Cавол: Яқин танишларимга агар пул керак бўлиб қолса, пул бериб тураман. Ҳар доим ҳар хил миқдорда, масалан, 50 минг, 30 минг ва ҳоказо. Қайтараман дейишганида мен кўпинча бу пулларни олмайман. Чунки улар ижарада яшашади, овқатига ишлата қолсин, дейман. Бир ўртоғим “агар кимгадир пул бериб турсанг, уни олишинг шарт экан, йўқса гуноҳ бўлар экан, чунки бу қарз” деганди. Саволим шундан иборатки, агар улар менга пулни қайтармоқчи бўлишса, мен уни олишим шартми? Ёки олмасам ҳам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Қарзни кечмоқчи бўлган киши уни қўлига олиши шарт эмас. Ҳақдор киши берган қарзидан кечиши билан қарздорнинг зиммасидан қарз тушади.
Дарҳақиқат, қарзни қийналгандан ўтиб юбориш бу катта эҳсон. Бу борада ҳадисларда бундай дейилган. Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким камбағалга муҳлат берса ёки унинг қарзидан кечса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда Ўз Арши сояси остида уни соялантиради”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Унинг отаси яшириниб юрган қарздорни излаб топиб олди. Шунда у: “Қийналиб қолганман”, деди. Абу Қатоданинг отаси: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳга қасамки” деб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунининг машаққатларидан Аллоҳ таоло уни халос қилмоғи кимни хурсанд қилса, қўли калта кишига муҳлат берсин ёки уни қарзини кечсин” деяётганларини эшитганман”, деди (Имом Муслим ривояти).
Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.