Мақолалар

Ҳикмат тўла Байтуллоҳ

Аллоҳ таоло: «Эсланг, Байтни (Каъбани) одамлар учун зиёратгоҳ ва хавфсиз жой қилиб қўйдик...» (Бақара сураси, 125-оят), деб марҳамат қилади.

Ояти каримадаги مَثَابَةً сўзини муфас­сир уламоларимиз ҳам ҳаж, ҳам умрани адо этиш учун “қайта-қайта бориб тўймайдиган жой” деб таърифлашган. Аллоҳ таоло Икки Ҳарами шариф – Масжидул Ҳаром ва Мас­жиди Набавийни муқаддас жой қилди. Бу масканларга бормаган одамнинг армо­ни – боргунча, борган одамнинг армони – вафот этгунча. Яъни, бир марта борган одам қайта-қайта Каъбаи муаззамани, Рав­заи шарифни кўришни орзу қилаверади. Ҳар борганда ўзгача таассурот, ўзгача иб­рат, насиба олиб, катта ҳикмат билан ўз ватанига қайтади.

Алҳамдулиллаҳ, бу сафарги умра зиёра­тимиз ҳам ҳикматларга бой бўлди. Мадина шаҳрида шерикларимиз билан таксига ўтирдик. Таксичидан: “Хизмат ҳақи қанча бўлади?” деб сўрасак, у: “١٥ риёл бўлади”, деди. Биз у билан савдолашиб: “Ўн риёл берсак бўладими? Чунки бизда суннатга мувофиқ меҳмонга алоҳида илтифот, ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади, эъзозланади”, дедик.

Шунда ҳайдовчи: “Ундай демангиз. Мадина ва Макка шаҳарлари барча мусул­монларникидир. Бошқа юртлардан келган кишилар бу шаҳарларда меҳмон бўлмайди. Бу ерда улар ўзларини ўз юртларидагидек ҳис этишлари керак”, деди.

Бу сўзни кўп мулоҳаза қилдим. Бу биз англамаган ҳикмат экан.

Ҳақиқатан, Маккаю Мадина – барча мусулмонларники.

Нега?

Чунки Мадинаи мунавварада Пайғам­баримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Равзаи шарифлари бор. Бу шаҳар Расулуллоҳ туфайли улуғ бўлди, мунаввар масканга айланди. Набий алайҳиссалом барча мўмин-мусулмонларнинг пайғамбаридирлар. Биз ҳам қиёмат куни бошқа мўмин-мусулмон, бошқа уммат қатори Расулуллоҳнинг шафоатларига муҳтож бўламиз. Пайғамба­римизнинг зиёратларига борсак, ўзимизни ўз уйимиздагидек ҳис қилишимиз керак.

Маккаи мукаррама ҳам ҳамма мусулмон­ларники. Чунки Каъбаи муаззама Ер юзидаги барча мусул­монларнинг қибласи­дир. Аллоҳ таолонинг ибодатга лойиқ яккаю ягона Зот эканини билган, Расулул­лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам­нинг ҳақ пайғамбар экан­ликларига иймон келтирган киши борки, Байтуллоҳга қараб намоз ўқийди. Каъбаи муаззамадан бошқа томонга қараб ўқилган намоз дуруст бўлмайди.

Ҳар иккала шариф шаҳар ибратга тўла. Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррамада бўлган одам дунёда яшаётган барча мусулмон халқлар­ни кўради, улардан намуна олади. Ҳарами шариф ташқарисида бир инсонга кўзим тушди. Унинг икки оёғи ҳам йўқ, қўлларига суянган ҳол­да думбаси билан Каъба томонга сил­жиб борарди. Бироздан сўнг ҳам­роҳим ёнимга келиб, ҳалиги одам Каъбани тавоф қилиб юрибди, деди.

Кўз олдингизга келтиринг-а, но­гирон одам ҳеч кимнинг кўмагисиз Каъбатуллоҳга ошиқяпти, тисари­либ-тисарилиб Аллоҳнинг байтини та­воф қилмоқда...

Бу ҳолатни кўриб чидай олмадик. Чунки Аллоҳ таоло бизнинг оёқла­римизни, кўзларимизни, бутун та­намизни соғлом қилиб қўйди. Жис­мимизда қанчадан-қанча неъматлар мужассам. Лекин шу неъматларнинг шукрини ҳам маънавий, ҳам амалий жиҳатдан адо эта оляпмизми?

Ушбу саволларга “Ҳа” деб жавоб берсак, бера олсак, биз чинакам мў­минмиз, чинакам саодатли ва бахт­лимиз. .

Аллоҳ таоло барчамизга Ўз бай­тини такрор-такрор то Ўзи рози бўл­гунича зиёрат қилишни насиб этсин.

Салоҳиддин домла ШАРИПОВ,

Учтепа тумани “Ҳазрати Али” жоме

масжиди имом-хатиби


"Ҳидоят" журналининг 2024 йилги 2-сонидан олинди

Read 813 times

Мақолалар

Top