Мақолалар

Ўзим-ўзим…

Ўзга шаҳарлардан бирида одамлар болаларни қизиқтириш учун бир ўйин ташкил қилишибди. Ўнта болани йиғиб, ўртага тўққизта стул қўйишибди ва болаларга айтишибдики: “Стулга ўтиришга улгуриб қолган бола ютади, кимда ким стулсиз қолиб кетса ўйиндан чиқади”.

Кейин ҳар сафар битта бола чиққанда битта-битта стулдан камайтириб боришибди. Охири битта бола қолибди ва унинг ғалабасини эълон қилишибди.

Натижада болалар бу ўйиндан “Ўзим-ўзим” дейишни ўрганишибди ва “Демак ютишим учун бошқаларни чиқариб юборишим керак экан” деган тушунчани ўзларига сингдиришибди.

Яна бошқа бир ихтисослаштирилган мактабларида худди шу стул ўйинини болаларга бошқача тарзда ўйнатишар экан. Болаларга айтишарканки: “Сизларнинг сонингиз стуллар сонидан кўп, агар бирорта бола стулсиз қоладиган бўлса ҳамма ютқазган ҳисобланади!”.

Натижада ҳамма бола бир-бирини бағрига олишга ҳаракат қилар экан, токи ўнта бола тўққизта стулга жойлаша олиши учун.

Ҳар гал стеллар сонини биттага камайтириб борилар экан, лекин қоида ҳали ҳам ўша-ўша: ҳеч ким стулсиз қолмаслиги лозим! Йўқса умумий мағлубият бўлади.

Бундай ўйин ортидан болалар “Муваффақиятга эришишда бошқаларга ёрдам бермасам, ўзим ҳам ғалааб қозонолмас эканман” деган хулосага келади.

Эгоистлар ҳақида битта шеър бор экан:

Дерман: Менга қиё боқмас булутлар,

Бир томчи ёмғирсиз қолсин бу юртлар!

Биз бу маданиятнинг натижаларини кўчаларда, умумий жойларда, навбат кутиш ўринларида яққол кўришимиз мумкин.

Бошқалардан ўзиб кетишнинг икки йўли бор. Биринчиси: рақибларни яксон этиш. Иккинчиси: улардан юқорироқ даражаларга, тараққиётда улардан ўзиб кетишга интилиш.

Доимо мақсадларингизни бошқаларга зарар бермаган ҳолда амалга оширишга ҳаракат қилинг!

Ўзини ўйлаш (манманлик ёхуд худбинлик) эгасини ишдан чиқарадиган вирусдир. Чунки бундай одам ҳеч ким унинг ютуғига шерик бўлишини хоҳламайди, аксинча бошқаларга ёмонлик, мағлубият тилайди. Ҳеч кимнинг фазилатини, яхшилик қилган одамнинг яхшилигини эътироф этмайди. Шунинг учун ҳам ўзини ўйлайдиган одам халойиқ орасида маҳбуб бўла олмайди!

Ўзини ўйлаш – инсон ҳар қандай манфаатни, хоҳ у моддий манфаат бўлсин, хоҳ бошқа дунёвий манфаатлар бўлсин, ўзига тўғирлаши ва бунга ўзини ҳақлироқ деб билиши демакдир. Ўзини бошқалардан шу даражада афзал кўрадики, бошқалар ҳақли бўлган нарсаларни ҳам улардан тортиб олиб, ўзига нисбатлаш илинжида бўлади.

Эгоизм (худбинлик) яна бир қанча сифатларни ўз ичига олади, масалан, ўзини бошқаларга ташлаш, одамларнинг бошига чиқиб олиш, атрофидаги ҳамма одамни гўё ўзининг хизматчиларидек ҳис қилиш. Бундай одам озини шу қадар яхши кўрадики, унга ҳеч қандай муҳаббат тенг кела олмайди.

Лекин хунбинлик билан ўзини яхши кўриш ўртасида фарқ бор. Чунончи, ўзини яхши кўриш, ўзи учун фойдали нарсаларни жалб этиш, зарарли нарсалардан ҳимояланиш инсоннинг табиатида бор. Бу нормал ҳолат ҳисобланади. Фақат бу яхши кўриш исломий қонун-қоидалар чегарасидан чиқиб кетмаса бўлгани.

Эгоистлик болаликда берилган хато тарбия сабабли юзага келади, масалан ҳадеб кўкка кўтариш, бошқалардан афзал қўйиб гапириш, юқорида зикр қилингандек хато ўйинлар ўйнатиш, ота-онадан бадхулқликнинг мерос бўлиб ўтиши ва ҳоказо.

Ибн Шубрума раҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар бир дўстингдан ёрдам сўрасанг-у, ҳожатингни раво қилиш учун ҳаракат ҳам қилмаса (лоақал бармоғини ҳам қимирлатиб қўймаса), таҳорат қилда, тўрт такбир айтиб унга жаноза ўқиб қўявер! Уни ўлган деб ҳисоблайвер”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

 

Read 1182 times

Мақолалар

Top