Мақолалар

Покиза қалбларга доғ туширмайлик

Ота-оналар тортинчоқ, ўз фикрини айтолмайдиган фарзандини мактабга, боғчага берганида: “Болаларга қўшилса, яхши бўлиб кетади”, дейишади. Чиндан ҳам болалар мана шундай вазиятларда киришувчан бўлиб кетадими?

Болаларнинг мактабга боришни истамасдан турли баҳоналар қилиши кўпинча жаҳлимизни чиқаради. Бундай вазиятда фарзандимизга танбеҳ бериб, уни дангасаликда айблаймиз. Бироқ унинг ҳолатини тушунишни, ички оламини ўрганишни истамаймиз. Балки соғлиғида муаммо бордир.

Агарда эрталаб болангиз бош оғриғи ва қорин оғриғидан шикоят қилса, уйқуси ёмон, иштаҳаси йўқ ва ўйчан бўлиб, гапингизни баъзан эшитмай қолса, вазият ёмон эканини англатади. Айниқса, укаларига ғазаб қилиши, тез-тез жаҳли чиқиши унга сизнинг эътиборингиз камлигидан, муаммоларини ўзи ҳал қила олмаётганидан далолат беради.

“Мактабдаги муаммолардан қутулишнинг йўли бу – мактабни ўзгартириш”, дея шошилманг. Сабаби, бу вазият мактабдаги ҳолат билан эмас, болангиз билан боғлиқ.

Аслида, болалар билан катталар каби гаплашиб, муносабатни яхшилашга ҳаракат қилиш керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир гўдак, албатта, тоза фитратда (яъни Ислом фитратида) туғилади. Лекин ота-онаси уни ё яҳудий, ё насроний, ё мажусий қилади. Бунинг мисоли шуки, чорва ҳайвони барча аъзолари мукаммал бўлган ҳайвонни туғади. Ёки сизлар қулоқ-бурни кесилган ҳолда туғилган ҳайвонни биласизларми?!” дедилар.

Бола тарбиясида оиладаги муҳитнинг ўрни катта. Суриштирсангиз, мактабда турли муаммоларга учраган, ўзлаштириши паст болаларнинг оиласида носоғлом муҳит бўлади. Ота-она боласига бақириб, ҳақорат қилса, урса, унинг руҳиятига салбий таъсир қилади. Унда қўрқув шаклланади. Оқибатда қўрқоқ бўлиб қолади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таолодан қўрқинглар ва болаларингизга адолат қилинглар», деганлар (Имом Муслим ривояти).

Фарзандимиз олдида ўзимизни ахлоқсизларча тутишимиз мўминликдан эмас. Айниқса, аёллар кўп ҳолларда эри ёки қайнонасининг аламини боласидан олади. Қолаверса, эркаклар орасида ҳам болага заҳрини сочиш, уни камситиш ҳолатлари учрайди. Баъзилар эса “Менинг болам – истаганимни қиламан” деган тор тушунчани ўзларига дастак қилиб олишган.

Дарҳақиқат, бугун болаларимизга нисбатан қилаётган эътиборсизлигимизнинг жавоби, эртага уларнинг бизга бўлган меҳрсизлиги тарзида қайтмайдими? Вақтимизни телефон ёки телевизор қаршисида ўтказсак, дунёни билишга интилаётган боламизни “Жим ўтир, бор ўйна!” дея ўзимиздан узоқлаштирсак, унга меҳр бермасак. Эртага у ким бўлади? Бунинг ўрнига у билан бирга эртак ўқиб, кино, мультфильмлар кўриб, уларни таҳлил қилайлик. Вақтимизни фарзандимизга сарфлайлик.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло Қуръони каримда яхши бандаларни “аброр” деб мақтади, чунки улар оталарига яхшилик қилганларидек, болаларига ҳам яхшилик қилган эдилар. Сенинг бўйнингда отангнинг ҳаққи бўлганидек, болангнинг ҳам ҳаққи бор”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Барчамизга фарзандларимизнинг ҳаққини гўзал адо этиб, Аллоҳ ризосига эришиш насиб этсин.

Умида ХОЛОВА,
Навоий вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

"Ҳидоят" журналининг 12-сонидан олинди

Read 824 times

Мақолалар

Top