Мақолалар

“Биз ана шундай дўстмиз”

Қиёматли икки дўст бор эди. Уларнинг бири муғомбир, эпчил ва ҳаракатчан; иккинчиси эса содда, ҳалол ва хотиржам эди. Бир куни муғомбир дўст содда дўстининг ёнига бориб, ишларининг юришмай қолганини айтди-да, ундан ёрдамга пул сўради. Самимий дўсти унга қанча пули бўлса ҳаммасини берди.

У ишларини йўлга тушириб олди, орадан бир қанча вақт ўтиб яна дўстининг олдига келиб у унаштирилган қизни жуда ҳам ёқтиришини айтди ва дўстлигининг ҳурматини ўртага қўйиб ўша қиздан воз кечишини илтимос қилди. Самимий дўст бу гапларни эшитиб ҳайратга тушди. Аммо қиздан кечмаса дўстликнинг шартини бажара олмагандек бўлди-да, унинг айтганини қилиб унаштирилган қизидан воз кечди.    Орадан кўп ўтмай, самимий дўстнинг ишлари тескари кетди. У қийналган вақтларда яхшилик қилган эдим, албатта, у ҳам менга ёрдам қилади, деган ишонч билан дўстининг ёнига бориб, ундан ишга олишини илтимос қилди. Аммо у ишга олмади. Самимий дўст иш сўраб келганига пушаймон бўлиб ортга қайтди, аммо дўстига жаҳл қилиб, заҳрини сочмади.

Бир куни кўчада айланиб юрганда касалманд бир қарияни учратиб қолди. Қария фақир бўлгани боис дорихонадан керакли дориларни ола олмаганини айтди. Унинг қарияга раҳми келди, у билан бирга дорихонага бориб, унга керакли дориларни олиб уйига кузатиб борди ва дам олиш учун ўтириб бир оз суҳбатлашдилар.

Орадан кўп ўтмай, ўша қариянинг вафот этганини эшитди. Аён бўлишича, қария жуда ҳам бой одам бўлган экан ва бутун меросини унга хатлаб қолдирибди. Содда дўст энди бой бўлиб қолди. Дўстига бўлган гинаси юзидан унинг ишхонасига яқин жойдан уй сотиб олиб, ўша уйда яшай бошлади.  У ишларининг зўр бўлиб кетганини, тавалло қилиб борганида уни ишга олмаган дўстининг ҳар куни кўриб туришини истар эди. Бир куни эшигини бир тиланчи аёл тақиллатди. Кекса аёл, жуда ҳам оч ва беҳол эди, ундан бирор егулик беришини илтимос қилди. Самимий дўст дарҳол аёлни уйга олиб кириб қорнини туйдирди. Унинг кимсасиз эканини эшитгандан сўнг мен ҳам ёлғизман, иккаламиз она-бола бўлиб бирга яшайверамиз, сиз уйнинг ишларини қиласиз, овқат пиширасиз, деди. Аёл ҳеч иккиланмасдан рози бўлди.

Бир неча ой шундай яшаганларидан кейин аёл унга яхши қиз топиб уйланиши лозимлигини айтди. Самимий дўст бундай қизни қандай топишини, танишлари йўқлигини айтди. Кекса аёл ажойиб бир қиз борлигини, истаса уларни учраштириши мумкинлигини сўзлади. Йигит қиз билан учрашгандан сўнг унга дарҳол кўнгил қўйди ва уйланишга қарор қилди. Тўй тараддуси бошланиб кетди, таклифномалар тайёрланди. Ранжиб юрган бўлса-да, дўстини сира ҳам унута олмаётган эди, унга ҳам таклифнома юборди. Тўй куни ҳам етиб келиб шодиёна бошланди. Меҳмонлар ўйин-кулги қилаётган чоқда куёв қўлига микрофонни олиб гап бошлаб қолди:

– Илгарироқ жуда ҳам яхши кўрган бир дўстим бор эди. Ишлари юришмай қолиб мендан қарз сўради. Қўлимда қанча пулим бўлса ҳаммасини бердим. Унаштирилган қизимни ёқтириб қолганини айтди, дўстлигимизнинг ҳурмати дея қиздан ҳам воз кечдим. Аммо ўша чоқда ичим қонга тўлди, кўзларимни яшириб йиғладим. Аммо унга асло сездирмадим. Чунки дўстликнинг шарти шундай бўлади, деб тушундим, Менинг бахтимни олгани учун хижолат бўлмасин дедим. Вақти келиб менинг ишларим тескари кетганда иш сўраб унинг фабрикасига бордим. У менга иш бермади. жуда ҳам хафа бўлдим. Аммо дўстимга жаҳл қилмадим, Негаки, биз ҳақиқий дўст эдик.

Бу таъналарни эшитган эпчил дўст чидай олмасдан югуриб саҳнага чиқди, дўстининг қўлидан микрофонни олиб бундай деди:

– Менинг ҳам бир замонлар жуда яхши кўрадиган бир дўстим бор эди. Ишларим юришмай қолиб ундан қарз сўрадим. Ҳамма пулини менга берди. Сўнгра ундан унаштирилган қизини сўрадим. малолланиброқ унаштирилган қизидан ҳам кечди.  У қиздан воз кечишини сўраганимнинг сабаби у дўстимга лойиқ эмас эди, сатанг аёл эди. Ўзи ниҳоятда пок тийнатли бўлгани боис дўстимни ана шу сатангнинг тузоғига тушишдан ана шу йўсинда ҳимоя қилдим. Ишлари юришмай қолганда келиб мендан иш сўради. Аммо бу мумкин эмас эди – дўстимни амримнинг остида ишлата олмас эдим. Шунинг учун унга иш бермадим. Кунларнинг бирида учратиб қолгани кекса чол менинг отам эди, отамнинг дарди оғир эди, ўлими яқинлашиб қолган эди. Уни дўстимнинг ёнига мен юбордим, меросини унга мен қолдиртирдим. уйига келган тиланчи аёл эса менинг онам эди, Дўстим уйида ёлғиз қийналиб қолмасин, иссиқ-совуғидан хабар олиб турсин деб онамни жўнатдим ва ҳозир у уйланаётган  қиз менинг синглим. Унинг синглимга  уйланишини мен уюштирдим. Биз ана шундай дўстмиз.

Туркчадан Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди

 

Read 7009 times
Tagged under

Мақолалар

Top