ўзи ҳам ўзгаларга, айниқса, ота-оналарга меҳрли бўлиб ўсади, иншоаллоҳ.

 Зуҳрахон ҲАМДАМОВА тайёрлади.

 

                                                                                                          

 

Read 1599 times

Мақолалар

Top