Мақолалар

Аҳли сунна вал жамоанинг ўн аломати

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам фирқалар кўпайган пайтда мусулмонларнинг катта жамоасини лозим тутишни таъкидлаб: “Агар ихтилофни кўрсангиз, катта қора (жамоа)ни лозим тутинг”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).

Бу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли сунна вал жамоани назарда тутганлар. “Аҳли сунна вал жамоа” арабча ибора бўлиб, “Суннатга амал қилувчи ва жамоатга эргашувчи кишилар” деган маънони англатади. Аҳли сунна вал жамоа – Ислом тарихининг барча даврларида мусулмонларнинг катта қисмини ташкил қилган. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва хулафои рошидинлар – Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳумнинг суннатларини маҳкам ушлаганлар. Улар саҳобалар, тобеинлар ва тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб имомлари йўлларига эргашган жамоадир.

Аҳли суннанинг ақоид бобида мазҳаббошилари Имом Ашъарий ва Имом Мотуридий экани маълумдир. Бу ҳақда Имом ибн Ҳажар Ҳайтамий: “Суннатдан мақсад – аҳли сунна вал жамоа имомлари Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий тутган йўлдир”, деган.

“Фатаво ал-ҳужжа” китобида аҳли сунна вал жамоанинг ўнта аломати борлиги зикр қилинади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «“Қайси бир мўмин аҳли сунна вал жамоадан бўлса, унинг ҳар бир босган қадамига Аллоҳ ўнта савоб ва ўнта даражот ёзади. Шунда асҳоблар сўрашди: “Эй Аллоҳнинг расули, унинг аҳли сунна вал жамоадан эканининг аломати нима?” Набий алайҳиссалом: “Унинг аҳли сунна вал жамоадан эканининг ўн аломати бор, кимда шу ўн аломат топилса, у аҳли сунна вал жамоадан бўлади. Булар: беш вақт намозни жамоат билан ўқишга ҳарис бўлиш, бирор саҳобани ёмонлик ва камчилик билан ёд этмаслик, ўз подшоҳига қарши қурол кўтармаслик, иймонидан шак ва гумонга тушмаслик, бошига тушган ҳар яхши ва ёмон ишни Аллоҳнинг тақдиридан деб қабул қилиш, аҳли қибла бўлган кишининг жанозасига қатнашмоқни лозим деб билиш, динда мужодала қилмаслик, тортишмаслик, аҳли қибла, яъни мусулмонларни куфрда айблаб сўкмаслик, сафар ва ҳазарда (шартлари топилган) маҳсига масҳ тортишни жоиз деб билиш ҳамда солиҳ ёки фожир деб билинган кишининг ортидаги намозни жоиз деб ҳисоблаш (аҳли сунна вал жамоанинг) аломатларидандир”, дедилар.

Дунё мусулмонларининг асосий кўпчилиги аҳли сунна вал жамоададир. Тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаблар – ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларидаги барча мусулмонлар аҳли сунна вал жамоадирлар.

Афсуски, ҳозирда баъзи бузғунчи мазҳабсизлар ҳам ўзларини аҳли сунна вал жамоадан деб билади. Аммо улар аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг имомларини “адашган” деб турли иғволар тўқиб, кишиларни тўғри йўлдан чалғитади. Уларнинг бу ҳийлаларидан огоҳ бўлиш, мазҳабимизни мукаммал билиш ҳар бир мўминнинг бурчидир.

Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби

Read 892 times

Мақолалар

Top